Декабрда аҳоли томонидан сезилган инфляция даражаси ўтган ойга нисбатан 0,2 фоиз бандга ошиб, 12,0 фоизни ташкил этди. Шунга қарамай, йил бошидан буён аҳоли орасида сезилган инфляция кўрсаткичи 2 фоиз банддан ортиққа пасайди. Бу Марказий банки томонидан аҳоли орасида сезилган инфляция бўйича ҳар ой ўтказилаётган сўровнома натижаларидан келиб чиқади.
Энг юқори нарх ўсиши Тошкент шаҳрида сезилди — 14,3 фоиз. Кейинги ўринларда Қашқадарё ва Тошкент вилоятлари — мос равишда 14,1 ва 13,8 фоиз. Сезилган инфляциянинг энг паст кўрсаткичи Хоразм (10,4 фоиз), Самарқанд (10,6 фоиз) ва Жиззах вилоятларида (10,9 фоиз) қайд этилди.

Аҳоли томонидан сезилган инфляциянинг энг юқори кўрсаткичи илм-фан ва таълим соҳаси вакиллари (13,2 фоиз), пенсионерлар (13,1 фоиз) ҳамда ишлаб чиқариш соҳаси ходимлари (13 фоиз) томонидан қайд этилган. Айни пайтда, маиший хизмат кўрсатиш соҳаси (10,3 фоиз), талабалар (10,7 фоиз) ва кафе-ресторан хизматларини кўрсатиш соҳаси вакиллари (11 фоиз) бўйича кўрсаткичлар нисбатан паст.

Мева-сабзавотлар, ёқилғи ва ташиш хизматлари энг кўп қимматлашди
Декабрь ойида энг кўп респондентлар бензин ва ёқилғи, мева-сабзавотлар, йўлкира ва ташиш хизматлари энг кўп қимматлашганини қайд этди. Шунингдек, кафе ва ресторан хизматлари, тухум, шакар ва қандолат маҳсулотлари ошганини қайд этган респондентлар улуши нисбатан кўпайди.

Гўшт ва сут маҳсулотлари нархлари ошганини қайд этган респондентлар ўтган ойга нисбатан камайди, шунга қарамай, уларнинг улуши юқорилигича қолмоқда. Айни пайтда дори-дармонлар нархи ошгани сезилганини билдирган респондентлар сони камайди.
