• Сб. Фев 7th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

«Ягона норозилик нотаси бериш керак». Жамоатчилик — россиялик телебошловчининг Марказий Осиёда ҳам «ҳарбий операция» ўтказиш таклифи ҳақида


Россиялик телебошловчи Владимир Соловьёв Россия Украинада бўлгани каби Арманистон ва Марказий Осиё давлатларида ҳам «махсус ҳарбий операция» бошлаши кераклиги ҳақида гапириб, у буни «миллий хавфсизликни таъминлаш масаласи» деб атади. Соловьёвнинг ушбу нутқи интернетнинг ўзбек сегментида кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Gazeta жамоатчилик фаолларининг фикрларини бир жойга жамлади.

«Юксалиш» умуммилий ҳаракат раиси Бобур Бекмуродовнинг айтишича, бундай провокациялар фақат ва фақат қўшниларни душманга айлантиради.

«Замон ўзгарди. Халқлар тақдири телестудиялардаги бақир-чақирлар ёки «катта оғалар»нинг кўрсатмаси билан ҳал қилинадиган даврлар тарих ахлатхонасига кетганига анча бўлди. Сарҳадларимиз — бизнинг ор-номусимиз. Мустақиллигимизга бўлган ҳар қандай таҳдид «итоаткорлик» билан эмас, миллатимизнинг бирдамликдаги қатъий зарбаси билан қарши олинади. Бундай провокациялар фақат ва фақат қўшниларни душманга айлантиради. Бизда ўз уйимизни ҳимоя қилиш учун ирода ҳам, ресурс ҳам, жасорат ҳам етарли. Мустақиллигимиз абадий бўлсин», — деб ёзади Бекмуродов.

ЎзЖОКУ ректори, сиёсатшунослик фанлари доктори, профессор Шерзодхон Қудратўжа Соловёвнинг чиқишини «тормозсиз пропаганда» деб атади.

«Владимир Соловёв илгари маскировка қилишга уриниб келишган нарсани жонли эфирда очиқча айтиб қўйди: халқаро ҳуқуққа тупуриб қўйса бўлади, северенитет — шунчаки қоғоздаги нарса, ўзга давлатларни эса „таъсир остидаги ҳудуд“ деб аташ мумкин „Бизнинг Осиё“ формуласи — тасодифан айтиб юборилган ибора эмас, соф мустамлакачи тили, бундай давлатлар объектга, чегаралар эса шунчаки тўсиққа айланади … Албатта, Соловёв худди булбулигўё каби, айтган гапининг оқибатига жавоб бермасдан баланд овозда, авжли қилиб, чиранганча сайрамоқда, дейиш ҳам мумкин. Яна бу Россия олий доираларининг позицияси эмаслиги, мамлакат ички аҳолисига таъсир кўрсатиш учун навбатдаги пропагандистик номер эканига ишонгинг келади. Лекин яқин тарих бунақанги „хонишлар“ шунчаки гап сифатида қолиб кетмаётганини тез-тез исботлаб турибди», — дейилади постда.

«Экран орқали „ҳуқуққа тупурамиз“ деб айтилганда, гап риторика ҳақида кетмаяпти. Гап-ният ҳақида. Тарих бундай баёнотларни ҳиссиёт сифатида эмас, балки далил сифатида қайд этади. Ва ҳар сафар унинг охири бир хил бўлади-эфирдаги алжиш билан оқлаб бўлмайдиган оқибатлар билан. Бу мантиқнинг давоми очиқ-ойдин ва шу боис айниқса хавфли. Агар халқаро ҳуқуқ „мажбурий эмас“ деб эълон қилинса, суверенитет эса шартли тушунчага айланса, пропаганда чизиб берган дунёда на иттифоқчилар, на келишувлар, на кафолатлар қолади. Фақат кучли томоннинг ҳуқуқи қолади-у эса „хавфсизлик“ деб қайта номланади», — дейди Шерзодхон Қудратўжа.

Блогер Никита Макаренкога кўра, Соловёв ўз ғояларини айтмайди. У етказиш буюрилган хабарларни эфирга узатади.

«Озарбайжон мисолида «Рус уйи» каби ташкилотлар, юртимиздаги тарғибот ОАВлари ва уларга хайрихоҳ бўлган «бешинчи колонна» фаолиятини жуда синчковлик билан кўриб чиқиш керак. Бу ташкилотларнинг барчаси Ўзбекистондаги русийзабон озчиликнинг манфаатларини ифодаламайди. Улар империалистларнинг манфаатларини илгари сурмоқдалар. Биз, русийзабон Ўзбекистон фуқаролари, тинч, суверен Ўзбекистон ғояси атрофида жипслашиб, мустамлакачи «хўжайинлар»сиз, ўз мустақил ҳаётимизни қуришимиз ва ўз уйимизни ҳимоя қилишимиз керак», — дейди у.

Жамоат арбоби Азиза Умарова Соловьёвнинг ушбу баёнотидан сўнг режиссёр Шухрат Аббасовнинг «Отамдан қолган далалар» фильмини эфирга чиқариш вақти келганини таъкидлади.

«Фильм премьерасдан сўнг дарҳол тақиқланган ва 1997 йилдан бери оммавий майдонда намойиш этилмаган (фақат YouTube’га жойланган). Фильм Тоғай Муроднинг романи асосида суратга олинган бўлиб, у ўтмиш ва оддий одамлар ҳаёти ҳақидаги ниҳоятда лирик, таъсирчан ва ростгўй бадиий мулоқотнинг кам учрайдиган намунасидир. Бундай асарлар мактабларда тарих дарсларининг бир қисми бўлиши, шунингдек, телевидение эфирларида янграб туриши керак. Чунки айнан улар маънавий иммунитетни шакллантиради ва бундай баёнотларнинг мазмун-моҳиятини англашга ёрдам беради», — деб ёзади у.

Журналист Илёс Сафаровнинг фикрича, рус пропагандист журналистининг мазкур баёноти шунчаки ҳайп эмас, балки Россия пропагандасининг энг тажовузкор ва хавфли йўналишларини ифодаловчи сиёсий сигналдир.

«Соловёв Путинга яқин шахс сифатида кўп ҳолларда Кремль доираларида шаклланаётган қарашларни оммага мослаб, баландроқ ва кескинроқ шаклда ифодалаб келади, шу боис ҳам унинг бу чиқишини оддий телебаҳс даражасида баҳолаб бўлмайди. Бу риторика шунингдек, халқаро ҳуқуқни четга суриб, мустақил давлатларга „таъсир доираси“ деган тушунча орқали босим ўтказишни нормал ҳолат сифатида кўрсатишга уриниш ҳам. Бундай ёндашув у етиб борадиган жамиятлар онгини зўравонлик ва ҳарбий аралашувга олдиндан тайёрлашга хизмат қилади. Айниқса, Марказий Осиё каби геосиёсий жиҳатдан „сезгир“ минтақа учун бу каби баёнотлар реал хавф сифатида қабул қилиниши керак», — дейди у.

Унга кўра, Ўзбекистон ва минтақанинг бошқа давлатлари бу чиқишни шунчаки телебаҳс, оддий шов-шувли фикр эмас, балки Россия сиёсий тафаккурида мавжуд бўлган хавфли тенденциянинг очиқ ифодаси сифатида баҳолаши керак.

«Шу сабабли суверенитет ва ҳудудий яхлитликка очиқдан-очиқ шубҳа солаётган Соловёв каби шахслар энг камида хоҳланмайдиган шахс (персона нон грата) сифатида белгиланиши мантиқан асосли қарор бўлади. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги нимани кутяпти, ишлатсин ўтган йили кучга кирган янги тартибни. Қонунлар „антиквар“ эмаски, ишлатмасдан сақлаб қўйилса. У аввало давлатлар суверенитетини менсимайдиган шундай нусхалар учун ишлаши керак. Чунки бугун пропаганда тилида айтилган фикрлар эртага амалий сиёсий қарорларга айланиши тарихда кўп бор исботланган, исботланяпти ҳам», — дея қўшимча қилди Сафаров.

Иқтисодчи Отабек Бакиров Соловёвнинг бу чиқишини қиморбозлардан калтак еган муштумзўрнинг аламини тинч кетаётган одамлардан олганига ўхшатди.

«Сурия ва Венесуэладан тепилганларнинг пропагандачиси минтақамизга таҳдид қилаяпти. Бу худди қиморбозлардан калтак еб, афти мажақланган муштумзўр ўз йўлида тинч кетаётганларга дағдаға қилишига ўхшайди», — дейди у.

«Уч кун қор ёғувди, қорини курай олмай ётишипти. Дағдағасига ўласанми? Ўзинг ҳар йили миллион аҳолининг қуриб, ботаётган бўлсанг, ҳар йили 2 миллионга ўсаётган 85 миллионлик Марказий Осиёга дўқ уришинга бало борми?» — деб савол қўйган иқтисодчи. Бакировнинг фикрича, нима бўлганда ҳам бундай пўписаю баёнотларни жавобсиз қолдирмаслик ва Марказий Осиё давлатлари биргаликда нота бериш керак, ягона позицияда эканимизни кўрсатиш лозим.

Собиқ депутат, Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси маслаҳатчиси Расул Кушербаев бу йўл билан Соловёв Марказий Осиё давлатларига очиқчасига таҳдидга ўтаётганини қайд этиб, Ўзбекистон ТИВни ҳолат бўйича кескин муносабат билдиришга чақирган.

Ўзи нима гап?

Россиялик телебошловчи ва тарғиботчи Владимир Соловьёв Россия Украинада бўлгани каби постсовет ҳудудидаги бошқа мамлакатларда ҳам «махсус ҳарбий операция» деб аталмиш ҳаракатни бошлаши кераклигини маълум қилди. У ушбу баёнотни ўзининг «Соловьёв LIVE» муаллифлик дастури эфирида айтиб ўтди.

Соловьёвнинг фикрича, Москва учун устувор вазифа Сурия ёки Венесуэладаги воқеалар эмас, балки Арманистон ва Марказий Осиё давлатлари бўлиши керак.

Бунга тўхталишдан олдин у Дональд Трампнинг Гренландия ва Венесуэла бўйича позициясига мурожаат қилди.

«Менга Гренландия керак — уни оламан, барча келишувларга тупураман. Менга Венесуэла керак — уни оламан», — деди телебошловчи Трампнинг позициясини такрорларкан.

«Арманистоннинг йўқотилиши — мана бу улкан муаммо. Бизнинг Осиёдаги… Марказий Осиёдаги муаммолар — мана шу биз учун улкан муаммо бўлиши мумкин. Ва биз ўз мақсад ва вазифаларимизни жуда аниқ шакллантириб олишимиз шарт», — деди Соловьёв гапини давом эттириб.

«Халқаро ҳуқуққа ҳам, халқаро тартибга ҳам тупурдик. Агар миллий хавфсизлигимизни таъминлаш учун Украина ҳудудида махсус ҳарбий операция бошлашимиз зарур бўлган экан, нега энди айнан шу мантиқдан келиб чиқиб, таъсир доирамиздаги бошқа нуқталарда ҳам бундай операцияларни бошлай олмас эканмиз?» — деди у.

«Балки бизга миллий доктринамизни аниқ ифодалаб олиш керакдир? Ва бизнинг таъсир доирамиз қаерда эканини очиқ айтишимиз лозим. Шунда ҳаммаси ойдинлашади. Ҳаммаси…» — деб қўшиб қўйди телебошловчи.

Владимир Соловьёв учун бундай ҳолатлар биринчиси эмас. Жумладан, 2022 йилда Белурусь президенти Александр Лукашенко Ўзбекистон Иттифоқ давлатига қўшилиши мумкинлиги бўйича фикр билдирганди. Ўшанда президентдан интервью олган Соловьёв ҳам ўзбек жамоатчилиги танқидига учраган. Ҳуқуқшонос блогер Хушнудбек Худойбердиев уларнинг иккисини ҳам «кун бўйи маҳалла бошида ўтириб, ўтганни ҳам, кетганни ҳам муҳокама қиладиган… кампирлар» деб таърифлаганди.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *