• Сб. Фев 7th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Ёқилғи-энергия ва транспорт қимматлашиши, нархлар сунъий оширилиши ва валюта курси ўзгариши билан боғлиқ хавотирлар ошди — МБ


Декабрь ойида аҳолининг йиллик инфляцион кутилмалари ўтган ойга нисбатан ўзгаришсиз сақланиб қолиб, 11,5 фоизни ташкил этди. Бу ҳақда Ўзбекистон Марказий банки томонидан декабрь ойи учун аҳоли ва тадбиркорларнинг инфляцион кутилмаларига бағишланган шарҳида айтилади.

Май ойидан бошлаб кетма-кет етти ой давомида аҳолининг инфляцион кутилмалари барқарор пасайиш тенденциясини намоён қилиб келди. Бунда, хусусан, валюта курсининг ўзгариши, монополия ва нархларнинг сунъий оширилиши ҳамда транспорт харажатлари ошиши билан боғлиқ хавотирларнинг пасайгани муҳим роль ўйнади.

Шунга қарамай, МБ сўровномаси натижалари декабрь ойида инфляцион кутилмаларнинг деярли барча омиллари бўйича хавотирлар ортганини кўрсатади (графикда ҳам аҳолининг инфляцион кутилмалари ўртача кўрсаткичи декабрда сезиларсиз — 0,1 фоиз банддан кичикроқ қийматга ўсганини кўриш мумкин).

Нархларнинг сунъий оширилиши ва валюта курсининг ўзгариши бўйича йил давомида барқарор пасайиб келган кутилмаларда ҳам ўсиш кузатилган. Аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари орасида йил давомида юқори даражада сақланиб қолган коммунал хизматлар ва ёнилғи-энергия нархларининг ошиши билан боғлиқ хавотирлар ёз ойларида нисбатан пасайди, лекин сўнгги уч ойда яна кучая бошлади. Хусусан, декабрь ойида, айниқса, ёқилғи ва энергия нархлари ошиши эҳтимолини қайд этган респондентлар улуши кескин ошди.

инфляцион кутилмалар, марказий банк

Тадбиркорлик субъектларининг инфляцион кутилмалари ўтган ойга нисбатан 0,6 фоиз бандга юқорилаб, 11,1 фоизни ташкил этди. Декабрдаги сўров натижаларига кўра, транспорт харажатларининг ошиши, ёқилғи ва энергия ресурслари қимматлашиши, солиқ юкининг юқорилиги ҳамда валюта курсининг ўзгариши тадбиркорларни энг кўп ташвишга солмоқда. Умуман, тадбиркорлар инфляцион кутилмаларида ҳам деярли барча омиллар бўйича хавотирлар ортган.

инфляцион кутилмалар, марказий банк

Аҳолининг аксарият тоифаларида инфляцион кутилмалар ўртача кўрсаткичдан юқори шаклланган. Энг юқори инфляцион кутилмалар пенсионерлар томонидан билдирилган бўлса, нисбатан паст кутилмалар талабалар томонидан қайд этилган.

инфляцион кутилмалар, марказий банк

Тадбиркорлар орасида келгусида нархлар шаклланиши бўйича энг юқори кутилмалар қурилиш соҳаси вакиллари томонидан қайд этилган бўлса, нисбатан паст кутилмалар маданият соҳасида кузатилган.

инфляцион кутилмалар, марказий банк

Ҳудудлар кесимида аҳоли ва тадбиркорлар инфляцион кутилмаларининг энг юқори кўрсаткичи Тошкент шаҳрида кузатилди. Аҳолининг энг паст инфляцион кутилмалари Самарқанд вилоятида, тадбиркорлик субъектларининг энг паст кутилмалари Андижон вилоятида қайд этилди.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *