Пайғамбар Муҳаммад (с.а.в.)ни хақоратли сўзлар билан тахқирлаб, диний адоватни қўзғовчи маълумотларни тарқатган самарқандлик 22 ёшли йигит Ш. А. 9 январь куни 12 суткага қамалди. Gazeta cуд қарори билан танишди.

Аввалроқ йигит Telegram гуруҳларининг биридаги баҳсда пайғамбар ҳақида хақоратли сўзлар ишлатгани акс этган скриншотлар тарқалганди. Интернет фойдаланувчилари унга фуқарога чора кўрилишини сўраб, ҳуқуқ-тартибот органларига мурожаат ҳам қилган.

Суд ҳужжатига кўра, Пахтачи тумани ИИБ ходимлари тумандаги мактабларнинг бирида тарих ўқитувчиси бўлиб ишлайдиган Ш. А.нинг қўл телефонини кўздан кечирган ва у чиндан диний адоватни қўзғовчи маълумотларни тарқатгани аниқланган.

Сўнгра Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 184−3-моддаси (Миллий, ирқий, этник ёки диний адоватни тарғиб қилувчи материалларни тайёрлаш, сақлаш ёки тарқатиш)га асосан, маъмурий баённома расмийлаштирилган.

Жиноят ишлари бўйича Пахтачи тумани судида ўтган суд мажлисида ҳуқуқбузар айбига тўлиқ иқрорлик билдирди. Унга юқоридаги модда билан 12 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.

Суд ашёвий далил сифатида қўл телефонини йўқ қилишни буюрди, шунингдек, йигитнинг Telegram`даги профилидан фойдаланиши ҳам чекланди.