Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги 2025 йилнинг уч чорагида мамлакат ташқи қарзи рекорд даражада ўсиб, 75,4 млрд долларга етгани тўғрисидаги хабар фонида мавзуга доир изоҳли материал эълон қилди. Вазирликнинг изоҳлашича, қарз жалб этишдан мақсад — аҳолининг турмуш даражасини ошириш, ташқи молиялаштириш иқтисодиёт тезроқ ўсиши учун ресурсларга бўлган эҳтиёж билан боғлиқ.
Марказий банк маълумотларига кўра, 2025 йилнинг тўққиз ойи давомида Ўзбекистоннинг жами ташқи қарзи рекорд даражада — 11,3 млрд долларга ошиб, 1 октябрь ҳолатига 75,4 млрд долларни ташкил этди. Шундан давлат ташқи қарзи — 37,4 млрд доллар (+4,5 млрд доллар), қолган 38 млрд долларга яқини (+7,8 млрд доллар) давлат кафолатисиз хусусий ва давлат корхоналарининг қарз мажбуриятлари (корпоратив қарз) ҳисобланади.
ИССВ изоҳига кўра, Ўзбекистон давлат қарзининг ҳозирги даражаси халқаро таснифга кўра «мўътадил ва бошқариладиган» ҳисобланади.
«Давлат ташқи қарзи [ҳозирги даражаси] тахминан ЯИМнинг 26 фоизига тенг. Бу кўрсаткич жаҳон амалиётида макроиқтисодий барқарорлик учун потенциал хавфли деб баҳоланадиган чегаравий даражалардан анча пастдир», — дея қайд этади ИССВ.
Вазирлик изоҳига кўра, инвестициялар ва ресурсларни жалб этишдан мақсад — аҳоли турмуш даражасини ошириш ҳисобланади. Бу, вазирликка кўра, иш ўринлари, уй хўжаликлари даромади, инфратузилма, тоза ичимлик суви, энергия, транспорт ва сифатли ижтимоий хизматлар дегани.
«Иқтисодиёт тезроқ ўсиши учун ресурслар — капитал, технологиялар, ускуналар ва янги бозорлар зарур. Агар мамлакат ресурсларни жалб этишни тўхтатса, ўсиш секинлашади: камроқ иш ўринлари яратилади, йўллар ва ижтимоий инфратузилмани янгилаш, сув таъминотини кенгайтириш ва арзон энергияни таъминлаш қийинлашади», — дея аниқлик киритади ИССВ.
Шу ўринда, вазирлик 2017 йилдан кейинги даврда давлат қарзлари ҳисобидан иқтисодиётнинг турли соҳаларида амалга оширилган ишларга тўхталган.
Инфратузилмани ривожлантириш соҳасида:
- 1564 км автомобил йўллари реконструкция қилинди;
- 470 км темир йўл линиялари электрлаштирилди;
- 6793 км ичимлик суви тармоқлари ва 664 км оқова сув тармоқлари қурилди;
- 96 км иссиқлик қувурлари, 1286 та индивидуал иссиқлик пунктлари, 166 та сув тақсимлаш иншоотлари ва 31 та оқова сув насос стансияси барпо этилди.
Энергетика соҳасида:
- 2737 МВт қўшимча электр қувватлари яратилди, 1106 км юқори кучланишли электр узатиш тармоқлари тортилди;
- қўшимча 2084 МВт, 16,4 млрд кВт·соат электр энергияси ва 551,8 минг Гкал иссиқлик энергияси ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.
Транспорт ва шаҳар хизматларини модернизация қилиш соҳасида:
- 4 та Boeing 787−8 самолёти;
- 2 та Talgo-250 юқори тезликдаги йўловчи поездлари;
- 30 та электровоз;
- метрополитен учун 70 та вагон ва 29 та ҳаракат таркиби;
- 1900 та автобус;
- 1000 та тез тиббий ёрдам автомобили;
- маиший чиқиндиларни йиғувчи 541 та техника;
- 13 та иссиқлик қозони харид қилинди.
Таълим ва ижтимоий соҳада:
- 60 та олий таълим муассасасида 119 та ўқув ва илмий-тадқиқот лабораториялари ташкил этилди;
- 6213 та давлат мактабгача таълим ташкилотлари мебел ва ўқув материаллари, 4940 офис техникаси билан жиҳозланди.
Қишлоқ ва сув хўжалигида:
- 1593,1 км каналлар қайта тикланди;
- 3396 та гидроиншоот модернизация қилинди;
- 423 та тик қудуқ қурилди;
- 2,2 минг гектарда замонавий иссиқхоналар ва 12,6 минг гектарда интенсив боғлар барпо этилди;
- сиғими 334,9 минг тонна бўлган музлаткич омборлари қурилди;
- 258,2 минг тонна маҳсулотни қайта ишлаш қувватига эга корхоналари ишга туширилди;
- паррандачиликда 12,3 млн бош, қўйчиликда 5 752 бош ва чорвачиликда 26,3 минг бошга мўлжалланган хўжаликлар, шунингдек, 90,2 млн дона тикувчилик ва тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш корхоналари ташкил этилди.
Вазирликнинг таъкидлашича, ташқи ресурсларни жалб қилишда энг муҳим жиҳат жараённинг «қатъий қоидалар, шаффофлик ва самарали назорат асосида амалга оширилиши» ҳисобланади.
«Ўзбекистоннинг инвестицияларга ёндашуви ниҳоятда аниқ: мамлакатнинг ўсиши учун ресурслар зарур, шу билан бирга аҳоли манфаатларига хизмат қиладиган қатъий назорат, шаффофлик ва ўлчанадиган натижалар таъминланиши лозим. Барча жараёнлар айнан шу тамойиллар асосида — очиқ, босқичма-босқич ва аниқ масъулият доирасида олиб борилмоқда», — дея хулоса қилган ИССВ.
Аввалроқ МБ раиси Тимур Ишметов регулятор мамлакат ташқи қарзининг ҳолатини барқарор ва мўътадил деб баҳолаётганини маълум қилганди.
Ишметов қарз юкини баҳолашда абсолют рақамларга эмас, балки қарзнинг иқтисодиёт ҳажмига (ЯИМ) нисбатига эътибор қаратиш лозимлигини таъкидлади. Унинг аниқлик киритишича, сўнгги беш йил ичида давлат қарзининг ЯИМга нисбати 32 фоиздан 29 фоиздан камроққача пасайди, бу эса қарз барқарорлигининг издан чиқиш хавфи йўқлигини кўрсатади.
Тимур Ишметов, шунингдек, янги қарзларни жалб этиш бевосита бюджет тақчиллиги билан боғлиқлигини қўшимча қилди.
Шу билан бирга, МБ раиси инвестиция фаолиятини фаол кенгайтираётган хусусий компаниялар орасида қарз жалб қилиш фаоллиги ортиб бораётганини таъкидлаб, буни ижобий тенденция сифатида баҳолаган.
