• Сб. Фев 7th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Тошкентда юқори тезликда автомобиль ҳайдаб, икки кишининг ўлимига сабаб бўлган фуқаро 8 йилга қамалди


Тошкентда Cobalt автомобилида ЙТҲ содир этиб, икки йўловчининг ўлимига сабаб бўлган 27 ёшли ҳайдовчига суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда «Овоза» дастурида хабар берилди.

Ҳодиса 2025 йил 31 август куни юз берган. 17 ёшли қиз ва 24 ёшли йигит ўзларига таниш бўлган шахсдан уларни манзилга етказиб қўйишни сўраган. Сафар давомида ҳайдовчи йўл ҳаракати қоидаларини қўпол равишда бузиб, тезликни оширган ва бошқарувни йўқотиб, темир устунга бориб урилган. Йўловчилардан бири воқеа жойида, иккинчиси шифохонада вафот этган.

Маълум бўлишича, айбланувчи автомобилни яқинда сотиб олган. Унинг илк сафари айнан ушбу фожиа билан якунланди, дейилади хабарда. «Миллар» дастурида аниқлик киритилишича, ҳайдовчи соатига 80−90 км тезликда ҳаракатланган.

Айбланувчининг отаси судда автомобилни қарзларини ёпиш мақсадида олганини маълум қилди: «Ҳамма нарсадан қарз кўпайиб кетди-да. Битта машина олиб берсам, қарзлар ёпилиб кетади деб, машина олиб берган эдим. 7 соатгина ҳайдади».

Қайд этилишича, айбланувчи олдиндан ҳайдовчилик қилмаган, у марҳум йигитнинг яқин таниши бўлган. Суд жараёнида марҳумларнинг яқинлари айбланувчига нисбатан даъвоси йўқлигини билдириб, унга енгилроқ жазо тайинланишини сўраган.

Жиноят ишлари бўйича Янгиҳаёт туман суди томонидан судланувчи Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми «a» бандида (Транспорт воситасини бошқарувчи шахс томонидан транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш одамлар ўлимига сабаб бўлиши) назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилди ва унга шу модда билан 3 йил муддатга барча турдаги транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, 8 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Жазони манзил-колонияда ўташ белгиланди.

Шунингдек, судланувчидан фуқаровий даъвогар фойдасига 51,1 млн сўм моддий зарар ундирилиши белгиланди.

ИИВ маълумотларига кўра, 2025 йилнинг январь-ноябрь ойларида ЙТҲ ҳодисалари камайиб, 8738 тани ташкил этган (2024 йилда — 9365 та). Январь-сентябрь ойларида 5895 та йўл-транспорт ҳодисаси қайд этилган. Уларда 1303 киши вафот этган, 4592 киши жароҳат олган. ЙТҲларнинг 2689 таси пиёдалар иштирокида содир этилган.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *