Қашқадарё вилояти Қарши шаҳрига Хитойда ишлаб чиқарилган 43 дона янги автобус олиб келинди, дея хабар бермоқда шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати.

Автобуслар тадбиркорлар томонидан инвестиция маблағлари ва банк кредитлари асосида келтирилган бўлиб, умумий қиймати 3 млн 300 минг долларни ташкил қилади. Уларнинг 37 таси Yutong, 6 донаси эса Asiastar русумидаги автобуслардир.

Транспорт вазирлиги хабарига кўра, улар Қарши шаҳрининг транспорт бош режаси асосида белгиланган 4 та йўналишларга жойлаштирилмоқда.

Натижада шаҳарда брутто-шартнома тизимида хизмат кўрсатувчи автобус йўналишлари сони 12 тани ва уларда ҳаракатланадиган автобуслар сони 139 тага етади. Ушбу автобуслар бир кунда 150 минг нафар аҳолига хизмат кўрсатиш қувватига эга.

«Жамоат транспорти совитиш ва иситиш тизимлари, оралиқ бекатлар ҳақида овозли эълонлар, электрон тўлов тизими ҳамда ногиронлиги бўлган фуқаролар учун махсус қулайликларга эга», — дейилади ҳокимлик хабарида.

Таъкидланишича, 2026 йилда 5 та ташаббускор тадбиркор томонидан яна 100 дона Хитойда ишлаб чиқарилган замонавий автобусларни харид қилиш ҳамда 9 та брутто-шартнома йўналишларига жойлаштириш бўйича ишлар олиб борилмоқда.