Ўзбекистонда «Менинг мактабим» лойиҳасининг 2025/2026 ўқув йилидаги 2-босқичи доирасида овоз бериш босқичи бошланди. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ахборот хизмати хабар қилди.

2-босқичга 15 декабрдан старт берилган, 10 январга қадар лойиҳаларни шакллантириш ва саралаш жараёнлари бўлиб ўтди. Овоз бериш босқичи 11 январдан 20 январь соат 23:59 га қадар давом этади.

2-босқич доирасида 3- ва 5-тоифага киритилган 96 та туман (рўйхат)даги 5104 та мактаб иштирок этади. 1-босқичда ғолиблар аниқламанган 36 та мактаб (рўйхат) жорий йилги 2-босқич доирасида қайтадан иштирок этиш имкониятига эга.

«Менинг мактабим» лойиҳасида 5-синфдан 11-синфгача бўлган ҳар бир ўқувчи ўзи таълим олаётган умумтаълим мактабига доир лойиҳаларни илгари суриши ҳамда ушбу лойиҳаларга овоз бериши мумкин.

«Менинг мактабим» — умумтаълим муассасаларини ривожлантириш, ўқувчиларнинг таклиф ва ташаббусларини қўллаб-қувватлашга қаратилган очиқ лойиҳа. Иштирокчилар мактаб инфратузилмаси, таълим сифати ва муҳитини яхшилаш бўйича амалий ғояларини тақдим этади. Лойиҳа доирасида энг долзарб, инновацион ва амалга оширишга тайёр таклифлар сараланади ҳамда мукофотланади. Мақсад — мактабларни замон талаблари асосида модернизация қилиш ва ўқувчиларни фаол иштирокчи сифатида жалб этиш.