Ислом Абдуғаниевич Абдураҳмонов 3 йил муддатга «Ўзбекгидроэнерго» компанияси бошқаруви раиси лавозимига тайинланди. Компания бу ҳақда 9 январь куни хабар берди. Қарор 8 январь куни акциядорларнинг навбатдан ташқари умумий йиғилишида қабул қилинган.

Бундан олдин, 17 декабрь куни компаниянинг кузатув кенгаши, аввалги раҳбар Абдуғани Сангинов «Ўзбекнефтгаз» компанияси бошқаруви раиси лавозимига ўтиши муносабати билан, Ислом Абдураҳмоновни раис вазифасини вақтинча бажарувчи этиб тайинлаганди. Ислом Абдураҳмонов Абдуғани Сангиновнинг ўғли ҳисобланади.

«Ўзбекгидроэнерго» маълумотларига кўра, Ислом Абдураҳмонов электроэнергетика, электр таъминоти ва иқтисодчи мутахассисликлари бўйича таҳсил олган.

2008−2012 йилларда Москва энергетика институтида, 2013−2015 йилларда Тошкент давлат техника университетида (магистратура), 2017−2021 йилларда Тошкент давлат иқтисодиёт университетида таҳсил олган.

2014−2015 йилларда Толимаржон ИЭСни модернизация қилиш лойиҳаси ишлаб чиқариш-техник бўлими муҳандиси, участка устаси, 2016−2017 йилларда Тошкент шаҳар электр тармоқлари корхонаси ишлаб чиқариш-техник хизмати муҳандиси, 2017−2018 йилларда Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзенергоинспексия Тошкент шаҳар бўлими инспектори бўлиб ишлаган. 2018 йилдан буён «To‘palang HPD Holding» компанияси бош директори лавозимида ишлаб келаётган эди.