Тармоқларда маданият вазири Озодбек Назарбековнинг тўйда қўшиқ ижро этаётгани ва унга қистирилган пулларни қабул қилаётгани акс этган видео тарқалди. Тасвирда Назарбековнинг ёнида унинг хонандалик фаолиятидаги кўп йиллик продюссери Илёс Дадабовнинг одамлар узатаётган пулларни олаётганини кўриш мумкин.
Ушбу видео тармоқ фойдаланувчилари томонидан кенг муҳокама қилинмоқда. Айримлар Озодбек Назарбековнинг санъат вакили экани, шу сабабли тўй-тадбирларда мухлислар даврасида қўшиқлар айтавериши ва концертлар тақдим этиши кераклигини ёзса, баъзилар унинг вазир сифатида тўйлардан даромад топиши нотўғри эканини таъкидламоқда.
Маданият вазирлиги ахборот хизматининг Gazeta`га изоҳ беришича, тасвирдаги ҳолат 2025 йил 25 октябрь куни вазирлик ходимининг никоҳ тўйида бўлган.
«Видеода вазир Озодбек Назарбековга мухлислар томонидан пул узатилгани акс этган. Шу билан бирга, вазир ушбу ҳолатни олдиндан режалаштирмагани, юзага келган вазиятда фуқароларнинг хоҳиш-иродасини рад этиш уларни омма олдида ноқулай аҳволга солиб қўйиши, камситиш ёки менсимаслик сифатида нотўғри талқин қилиниши мумкинлиги инобатга олинган ҳолда, ҳолатга ижобий муносабат билдирилганини кузатиш мумкин. Тўй маросимларида хонандаларга пул узатиш ёки узатмаслик амалдаги қонунчилик билан тақиқланмаган бўлиб, бу ҳолат халқимиз орасида асрлар давомида шаклланган миллий урф-одат ва қадриятларнинг бир қисми ҳисобланади. Ўзбекона анъаналарда бундай жараёнлар „орзу-ҳавас“ сифатида эътироф этилиб келинади», — дейилади расмий ахборотда.
Таъкидланишича, Озодбек Назарбеков — нафақат маданият вазири, балки таниқли ўзбек хонандаси, Ўзбекистон, Қорақалпоғистон, Тожикистон ва Қирғизистон халқ артисти, шунингдек, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими ҳисобланади.
«Унинг касбий фаолияти бевосита миллий қўшиқчилик санъати билан боғлиқлиги сабабли тўй маросимида кузатилган ҳолат вазирнинг касбий фаолияти билан боғлиқ вазият сифатида баҳоланиши лозим. Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, ҳар бир инсон эгаллаб турган лавозимидан қатъи назар, ўз танлаган касбидан айро бўла олмайди. Мазкур ҳолат ҳам айнан шу нуқтайи назардан келиб чиққан», — дейилади вазирлик изоҳида.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги матбуот котиби Gazeta`га тасвирдаги ҳолат юзасидан муносабат берилиши маълум қилди.
YouTube`га жойланган бошқа видеоларга кўра, Озодбек Назарбековнинг қўшиқ айтиб, одамлардан пуллар олаётган ҳолати Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Яёҳбек Мўминовнинг ўғлини тўйида кузатилган. Октябрь ойида бўлиб ўтган тўйда вазирдан ташқари кўплаб таниқли санъаткорлар: Юлдуз Усмонова, Зоҳиршоҳ Жўраев, Жаҳонгир Позилжонов, Дилноза Кубаева, Рихситилла Абдуллаев, Элмурод Исломов ва бошқаларнинг иштирок этганини кўриш мумкин.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йилда ҳам Озодбек Назарбеков эркаклар кийимлари дўконининг рекламасида кўриниш берганди. Ўша ҳолат ҳам жамоатчилик муҳокамаларига сабаб бўлган. Маданият вазирлиги матбуот хизмати у моддий манфаат кўзламаганини айтганди. Рақобат қўмитаси дўконни реклама қонунчилигини бузган деб топган ва уни жаримага тортган.
Шунингдек, 2025 йилда Озодбек Назарбеков Kokand University рекламасида кўриниш берган. Вазирлик ахборот хизмати ушбу ҳолатга изоҳ бериб, вазирнинг видеодаги тавсиялари «ижтимоий фойдали ахборот» бўлиб, «даромад олишга қаратилмаган», дея муносабат билдирган.