Навоий вилояти Томди туманида йўловчи автобуси билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди, дея хабар бермоқда вилоят ИИБ.
Қайд этилишича, воқеа 5 январь куни соат 7:40 атрофида туманнинг «Томдибулоқ» ОФЙ ҳудудидан ўтган А-379 Навоий-Учқудуқ халқаро автомобиль йўлининг 167−168 килметрлари оралиғида содир бўлган.
Дастлабки суриштирувларга кўра, Zhong Tong автобусида 47 нафар йўловчиси бўлган. 39 ёшли ҳайдовчи Ш. Х. (17 йиллик стажга эга) транспортни Зарафшон-Навоий йўналиши бўйлаб бошқариб бораётганида руль бошқарувини йўқотган. Оқибатда йўналиши бўйича йўлнинг ўнг томонига чиқиб кетиб ағдарилган.
Ҳодиса оқибатида йўловчи сифатида кетаётган 2 фуқаро жароҳатлари сабабли воқеа жойида вафот этган. Турли кўринишдаги тан жароҳатлари олган 9 нафар фуқаро тиббиёт муассасаларига ётқизилган.
«Ҳозирда вазиятни тўлиқ ўрганиш, жабрланганлар ва уларнинг оила аъзоларига ёрдам кўрсатиш ҳамда оғир оқибатларга олиб келган шарт-шароитларга ҳуқуқий баҳо бериш мақсадида воқеа тафсилотлари ўрганилмоқда», — дейилади хабарда.