Бухоро вилояти Қоракўл туманида 20 нафар ўқув маркази абитуриенти заҳарлангани айтилмоқда. Ҳолат юзасидан вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси маълумот бер.
Қайд этилишича, 11 январь куни Қоракўл туманидаги ўқув марказида ўқиётган абитуриентлардан 20 нафари саломатлиги ёмонлашгани юзасидан тез тиббий ёрдам хизматига хабар келиб тушган. Улар туман тиббиёт бирлашмасига олиб келинган.
Вилоят ҳокимининг тезкор топшириғига кўра, соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Элёр Олтиев иштирокида ишчи гуруҳ тузилиб, ҳодиса жойига етиб борилган. Барча беморлар Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тегишли стандартлари асосида лаборатор ва инструментал текширувлардан ўтказилган.
«Кўрилган тиббий чора-тадбирлар натижасида барча 20 нафар беморнинг аҳволи яхшиланди ва улар амбулатор даволаниш учун уйига жавоб берилди. Ҳар бир беморга ҳудудий оилавий шифокор ва патронаж ҳамшираси бириктирилди. Айни пайтда барчасининг аҳволи қониқарли, шикоятлари мавжуд эмас», — дейилади хабарда.
Бошқарманинг қўшимча қилишича, улардан тегишли қон намуналари олиниб, белгиланган тартибда экспертизага юборилган.
