Қорақалпоғистон Мўйноқ ҳудудидаги яна бир янги излов қудуғида катта босимда табиий газ оқими аниқланди, дея хабар қилди «Ўзбекнефтгаз».
Хусусан, Устюрт минтақасидаги «Мўйноқ» кони яқинида жойлашган Шагирлик-қуйи юра 2-сонли излов қудуғида саноат миқиёсида табиий газ оқими аниқланди. Бу майдон Тоғ-конь саноати ва геология вазирлиги тасарруфидаги «Ўзбекгеофизика» АЖ ва «Нефть ва газ конлари геологияси ҳамда қидируви институти» ДМ томонидан 3D сейсмик қидирув ишлари маълумотлари асосида чуқур излов бурғилашга тайёрланган.
2026 йилнинг 10 январь санасида қудуқ туби қуйи юра қатламларида 5265 метр чуқурликкача бурғиланиб, 5265−5061 метр чуқурлик оралиғида табиий газ уюмлари аниқланган.
Қайд этилишича, қуйи юра қатламларининг геологик тузилишини ўрганиш ҳамда аниқланган газ уюмларининг тарқалиш чегарасини аниқлаш мақсадида ушбу майдонда навбатдаги 3 ва 4 сонли излов-қидирув қудуқларини бурғилаш режалаштирилмоқда.
Қудуқ «Ўзбекгеофизика» ва унинг таркибида фаолият олиб бораётган Лойиҳа бошқарув офисининг мутахассислари томонидан бурғиланган.
Сентябрь ойи ўрталарида президент Шавкат Мирзиёев Устюрт платосида рекорд даражадаги 6,5 км чуқурликда «жуда йирик газ кони» топилганини эълон қилганди. «Ўзбекнефтгаз» раҳбари Баҳодир Сидиқов аниқлик киритишича, гап Қорақалпоғистоннинг Мўйноқ туманидаги «Мўйноқ» газ кони ҳақида кетмоқда. 26 июль куни 5000 м чуқурликка мўлжалланган биринчи қидирув қудуғини бурғилаш пайтида 4707 м чуқурликда газ чиқиши содир бўлган. Авария бир ой давомида бартараф этилган.
«Биз яхшигина кон топдик. Афсуски, биринчи қудуқда авария содир бўлди. Бир ой ичида уни бартараф қилишди. Худога шукур, бизда бахтсиз ҳодисалар бўлмади, ҳаммаси яхши. Биз раҳбаримиз айтган бу қатламни фақатгина биринчи, энг кўпи билан 5 метрга очишга улгурдик. Ва бу 5 м аномал юқори босимни кўрсатмоқда. Бунақасини институтда учратмагандик. Бошқа минтақалар ҳудудида ҳам учратмагандик», — деганди у.