• Сб. Фев 7th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

2025 йилда аҳолининг ичимлик ва оқова сув хизматларидан қарздорлиги 49 фоизга қисқарди



Аҳолининг ичимлик суви таъминоти ва оқова сув хизматлари бўйича дебитор қарздорлиги 2026 йил 1 январь ҳолатига кўра, 462,9 млрд сўмни ташкил қилди. Бу ҳақда «Ўзсувтаъминот» АЖ матбуот котиби Акмал Муродовнинг Gazeta`га тақдим этган 2025 йил давомида амалга оширган ишлар сарҳисобида қайд этилган.

Аҳолини ичимлик ва оқова сув хизматлари билан қамраб олиш

2025 йилда давлат дастури доирасида бюджетдан 2 трлн 250,1 млрд сўм (100,4 фоиз) ўзлаштирилиши таъминланди. Ушбу маблағлар ҳисобидан 973 км ичимлик ва 336,5 км оқова сув тармоқлари тортилди, 67 та ичимлик ва 35 та оқова сув иншоотлари қурилди.

Ҳудудлардаги жами 715 минг нафар аҳоли илк бор тоза ичимлик суви билан таъминланган бўлса, яна 2 млн 300 минг нафар аҳолининг ичимлик суви таъминоти яхшиланишига эришилди. Шунингдек, 135 мингта хонадон марказлашган оқова сув тизимига уланди.

«Натижада, республика аҳолисининг марказлашган ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси 82,8 фоизга, оқова сув хизматлари қамрови эса 22,3 фоизга етказилди», — дейилади ахборотда.

ХМИ иштирокидаги лойиҳалар

2025 йилда Инвестиция дастурига мувофиқ, халқаро молия институтлари иштирокидаги 21 та лойиҳа бўйича 434,8 млн доллар ўзлаштирилиб, топшириқ тўлиқ бажарилди (ўсиш суръати — 2,4 баробар). Ушбу маблағлар ҳисобидан 1 117 км ичимлик ва 190 км оқова сув тармоқлари тортилди. Бундан ташқари, 23 та ичимлик ва 9 та оқова сув иншооти қурилди.

Маблағларни ўзлаштиришда халқаро молия институтлари бўйича етакчи: Осиё тараққиёт банки — 35,5 фоиз, Европа тикланиш ва тараққиёт банки — 29,4 фоиз, Осиё инфраструктуравий инвестиция банки — 10,4 фоиз, Жаҳон банки — 9,1 фоиз.

Ҳудудлар кесимида етакчи: Тошкент вилояти — 23,7 фоиз, Хоразм вилояти — 16 фоиз, Қорақалпоғистон — 13,6 фоиз, Бухоро вилояти — 10,4 фоиз, Тошкент шаҳри — 10,4 фоиз.

Тўлов интизоми ва дебитор қарздорлик

Жойларда хатлов ва объектларни қабул қилиш ишлари натижасида истеъмолчилар базаси 197 минг (4 фоиз)га оширилиб, 5,24 миллионтага етказилди. Тарғибот ишлари ва тарифларни қайта кўриб чиқиш ҳисобидан сув ҳисоблагич ўрнатилган истеъмолчилар сони 4,48 миллионтага етди. Натижада, ҳисоблагичлар қамрови 79 фоиздан 86 фоизга ошди.

Йил бошидан 800 млн куб метр ичимлик суви етказилиб, кўрсатилган хизматлар ҳажми 3,34 трлн сўмни ташкил қилди. Тўлов интизомини яхшилаш натижасида пул ундируви 978 млрд сўмга оширилиб (1,3 баробар), жами 4,3 трлн сўмга, онлайн тўловларнинг улуши 84 фоиздан 100 фоизга етказилди.

Йил давомида қарздорлиги бор 70 мингта истеъмолчи тармоқдан узилди, 148 мингта ҳолатда 392 млрд сўмлик қарз судларга топширилди. Рейдлар давомида 11,2 мингта қоидабузарлик (шундан 4,7 мингтаси ноқонуний уланиш) аниқланиб, 84,4 млрд сўм зарар ҳисобланди, шундан 39,4 млрд сўм қисми ундирилди.

Маҳаллий ҳокимликлар, прокуратура органлари ҳамда МИБ билан ҳамкорликда дебитор қарздорликлар йил бошига нисбатан 445,9 млрд сўмга (ёки 49 фоизга) қисқартирилди. Яъни 2025 йил 1 январь ҳолатида 908,8 млрд сўмни ташкил қилган бўлса, 2026 йил 1 январь ҳолатига кўра, 462,9 млрд сўмни ташкил этмоқда.

Таҳлилларга кўра, 1 млн сўмдан ортиқ қарздорлар сони 58,8 мингта (46 фоиз)га ёки 154 млрд сўмга камайтирилди. Шунингдек, қарздорлиги бир йилдан ошган истеъмолчилар сони 137,1 мингта (32 фоиз)га ёки 85 млрд сўмга қисқартирилди.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *