• Пт. Апр 17th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Ўзбекистон 2026 йилда молия секторини Базель стандартларига мослаштиришни режалаштирмоқда. Тафсилотлар


2026 йилда Ўзбекистон молия секторини Базель қўмитасининг Самарали банк назорати бўйича 29 та асосий тамойилига тўлиқ мослаштириш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда 11 декабрь, пайшанба куни бўлиб ўтган тақдимот якунлари бўйича президент матбуот хизмати хабар қилди.

Давлат раҳбарига қилинган тақдимотда таъкидланишича, сўнгги етти йилда тижорат банкларининг активлари 5,3 баробар ўсиб, 877 триллион сўмдан ошган. Мамлакатдаги банкларнинг сони 35 тага етиб, 2017 йилдан бери 3 та хорижий банк Ўзбекистонда фаолиятини йўлга қўйган.

Ўзбекистон илк бор Халқаро валюта жамғармаси ва Жаҳон банкининг Молиявий секторни баҳолаш дастурида (FSAP) иштирок этди, унда банк назорати, рискларни бошқариш, тўлов тизимлари, макропруденциал сиёсат ва инқирозларни бошқариш каби йўналишлар баҳоланди.

Баҳолаш натижаларига кўра, 2026 йилда Ўзбекистон молия сектори Базель қўмитаси стандартларига мослаштирилиши режалаштирилмоқда.

Бу мақсадда барча тижорат банкларида молиявий ҳисоботларни тўлиқ халқаро стандартлар асосида юритиш, Базель III стандартларини жорий қилиш, Ҳукумат ва Марказий банк иштирокида Молиявий барқарорлик кенгашини ташкил этиш вазифалари белгиланди.

Молиявий секторни баҳолаш

ХВЖ Молия секторини баҳолаш дастури (FSAP) доирасида Ўзбекистоннинг банк назорати самарадорлигини таъминлашга қаратилган Базель асосий тамойилларига риоя этилиши бўйича батафсил ҳисобот тайёрлади. Ҳужжат 2025 йил май ҳолатига оид маълумотларга асосланган.

Ўзбекистонда банклар фаолиятини тартибга солиш ва назорат қилиш тизими Базель қўмитасининг Самарали банк назорати бўйича 29 та асосий тамойилидан 4 тасига «мувофиқ» ва 16 тасига «сезиларли мувофиқ» деб баҳоланди. 9 тасига эса «cезиларли номувофиқ» деб топилди.

Манба: Марказий банк

ХВЖ экспертлари сўнгги йилларда Ўзбекистон Марказий банки томонидан тартибга солиш ва назорат кучайтирилганини, жумладан, хавфга йўналтирилган ёндашув элементлари жорий этилгани ва бир қатор норматив ҳужжатлар янгиланганини қайд этмоқда. Шу билан бирга, айрим тамойиллар бўйича назорат тизимида камчиликлар сақланиб қолмоқда.

ХВЖ баҳолашига кўра, Марказий банкнинг де-юре мустақиллиги Конституция ва «Марказий банк тўғрисида»ги қонунда мустаҳкамлаб қўйилган, бироқ амалда у чекланган. Пруденциал сиёсатни шакллантиришга бошқа давлат органлари таъсир кўрсатади: айрим норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар Савдо-саноат палатаси билан келишувни талаб қилади, Адлия вазирлиги эса ҳужжатларни нафақат техник, балки бошқа асослар билан ҳам рўйхатдан ўтказишни рад этиши мумкин. Бундан ташқари, Марказий банкка ривожлантириш дастурларини амалга ошириш вазифалари ҳам юклатилган бўлиб, экспертлар фикрича, бу унинг операцион мустақиллигини пасайтиради.

Алоҳида қайд этилишича, банклар тўғрисидаги қонун Марказий банкка банк гуруҳларининг она компаниялари ва аффилланган тузилмалари фаолиятини таҳлил қилиш орқали уларнинг банк барқарорлигига таъсирини баҳолаш бўйича аниқ ваколатлар бермайди. Консолидациялашган назорат ҳозирча жорий этилмаган: талаблар асосан алоҳида банклар даражасида қўлланади, банк гуруҳлари устидан назорат тўғрисидаги низом эса ишлаб чиқиш босқичида қолмоқда.

ХВЖ корпоратив бошқарув ва хавфларни бошқариш тизимидаги бўшлиқларга ҳам эътибор қаратади. Марказий банкда инқироз ҳолатида банклар фаолиятини тиклаш бўйича расмийлаштирилган режаларга талаблар мавжуд эмас, капитал етарлилигини ички баҳолаш тартиб-таомилларига қўйилган талаблар эса ихтиёрий характерга эга.

Кредит хавфи қисмида экспертлар расмий даромадга эга бўлмаган уй хўжаликларига берилган ипотека кредитлари улуши сақланиб қолаётгани, уй-жой бозорида қизиб кетиш белгилари, шунингдек, автокредитлашнинг жадал ўсишини қайд этган.

Ҳисобот юритиш билан боғлиқ муаммолар ҳам заиф жиҳатлар сифатида келтирилган. Пруденциал ҳисобот консолидациялашган эмас, балки индивидуал асосда йиғилади ва тўлиқ халқаро стандартларга эмас, ички ҳисоб қоидаларига таянади. Марказий банк иқлим ўзгариши билан боғлиқ молиявий хавфларнинг аҳамиятини баҳолашга имкон берувчи маълумотларни йиғмайди, барча банклар эса ўлчами ва бизнес моделига қарамасдан бир хил ҳажмда маълумот тақдим этишга мажбур.

Экспертларнинг қайд этишича, эълон қилинган «Базель III» стандартларига ўтиш тўлиқ амалга оширилмаган: капитални аниқлаш ва хавф бўйича оғирлаштирилган активларни ҳисоблаш Базель методологиясидан фарқ қилади. Хусусан, капитал инструментларининг айрим турларида триггер ҳодисалар юз берганда ҳисобдан чиқариш ёки конвертация механизми назарда тутилмаган, айрим активлар эса халқаро ёндашувларга нисбатан камроқ хавф билан баҳоланади.

Бошқа эътирозлар қаторида банк кураторлари ролининг етарлича расмийлаштирилмагани (куратор банк аъзоси ҳисобланмайди, аммо кузатувчи сифатида бошқарув йиғилишларида қатнашиши мумкин), кўрсатмалар бажарилишини тизимли мониторинг қилиш механизмининг йўқлиги, муаммоли активлар таърифининг торлиги, шунингдек, алоқадор шахслар билан тузилган битимларнинг, жумладан, давлат банкларида давлат корхоналари билан битимларнинг етарлича акс эттирилмаслиги кўрсатилган.

Шу билан бирга, ХВЖ Марказий банкнинг миллий ва хорижий регуляторлар билан ҳамкорлик қилиш бўйича ҳуқуқий базаси ривожланаётганини, хавфга йўналтирилган назорат бўйича қўлланмалар янгиланганини, шунингдек, корпоратив бошқарув ва жиноий йўл билан олинган даромадларни легаллаштиришга қарши кураш бўлимлари функциялари кучайтирилганини ижобий баҳолайди.

Тавсиялар

Фото: Шуҳрат Латипов / GazetaФото: Шуҳрат Латипов / Gazeta

Асосий таклифлар қаторида Ўзбекистон Марказий банки мустақиллигини мустаҳкамлаш алоҳида ўрин тутади. ХВЖ экспертлари Марказий банкнинг давлат ривожланиш дастурларини амалга оширишда иштирок этиши унинг операцион мустақиллигини заифлаштириши мумкин бўлган нормаларни истисно этиш, шунингдек, бошқа органларнинг пруденциал нормативлар қабул қилинишига таъсир кўрсатиш имкониятларини чеклашни тавсия қилади. Хусусан, МБнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини Савдо-саноат палатаси билан келишиш талабини бекор қилиш, Адлия вазирлиги томонидан уларни рўйхатдан ўтказишни рад этиш асосларини эса чеклаш таклиф этилмоқда.

Тавсияларнинг алоҳида блоки Марказий банкнинг ички бошқарувига тааллуқли. ХВЖ қонунчиликда бошқарув аъзоларининг касбий лаёқати ва бенуқсон ишбилармонлик обрўси мезонларини белгилаш, мустақил аъзоларга нисбатан талабларни жорий этиш (жумладан, депутат ёки ҳукумат аъзоси мақоми билан қўшиб олиб боришни тақиқлаш), шунингдек, Марказий банк раиси лавозимидан озод этилган ҳолларда сабабларни ошкора эълон қилиш мажбуриятини киритишни таклиф қилмоқда.

Шунингдек, банк сектори ислоҳотлари стратегияси ижроси бўйича натижаларни мунтазам ва оммавий тарзда сарҳисоб қилиш, назорат устувор йўналишларини эса доимий равишда янгилаб бориш тавсия этилган.

ХВЖ консолидациялашган назоратни жадал жорий этиш зарурлигини таъкидлайди. Марказий банкка банк гуруҳлари чегараларини аниқлаш, консолидациялашган ҳисоботни жорий этиш, гуруҳ даражасида пруденциал талабларни белгилаш ҳамда она компаниялар ва аффилланган тузилмалардан келиб чиқадиган хавфларни баҳолаш тавсия этилади.

Бунинг учун, шунингдек, гуруҳ таркибидаги ҳар қандай компаниядан ахборот сўраш бўйича МБ ваколатларини кенгайтириш таклиф қилинмоқда.

Экспертлар банк кураторлари ролини расмийлаштириш (улар нима қилишлари мумкин ва нималар тақиқлангани), уларни кейинчалик банкларга ишга олишдан олдин «совиш даври»ни жорий этиш, шунингдек, корпоратив бошқарув устидан ҳужжатли ва жойида назоратни кучайтириш зарурлигини кўрсатади. Банкларни фаолиятидаги барча муҳим ўзгаришлар ҳақида регуляторни хабардор қилишга мажбурлаш, жойида текширувлар муддатини эса 60−90 кунгача узайтириш таклиф этилмоқда.

ХВЖ ҳисобот ва капиталга оид ёндашувларни қайта кўриб чиқишни ҳам тавсия қилади: маълумотларни консолидациялашган асосда ҳам йиғиш, халқаро ҳисоб стандартларига таяниш, «Базель III» инструментларининг тўлиқ тўпламини жорий этиш, жумладан, хавф профилини инобатга олган ҳолда капитал талабларини мослаштириш (2-компонент) ва тизимли аҳамиятга эга банклар учун капитал буферларини белгилаш. Шунингдек, хавф бўйича оғирлаштирилган активларни ҳисоблаш методикасини Базель меъёрларига мувофиқлаштириш таклиф этилган.

Алоҳида равишда кредитлар ва муаммоли активлар бўйича тавсиялар келтирилган. Марказий банкка ипотека кредитлаш устидан назоратни кучайтириш (айниқса, тасдиқланган даромадга эга бўлмаган қарз олувчилар бўйича), амалдаги «стандарт» кредитлар бўйича қўшимча кредитлашга ёндашувни қайта кўриб чиқиш, хизмат кўрсатилмайдиган кредитлар ва шартлари қайта кўриб чиқилган активлар таърифини кенгайтириш, шунингдек, қарзларни муаммоли тоифадан хизмат кўрсатилаётган тоифага ўтказиш учун янада қатъий мезонларни жорий этиш таклиф этилмоқда.

ХВЖ муҳим йўналиш сифатида иқлимий ва суверен хавфларни ҳисобга олишни кўрсатмоқда. Регуляторга иқлим хавфларини хавфга йўналтирилган назорат тизимига интеграция қилиш, банкларнинг ушбу хавфларга нисбатан сезгирлигини таҳлил қилиш ва тегишли ҳисоботларни йиғиш тавсия этилмоқда. Шунингдек, давлат қарзига инвестициялар концентрациясини тизимли равишда кузатиб бориш ва банклар барқарорлигини баҳолашда стресс-тестлар натижаларини инобатга олиш таклиф қилинган.

ХВЖ, шу билан бирга, бозор, фоиз, ликвидлик ва операцион хавфлар бўйича талабларни янгилаш, тўлиқ сценарийларга асосланган стресс-тестлашни ишлаб чиқиш, аутсорсинг ва ички аудитни тартибга солишни кучайтириш, давлат банклари учун эса давлат корхоналари билан тузилган битимлар бўйича ахборот ошкоралигини кенгайтириш зарурлигига эътибор қаратмоқда.

Тавсияларнинг алоҳида бўлими жиноий йўл билан олинган даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштиришга қарши кураш масалаларига бағишланган. Экспертлар ушбу соҳада назоратнинг кадрлар ва технологиялар салоҳиятини янада кучайтириш, шунингдек, криптоактивлар билан операциялар ва фирибгарлик каби янги хавфлар билан ишлаш учун махсус гуруҳлар ташкил этишга чақирмоқда.

ХВЖ тавсиялари тавсиявий характерга эга, бироқ ҳисобот муаллифларининг таъкидлашича, уларни амалга ошириш Ўзбекистон банк тизимининг барқарорлигини сезиларли даражада ошириш ва тартибга солиш ҳамда назорат амалиётини халқаро стандартларга яқинлаштириш имконини беради.

Марказий банкнинг муносабати

Фото: Евгений Сорочин / GazetaФото: Евгений Сорочин / Gazeta

Ўзбекистон Марказий банки ХВЖ миссияси томонидан ўтказилган баҳолашни қўллаб-қувватлаганини маълум қилди ҳамда тавсияларнинг бир қисми аллақачон амалга оширилганини, айрим йўналишлар бўйича эса регулятор берилган баҳоларга қўшилмаслигини билдирди.

Марказий банкнинг эслатишича, 2019 йилда «Марказий банк тўғрисида» ва «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги қонунларнинг янги таҳрирлари қабул қилинган, шунингдек, Базель тамойилларига мувофиқлик бўйича ўз-ўзини баҳолаш ўтказилиб, унинг натижаларига кўра назорат ва норматив базани ислоҳ қилиш режаси ишлаб чиқилган.

Шундан сўнг, регуляторнинг таъкидлашича, капитал ва ликвидликка қўйилган талаблар «Базель III»га йўналтирилган ҳолда қайта кўриб чиқилган, корпоратив бошқарув, хавфларни бошқариш, ички ва ташқи аудит стандартлари кучайтирилган, йирик хавфлар, аффилланган шахслар билан битимлар, активларни таснифлаш ва резервлар шакллантириш бўйича меъёрлар қатъийлаштирилган.

2023 йилда Марказий банк расман хавфларни баҳолашга асосланган назоратга ўтганини маълум қилди. Регулятор буни аввалги нормативларга риоя қилишга асосланган амалиётдан «кескин ўтиш» деб баҳолайди. ХВЖ кейинчалик ривожлантиришни тавсия этган айрим йўналишлар — Базель II ва III компонентларини тўлиқ жорий этиш, консолидациялашган назорат, аутсорсингни тартибга солиш — амалдаги ислоҳотлар режасига киритилган, бироқ миссия ўтказилган пайтга қадар якунланмаган.

Марказий банк баҳолашдан сўнг бир қатор ўзгартишлар киритилганини маълум қилди. Жумладан, банкларда хавфларни бошқариш тизими тўғрисидаги низом янгиланиб, унда мамлакат хавфи ва банк портфелидаги фоиз ставкаси хавфи батафсилроқ ёритилган, шунингдек, кредит, операцион ва бозор хавфларини бошқаришга қўйилган талаблар кучайтирилган.

Банклар капитали тўғрисидаги низом ҳам қайта кўриб чиқилди: қўшимча биринчи даражали капитал (AT1) таркибига киритиладиган инструментлар мезонлари Базель меъёрларига мувофиқ аниқлаштирилди, микромолия ташкилотларига нисбатан позициялар учун хавф оғирлиги коэффициенти эса камида 100% гача оширилди.

Марказий банкнинг маълум қилишича, корпоратив бошқарувни баҳолаш эндиликда банкларни инспекция қилиш жараёнига тўлиқ интеграция қилинган ва жойида текширувлар учун минимал талаблар таркибига киритилган. Ликвидликка қўйилган талаблар ҳам кучайтирилди: ликвидликни бошқариш тўғрисидаги низом янгиланди, ликвидликни қоплаш коэффициенти (LCR) ва соф барқарор молиялаштириш коэффициенти (NSFR) Базель меъёрларига мувофиқлаштирилди, юқори сифатли ликвид активлар таркиби ҳамда маблағлар чиқими ва кирими параметрлари аниқлаштирилди.

Алоҳида равишда макропруденциал сиёсат мустаҳкамлангани қайд этилди. 2025 йил апрелида Марказий банк қарз олувчилар хусусиятларига боғлиқ инструментлардан фойдаланишни кенгайтирувчи низомни тасдиқлади: қарз юки коэффициенти (DSTI), таъминот коэффициенти (LTV) ва кредит портфели концентрацияси лимитлари жорий этилди, DSTI ҳисоб-китобида эса энди «кечиктирилган» хизматлар бўйича мажбуриятлар ҳам инобатга олинади.

Қабул қилинган чоралар қаторида, шунингдек, 2025 йил 19 февралда кучга кирган «Банкларда омонатларни ҳимоя қилиш кафолатлари тўғрисида»ги янги қонун қайд этилди. У омонатларни суғурталаш тизимини халқаро принципларга мослаштиришга қаратилган.

Марказий банк янгиланган Базель асосий тамойилларида назарда тутилган янги талабларни — жумладан, иқлим ўзгариши билан боғлиқ молиявий хавфлар, операцион барқарорлик ва АКТ хавфлари бўйича нормаларни тартибга солиш ва назорат тизимига интеграция қилишни бошлаганини билдирди.

Иқлим хавфларини бошқариш ва назорат қилиш стратегияси тасдиқланган, операцион барқарорликка оид талаблар эса хавфларни бошқариш тизими тўғрисидаги низомга киритилиб, банкларни операцион узилишларнинг олдини олиш ва фаолиятни тиклашни таъминлашга мажбур қилади.

Шу билан бирга, регулятор миссиянинг айрим хулосаларига қўшилмаслигини билдирди. Хусусан, Марказий банк 10-асосий тамойил (назорат мақсадлари учун ҳисобот) бўйича берилган баҳо «паст баҳоланган» деб ҳисоблайди ва у регулятор ихтиёрида мавжуд маълумотлар ҳажми ҳамда детализациясини акс эттирмайди, деб таъкидлади.

Банкнинг қайд этишича, у консолидациялашган молиявий ҳисоботни ҳар чоракда йиғади, махсус ҳисоботларни узатиш учун ҳимояланган платформадан фойдаланади ва ҳисобот жараёнларини оптималлаштириш мақсадида SupTech лойиҳаларини амалга оширмоқда. Шунингдек, регулятор консолидациялашган ҳисоботга оид камчиликлар 10 ва 12-тамойилларда «икки марта ҳисобга олингани»га ишора қилди.

Йирик очиқ позициялар масаласида Марказий банк амалдаги лимитлар ва тегишли низомлар Базель талабларига тўлиқ мос эканини, ўзаро боғлиқлик ва назорат муносабатлари эса ҳам жойида, ҳам масофавий текширувлар доирасида қатъий назорат қилинишини таъкидлади.

Бозор хавфи ва деривативлар бўйича эътирозларга изоҳ берар экан, регулятор ҳосилавий молиявий инструментлар аввалданоқ амалдаги бозор хавфини бошқариш тизимига киритилганини, хавфларни бошқариш тўғрисидаги низомга киритилган сўнгги ўзгартишлар эса уларни ҳисобга олиш тартибини аниқ белгилаб берганини қайд этди.

2025 йил январидан бошлаб банклар ҳосилавий инструментлар бўйича ҳар бир шартнома кесимида батафсил маълумот тақдим этишга мажбур, чет эл валютасидаги операциялардан олинадиган фойда ва зарар эса ҳар куни фойда ва зарарлар ҳисоботида акс эттирилади.

Марказий банк кейинги ислоҳотлар учун йўналишлар сақланиб қолаётганини тан олди: капиталга қўйилган талабларни қўшимча мослаштириш, контрциклик буферларни жорий этиш, Базель II ва III компонентларини тўлиқ татбиқ этиш, консолидациялашган назоратнинг барқарор режимини шакллантириш, активларни таснифлаш ва резервлаш стандартларини аниқлаш, шунингдек, муаммоли активлар билан ишлаш тизимини такомиллаштириш.

FSAP тавсияларини амалга ошириш учун Марказий банк йўл харитасини ишлаб чиққан бўлиб, у ҳозирда оралиқ кўриб чиқиш босқичида. Кутилишича, ҳужжат 2025 йил биринчи ярмида банк бошқаруви томонидан тасдиқланади.

Марказий банк раиси Тимур Ишметов октябрь ойида Базель III стандартларини тўлиқ жорий этиш 2028 йил охиригача, МҲХСга ўтиш эса 2027 йил охиригача режалаштирилганини маълум қилганди.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *