Ўзбекистондаги аэропортлар, автовокзаллар ва автостанцияларнинг номлари давлат тили қоида ва меъёрларига мувофиқлаштирилиб, айримларига эса янги ном берилади. Бу Вазирлар Маҳкамасининг 9 январдаги қарорида [3-сон] кўзда тутилган.
Ҳужжатга кўра, Транспорт вазирлиги уч ой муддатда:
- аэропортлар, автовокзаллар ва автостанциялар номларининг давлат тили қоида ва меъёрларига мувофиқлаштирилиши ҳамда янги ном берилиши муносабати билан тегишли ҳужжатлар, хариталар, маълумотлар базаларига ўзгартиришлар киритилишини;
- аэропортлар, автовокзаллар ва автостанцияларда ўрнатилган пешлавҳалар ҳамда ахборот кўрсаткичларидаги ёзувларнинг давлат тили қоида ва меъёрларига мувофиқ лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида ёзилишини таъминлаши керак.
Қарорга мувофиқ, Ўзбекистон бўйича жами 161 та аэропорт, автовокзал ва автостанциялар номлари давлат тили қоида ва меъёрларига мувофиқлаштирилади, 21 тасига эса янги ном берилади.
Хусусан, Сурхондарё вилоятидаги Музрабод автостанцияси Muzrabot, Фарғона вилоятидаги Боғдод автостанцияси Bag‘dod, Абу-Сахий автостанцияси Abu Saxiy деб ўзгартирилмоқда. Тошкентдаги Тошкент-Шарқий аэропорти Toshkent-Humo, Хоразмдаги Урганч автостанцияси O‘zbekiston, Навоийдаги Кармана автовокзали Navoiy деб қайта номланмоқда.
Эслатиб ўтамиз, ҳукуматнинг 17 октябрдаги қарорига мувофиқ «Ўзбекистон темир йўллари»га қарашли барча вокзал, станция ва разъездлар номлари, 10 ноябрдаги қарори билан эса Ўзбекистондаги айрим дарёлар, сойлар, кўллар, булоқлар, шаршаралар, сув омборлари ва сел сув омборларининг номлари давлат тили қоида ва меъёрларига мувофиқлаштирилиши белгиланган эди.
Шунингдек, Ўзбекистонда 2026 йилдан янги қурилаётган турар жой мажмуалари номлари давлат тилида — ўзбекча бўлиши талаб этилади. Шунингдек, объект паспорти, пешлавҳа ва қурилиш майдони тўсиқларидаги бошқа ёзувлар давлат тилида бўлиши, унга оид реклама ва эълонларда ўзбекчадан фойдаланиш мажбурий бўлади.
