12 январь куни Тошкент шаҳрида Қуролли Кучлар ҳарбий бўлинмаларининг тантанали пиёда юришлари бўлиб ўтади, дея хабар бермоқда Gazeta`га Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати.

Тадбир Қуролли Кучлар ташкил этилганининг 34 йиллиги ва 14 январь — Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан ўтказилмоқда.

Юриш соат 11:00 да Ҳарбий хавфсизлик ва мудофаа университетидан (мўлжал: «Пушкин» метро бекати) бошланади ва соат 13:00 гача давом этади.

Ҳарбий бўлинмалар дастлаб бошланиш нуқтасидан Паркент ва Мустақиллик кўчалари бўйлаб ҳаракатланиб, Амир Темур хиёбонидаги тўхташ нуқтасида фахрий қоровул жамоаси ва қўл жанги усталарининг кўргазмали чиқишлари, бўлинмаларнинг жанговар чақириғи, ҳарбий оркестрнинг дефиле намойишлари ижро этилади.

Шундан сўнг бўлинмалар Мустақиллик ва Темирйўл кўчалари бўйлаб манзилга қайтади.

Парад йўналиши. Манба: Мудофаа вазирлиги.Парад йўналиши. Манба: Мудофаа вазирлиги.

Шу муносабат билан, 12 январь куни соат 11:00 дан 13:00 гача юқорида кўрсатилган кўчаларда транспорт ҳаракати вақтинча чекланади.

Вазирлик юзага келган ноқулайликлар учун узр сўради ҳамда пойтахт аҳолиси ва меҳмонларини байрам тадбирларида иштирок этишга таклиф қилди.