• Сб. Фев 7th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Тошкентдаги Ислом цивилизацияси маркази қандай ташкил қилинган? – Ўзбекистон янгиликлари – Gazeta


Тошкент шаҳридаги Ҳазрати Имом мажмуаси ҳудудида жойлашган Ислом цивилизацияси маркази 2026 йилнинг март ойида очилиши кутилмоқда. Мамлакатдаги энг йирик маданий-маърифий лойиҳалардан бири ҳисобланмиш бу марказдан 2000 та экспонатли музей, Усмон Қуръони («Тошкент Қуръони» номи билан машҳур «Усмон Мусҳафи»)ни кўриш мумкин бўлган намойиш зали, нодир қўлёзмалар фонди, кенг қамровли кутубхона, илмий-маърифий майдонлар ўрин олган.

Марказнинг миссияси исломни илм-маърифат, бунёдкорлик ва тараққиёт дини сифатида намойиш этиш, шунингдек, минтақанинг қадимги даврлардан ҳозирги кунгача бўлган тамаддуни ривожланиш йўлини ёритиб беришдан иборат.

Ислом цивилизацияси марказини барпо этиш ташаббуси Шавкат Мирзиёев томонидан 2017 йилда илгари сурилган. Қурилиш ишлари 2018 йилда бошланган, экспозиция ва ички мазмунни шакллантириш етти йил давом этди. Лойиҳада 800 дан ортиқ олим, эксперт, дин ва жамоат арбоблари, жумладан, 300 дан зиёд хорижий мутахассис иштирок этиб, экспонатларни илмий экспертизадан ўтказиш, танлаш ва тавсифлаш билан шуғулланди.

2025 йил август ойининг охирида давлат раҳбари Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюриб, мажмуани пардозлаш ишлари билан танишди ва бўлажак музейнинг маданий аҳамиятини алоҳида таъкидлади.

Декабрь ойида Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси Ислом цивилизацияси марказига пресс тур уюштирди. Унда журналистлар биринчилардан бўлиб музейни кўриш ва экспозиция билан танишиш имконига эга бўлди. Gazeta мажмуа қандай ташкил этилгани, унинг заллари нималарни акс эттириши ва ташриф буюрувчилар учун қандай қўшимча жойлар мавжудлиги ҳақида сўз юритади.

Мажмуа концепцияси

Ислом цивилизацияси маркази архитектура музей экспозициялари билан уйғунлашган ягона маданий макон сифатида лойиҳалаштирилган. У Тошкентнинг тарихий қисмида ўн гектардан ортиқ майдонни эгаллайди ва замонавий элементлар билан бойитилган Темурийлар даври ислом меъморчилиги услубида бунёд этилган. Бино уч қаватли бўлиб, баландлиги тахминан 34 метрли тўртта кириш эшиги ва бутун мажмуанинг меъморий доминантасига айланган 65 метр баландликдаги марказий гумбазга эга.

ислом цивилизацияси маркази

Марказнинг музей майдони олтита залдан ташкил топган: «Исломгача бўлган цивилизациялар», «Биринчи Ренессанс», «Иккинчи Ренессанс», «XX асрда Ўзбекистон», «Янги Ўзбекистон — Учинчи Ренессанс пойдевори» ва «Қуръони карим». Бу номлар кенг кўламли экспозиция ғоясини акс эттиради — у ташриф буюрувчиларга ўлка ва мамлакат ривожланишининг асосий тарихий босқичларини изчил тарзда босиб ўтиш имконини беради.

Заллар доира шаклида жойлашган ва бир-бири билан визуал жиҳатдан узвий боғланган. Безаклар, ёруғлик ва мультимедиа ечимлари ташриф буюрувчи босиб ўтаётган даврга мос равишда ўзгариб боради. Марказнинг бадиий ва ёруғлик дизайни устида маҳаллий мутахассислар билан бир қаторда Россия, Германия, Польша, Миср, Хитой ва Ҳиндистондан таклиф этилган экспертлар ҳам ишлаган.

ислом цивилизацияси маркази

Марказ экспозициясининг бир қисмини Англия, Германия ва Саудия Арабистонидан келтирилган, илгари музей ва шахсий коллекцияларда сақланган буюмлар ташкил этади.

«Олимларимиз буюмларни синчиклаб ўрганиб чиқиб, олинадиган нарсалар рўйхатини тузишди, комиссия билан келишиб, қийматларини муҳокама қилиб, сўнг уларни олиб келишди. Айрим экспонатлар доимий сақлаш учун, бошқалари эса вақтинчалик намойиш этиш учун келтирилган. Музейда асл буюмлар ҳам, уларнинг нусхалари ҳам намойиш этилмоқда. Масалан, асл нусхаси Самарқандда сақланаётган 3300 йиллик най», — дейди Ислом цивилизацияси маркази ходими Комилжон Юнусов.

Асосий экспозицияни замонавий рақамли технологиялар тўлдиради: экспонатлар ҳақида батафсил маълумот берувчи сенсорли панеллар, тарихий объектлар ва манзараларнинг 3D панорамалари, видео ва овозли проекциялар, ҳаракатланувчи элементларга эга экспонатлар, шунингдек, мустақил ўрганиш учун аудиогидлар мавжуд.

Марказнинг музей майдони

Мажмуага киришда меҳмонларни тошкентлик рассом Алишер Алиқуловнинг мозаик асарлари билан безатилган кенг зал кутиб олади. 16 та сюжетли кўп фигурали паннолардан иборат композиция бутун экспозициянинг визуал кириш қисми вазифасини ўтайди. Комилжон Юнусовнинг таъкидлашича, мозаикани яратишда Италия, Испания, Португалия ва Бразилиядан келтирилган юздан ортиқ турли тус ва рангдаги тошлардан фойдаланилган. Материалларнинг хилма-хиллиги ранглар ва фактураларнинг мураккаб палитрасига эришиш имконини берди. Бунинг натижасида тасвир ёруғлик ва ракурсга қараб турлича идрок қилинади.

ислом цивилизацияси маркази

Паннода Ислом оламининг буюк мутафаккир ва алломалари тасвирланган. Улар орасидан Ал-Хоразмий, Ал-Фарғоний, Имом Бухорий ва бошқалар ўрин олган. Рассом билимлар узвийлиги ва Ислом цивилизациясининг жаҳон илм-фанига қўшган ҳиссасини кўрсатиш учун уларнинг сиймоларини бир маконда жамлади. Мозаикалар ҳар бир олимнинг ютуқлари билан боғлиқ тафсилотларга бой бўлиб, қадам-бақадам очилиб боради ва ташриф буюрувчиларга бу шахсларнинг тарихий аҳамиятини чуқурроқ англашга ёрдам беради. Марказ ходимининг сўзларига кўра, бундай визуал унсурлар бадиий асарни Ислом дунёсининг интеллектуал мероси ҳақидаги мустақил ҳикояга айлантиради.

ислом цивилизацияси маркази

Экскурсия йўналиши «Исломгача бўлган цивилизациялар» залидан бошланади. Бу залда минтақанинг Исломгача бўлган маданий меросини намойиш этилади. Бу ерда тўпланган музей ашёлари бир неча минг йилликларни қамраб олади: мезолит даври қоятош расмларидан тортиб бронза даври ёдгорликларигача. Улар ўша давр ҳунармандчилиги ва бадиий анъаналарининг ривожланиши ҳақида тасаввур уйғотади.

Залда Бақтрия цивилизациясига алоҳида эътибор қаратилган. Бронза даврига оид сопол буюмлар, тақинчоқлар ва ибодат ашёлари қурғоқчил иқлим шароитида барқарор аҳоли манзилгоҳларини яратишга имкон берган ривожланган суғориш тизимлари ҳақида ҳикоя қилади.

Хона марказига ноёб экспонат — тахминан 2 минг йиллик гилам жойлаштирилган.

Шундан сўнг экспозицияда Хоразм ва Сўғд маданиятлари, Зардуштийлик даври ва Ипак йўлининг равнақ топган даврига оид моддий далиллар кўриниш беради.

Иккинчи зал кўпинча Биринчи Ислом Ренессанси деб юритиладиган давр — IX-XII асрларга бағишланган. Бу даврда Марказий Осиё дунёнинг муҳим илм-фан марказларидан бирига айланган.

Экспозиция Исломни, аввало, илм-фан, фалсафа, тиббиёт ва математика ривожланган маданий муҳит сифатида намойиш этади. У машҳур олим ва уламолар — Ал-Хоразмий, Ал-Фарғоний, Имом Бухорий, Имом Термизий, Ал-Мотуридий ва бошқаларнинг шахсиятлари атрофида қурилган. Уларнинг асарлари ва жаҳон тафаккурига таъсири ҳақида залда тақдим этилган қўлёзмалар ва мультимедиа материалларида ҳикоя қилинади. Бу ерда тахминан 800 йил олдин ишлатилган Каъба эшигининг асл калити, эшикнинг нусхаси ва бир вақтлар уни қоплаган кисванинг парчалари намойиш этилмоқда.

«Иккинчи Ренессанс» деб номланган учинчи зал Темурийлар салтанати даврига — Марказий Осиёда санъат, илм-фан ва давлат бошқаруви гуллаб-яшнаган даврга (XIV-XV асрлар) бағишланган. Экспозициянинг асосий дурдонаси бир пайтлар буюк саркарда ва ҳукмдорга тегишли бўлган Қуръоннинг қўлёзма нусхасидир.

Тўртинчи зал XX аср — хонликларнинг парчаланиши ва янги давлатларнинг шаклланиши даври билан таништиради. Минтақа ҳаётини маданият ва жамиятдаги ўзгаришларни ёрқин акс эттирувчи олимлар, файласуфлар, адибларнинг асарлари, архив фотосуратлари, ҳужжатлар ва уй-рўзғор буюмлари гавдалантиради.

Музейнинг «Янги Ўзбекистон — Учинчи Ренессанс пойдевори» деб номланган зали мамлакатнинг ҳозирги тараққиёт босқичига бағишланган бўлиб, маданий ва илмий анъаналарнинг қайта тикланишини кўрсатиб беради. Экспозиция марказида Ўзбекистон байроғининг улкан проекцияси жойлашган бўлиб, у маълум бир бурчак остида дарахтга айланади ва халқнинг табиатга бўлган муҳаббатини рамзий ифодалайди. Бу ерда замонавий кандакорлик, гиламдўзлик, ёғоч ўймакорлиги, кулолчилик, заргарлик, наққошлик ва бошқа соҳалардаги усталар томонидан яратилган амалий-безак санъати намуналарини ҳам кўриш мумкин.

Қуръони карим зали музейнинг маънавий қалби ҳисобланади. Унинг марказидан қатъий муҳофазага олинган қадимий Усмон Мусҳафи — Қуръони каримнинг VII асрга оид халифа Усмон даврида кўчирилган қўлёзма нусхаси ўрин олган. Қўлёзма муқаддас матнларни ёзиш ва безашнинг илк анъаналарини акс эттиради ва Ислом маданиятининг энг нодир ёдгорликларидан бири саналади. Ислом цивилизацияси марказига топширилгунга қадар бу ноёб қўлёзма Ҳазрати Имом мажмуасидаги Мўйи муборак мадрасасида сақланиб келган.

Экспонатни асраш мақсадида унга яқинлашиш ёки суратга олиш тақиқланган, бироқ залда қўлёзманинг тарихи ва хусусиятларини батафсил ўрганиш имконини берувчи кўплаб нусхалар ва мультимедиа материаллари мавжуд.

ислом цивилизацияси маркази

Экспозицияда Усмон Қуръонидан ташқари, Сомонийлар, Қорахонийлар, Хоразмшоҳлар, Темурийлар, Шайбонийлар ва Аштархонийлар (Жонийлар) даврида яратилган Қуръоннинг қўлёзма нусхалари ҳам ўрин олган. Қўлёзмаларнинг бир қисми эски ўзбек тилидаги таржималари билан тақдим этилган.

Кутубхона, фондлар ва маърифий зоналар

Ислом цивилизацияси маркази нафақат музей, балки доимий фаолият юритувчи илмий-маърифий муассаса бўлиши ҳам режалаштирилган. Шу боис биринчи қаватда кўргазма заллари билан бир қаторда илмий-тадқиқот, халқаро алоқалар, Нодир қўлёзмалар миллий реестрини юритиш, зиёрат туризми, манбашунослик ва нашриёт фаолияти каби қатор бўлимлар ҳам ташкил этилган. Улар ҳар куни иш олиб боради.

ислом цивилизацияси маркази

Мажмуанинг иккинчи қаватини кенг кутубхона ва архив фонди эгаллаган. Унинг тўпламида 100 мингдан ортиқ қўлёзма ва тошбосма, 200 мингга яқин босма нашр ҳамда миллиондан зиёд электрон форматдаги материаллар мавжуд. Фонднинг асосини Қуръон ва ҳадисларга оид асарлар, илоҳиёт ва фалсафий тадқиқотлар, Биринчи ва Иккинчи Ренессанс, Ислом цивилизацияси тарихи бўйича илмий ишлар, шунингдек, шеърият ва гуманитар фанлар соҳасидаги тадқиқотлар ташкил этади.

ислом цивилизацияси маркази

Нолинчи қаватда музейнинг болалар бўлими жойлашган, бу мураккаб тарихий ва диний мавзулар визуал образлар, мультимедиа инсталляциялари ва ўйин форматлари орқали тушунтириладиган интерактив макондир.

Бундан ташқари, марказ илмий анжуманлар, маърузалар ва халқаро учрашувлар ўтказиш учун конференция заллари ва тадқиқот майдончаларини ўз ичига олган. Ислом цивилизацияси маркази Исломшунослик академияси, Имом Бухорий илмий-тадқиқот маркази ва Имом Термизий маркази билан ҳамкорлик қилади. Уларнинг ходимлари конференциялар, вақтинчалик кўргазмалар ва таълим дастурларида иштирок этиш имкониятига эга бўлади.

ислом цивилизацияси маркази

Шунингдек, бинода материалларни рақамлаштириш ва қайта тиклаш лабораториялари, устахоналар, ноёб буюмлар ва қўлёзмалар учун сақлов хоналари, қимматли нашрларни таржима қилиш ва кодлаш бўлимлари жойлашган. Бу нафақат марказ тўпламини сақлаш, балки бошқа музейлар ва шахсий коллекциялардан келиб тушган буюмларни илмий асосда қайта тиклаш имконини беради.

Маъмурий биноларнинг бир қисми UNESCO, ISESCO, TURKSOY, IRCICA каби халқаро ташкилотлар учун ажратилган.

ислом цивилизацияси маркази

Ислом цивилизацияси марказига кириш чипталари нархи ҳали тасдиқланмаган.

Мактаб ўқувчилари ва талабалар сешанба ва жума кунлари мажмуага бепул ташриф буюришлари, ҳар ойнинг биринчи якшанбаси ва байрам кунлари эса барча учун кириш бепул бўлиши кўзда тутилмоқда.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *