• Сб. Фев 7th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Гўшт, метан, ҳайдовчилик курслари, авиачипталар, коммунал тўловлар — 2025 йилда нима энг кўп қимматлашди?


2025 йил якунларига кўра Ўзбекистонда инфляция даражаси пасайиш тенденциясини намоён қилди, дея хабар қилмоқда Марказий банк.

Марказий банк инфографикаси.

Хусусан, 2022 йилда инфляция кўрсаткичи 12,3 фоизни ташкил этган бўлса, 2025 йил якунига келиб 7,3 фоизгача (энергия таъсирисиз — 6,1 фоиз) секинлашди. Асосий гуруҳлар кесимида хизматлар сегментида инфляция кўрсаткичи юқорироқ шаклланмоқда — 13,9 фоиз (энергия таъсирисиз — 8,7 фоиз), лекин пасайиш трендида.

МБга кўра, 2025 йилда инфляциянинг пасайиши «энергия нархлари бўйича базавий таъсирнинг сўниши ва нархлар барқарорлашуви» билан изоҳланади.

Йил давомида базавий инфляция барқарорлашиб, 5,7 фоизгача пасайди. Мавсумий нарх ўзгаришларисиз йиллик инфляция кўрсаткичларида ҳам пасайиш кузатилмоқда. Айни пайтда хизматлар базавий инфляцияси пасайганига қарамай, нисбатан юқори даражада шаклланмоқда. Бу ҳолат, регуляторнинг иоҳлашича, иқтисодиётда талаб омиллари сақланиб қолаётганини кўрсатади.

инфляция, марказий банк

Озиқ-овқат маҳсулотлари

2025 йилда озиқ-овқат маҳсулотларидан лимон (+96,3%), карам (+31,8%), қўй гўшти (+26,8%), суяксиз мол гўшти (+25,0%), суякли мол гўшти (+23,9%), бодринг (+16,0%), кунгабоқар мойи (+12,7%) сезиларди қимматлашди.

Айни пайтда қовоқ (-57,7%), тарвуз (-29,9%), шафтоли (-24,1%), саримсоқ (-20,5%), узун бошоқли гуруч (-17,7%), булғор қалампири (-14,9%), тухум (-14,6%) нархларида энг кўп пасайиш кузатилди.

Ноозиқ-овқат маҳсулотлари

Йил давомида ноозиқ-овқат маҳсулотларидан метан (+29,9%), никоҳ узуги (+28,7%), газета ва журналлар (+15,3%), бензин (+11,9%), цемент (+10,8%) нархларида сезиларли ўсиш қайд этилди. Пропан (-10,6%), йирик ошхона приборлари (-3,4%) нисбатан арзонлашди.

Хизматлар

Йил давомида энг юқори нархлар ўсиши хизматлар сегментида кузатилди — 13,9%.

Қуйидаги хизматлар нархлари бир йил ичида сезиларли қимматлашди:

  • ҳайдовчилик курслари — 59,0%;
  • ички йўловчи ҳаво транспорти — 56,9%;
  • тармоқ газ — 39,2%;
  • совуқ сув — 35,1%;
  • музей хизматлари — 32,7%;
  • чиқинди ташлаш — 32,5%;
  • суюлтирилган газ — 25,0%;
  • шаҳар автобусида йўл ҳақи — 21,1%;
  • давлат мактабгача таълим — 21,0%;
  • электр энергияси — 18,8%;
  • курьерлик хизматлари — 18,3%;
  • юридик хизматлар — 17,0%;
  • кўп квартирали уйларга хизмат кўрсатиш — 16,7%;
  • автомобил тўхташ жойи хизматлари — 15,5%;
  • мобил алоқа хизматлари — 15,1%;
  • дам олиш марказлари хизматлари — 14,5%.

Айни пайтда пул ўтказмалари нархи (-6,1%) ва микромолиявий хизматлар (-0,02%) нархлари нисбатан арзонлашди, алоқа хизмати, мобил интернет, давлат ОТМда ўқиш ва суғурталаш сингари хизматлар нархлари ўзгаришсиз қолди.

МБ инфляция кўрсаткичи 2025 йилда 8 фоизга яқин даражада шаклланиши, 2026 йил охиригача 7 фоизгача пасайишини прогноз қилганди.

Қайд этилишича, регулятор ҳар қандай вазиятда (асосий сценарий бўйича ҳам, эҳтимолий шоклар юзага келганда ҳам) ўз эътиборини 2027 якунигача инфляциянинг 5 фоизли таргет кўрсаткичига эришишга қаратади.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *