Футбол бўйича Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси 23 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Осиё кубоги гуруҳ босқичининг 2-турида Эрон билан дуранг ўйнади. 10 январь куни Саудия Арабистонида бўлиб ўтган «C» гуруҳи учрашуви 0:0 ҳисобида якунланди.
Ўйин шиддатли кечди, аммо голсиз якун топди. Дарвоза томон зарбалар бўйича жамоалар тенг натижа қайд этди — 7:7, бироқ аниқ зарбалар борасида Ўзбекистон рақибидан устун келди (3 га 1). Тўп назорати эса кўпроқ Эрон томонида бўлди (61% га 39%).
Ўзбекистон терма жамоаси қўполроқ ҳаракат қилди: 23 марта қўполлик ишлатди ва 2 марта сариқ карточка олди, эронликлар эса 4 марта қоидани бузди бунда огоҳлантириш олмади.
Биринчи бўлимда жамоаларда яхши вазиятлар юзага келди: эронликларда Муҳаммад Ҳусайннежад жарима зарбасидан хавфли зарба берди, ўзбекистонликлардан эса Нурлан Ибраимовда гол уриш имконияти бор эди, бироқ иккала вазиятда ҳам дарвозабонлар ишончли ўйнади.
18-дақиқада Эроннинг тезкор қарши ҳужуми хавфли вазиятга олиб келди — Ризо Гандипур тезликдан фойдаланиб, ҳимоячидан қочиб кета олди ва тўпни ҳужумчи Меҳди Жафарига юмалатиб берди, бироқ у бироз ноаниқ зарба берди.
Учрашувнинг иккинчи ярмида Ўзбекистон терма жамоаси голга яқин келди, бироқ Равшан Хайруллаевнинг зарбаси дарвоза тўсини устидан ўтиб кетди.
Икки томондан ҳам бир қатор ўзгаришлар бўлганига қарамай, ҳисоб очилмади.

Дуранг Ўзбекистон терма жамоасига икки турдан сўнг тўрт очко жамғариш имконини берди — аввалроқ Ливанни мағлуб этган (4:2) ва тўплар нисбати бўйича биринчи ўринни эгаллаб турган Корея U-23 терма жамоаси ҳам шунча очкога эга. Эрон эса 2 очко билан гуруҳда 3-ўринда бормоқда.
Гуруҳ босқичининг сўнгги турида Ўзбекистон Корея билан, Эрон эса Ливан U-23 терма жамоаси билан куч синашади. Иккала ўйин ҳам 13 январь куни бўлиб ўтади (Ўзбекистоннинг ўйини 16:30 да бўлиб ўтади). Чорак финалга тўртта гуруҳдан иккитадан энг яхши жамоа чиқади.
Турнирда 16 та терма жамоа иштирок этмоқда ва 2003 йил 1 январда ва ундан кейин туғилган футболчилар иштирок этиш ҳуқуқига эга. Жорий U-23 Осиё кубоги сўнгги ноолимпия мусобақаси бўлади — кейинги циклдан бошлаб турнир ҳар тўрт йилда бир марта ўтказилади. 2024 йилги турнир финалида Ўзбекистонни мағлуб этган Япония U-23 терма жамоаси амалдаги чемпион бўлиб қолмоқда.
