• Сб. Фев 7th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Антикоррупция агентлиги ҳукуматга Озодбек Назарбековни тўйда пул олгани учун жазолашни таклиф қилди


Маданият вазири Озодбек Назарбековнинг тўйда қўшиқ айтиб, қистирилган пулларни қабул қилгани акс этган видео ортидан Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Назарбековни интизомий жавобгарликка тортиш масаласини кўриб чиқиш бўйича ҳукуматга сўров юборди. Бу ҳақда агентлик ахборот хизмати Gazeta сўровига жавобан маълум қилди.

Антикоррупция агентлигига кўра, вазир билан боғлиқ тўйдаги ҳолатда давлат хизмати ва одоб-ахлоқ тўғрисидаги қонунчилик нормалари бузилган. Агентликнинг эслатишича, «Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги қонуннинг 13-моддаси, шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 595-сонли қарори билан тасдиқланган Давлат хизматчилари одоб-ахлоқи ва хулқ-атворининг намунавий қоидаларининг 13-банди давлат хизматчиларининг педагогик, илмий ва ижодий фаолиятдан ташқари ҳақ тўланадиган бошқа турдаги фаолият билан шуғулланишини тақиқлайди.

Бундан ташқари, давлат хизматчилари иш вақтида ҳам, ишдан ташқари вақтда ҳам давлат хизматининг обрўсига путур етказиши мумкин бўлган хатти-ҳаракатлардан ўзини тийиши, ахлоқ нормаларига доимо риоя этиши шарт.

Ушбу қоидаларнинг 7-бандига кўра, давлат хизматчиси ўзининг хулқ-атвори ва ахлоқий фазилатлари учун жамоатчилик томонидан танқид қилинмаслик чораларини кўриши, асосли ва конструктив танқиддан ўз фаолиятидаги камчилик ва нуқсонларни бартараф этиш учун фойдаланиши керак.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Озодбек Назарбековни интизомий жавобгарликка тортиш масаласини кўриб чиқиш ва унга қонунчилик талабларига риоя қилиш бўйича қатъий огоҳлантириш бериш тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига сўров юборди.

Шунингдек, агентликнинг маълум қилишича, келгусида давлат хизматчиларининг одоб-ахлоқ қоидаларига зид хатти-ҳаракатлари доимий назоратга олинади.

Ўзи нима бўлганди?

Тармоқларда маданият вазири Озодбек Назарбековнинг тўйда қўшиқ ижро этаётгани ва унга қистирилган пулларни қабул қилаётгани акс этган видео тарқалди. Ушбу видео тармоқ фойдаланувчилари томонидан кенг муҳокама қилинмоқда. Айримлар Озодбек Назарбековнинг санъат вакили экани, шу сабабли тўй-тадбирларда мухлислар даврасида қўшиқлар айтавериши ва концертлар тақдим этиши кераклигини ёзса, баъзилар унинг вазир сифатида тўйлардан даромад топиши нотўғри эканини таъкидлади.

Маданият вазирлиги ахборот хизматининг Gazeta`га изоҳ беришича, тасвирдаги ҳолат 2025 йил 25 октябрь куни вазирлик ходимининг никоҳ тўйида бўлган.

«Видеода вазир Озодбек Назарбековга мухлислар томонидан пул узатилгани акс этган. Шу билан бирга, вазир ушбу ҳолатни олдиндан режалаштирмагани, юзага келган вазиятда фуқароларнинг хоҳиш-иродасини рад этиш уларни омма олдида ноқулай аҳволга солиб қўйиши, камситиш ёки менсимаслик сифатида нотўғри талқин қилиниши мумкинлиги инобатга олинган ҳолда, ҳолатга ижобий муносабат билдирилганини кузатиш мумкин. Тўй маросимларида хонандаларга пул узатиш ёки узатмаслик амалдаги қонунчилик билан тақиқланмаган бўлиб, бу ҳолат халқимиз орасида асрлар давомида шаклланган миллий урф-одат ва қадриятларнинг бир қисми ҳисобланади. Ўзбекона анъаналарда бундай жараёнлар „орзу-ҳавас“ сифатида эътироф этилиб келинади», — дейилади расмий ахборотда.

Таъкидланишича, Озодбек Назарбеков — нафақат маданият вазири, балки таниқли ўзбек хонандаси, Ўзбекистон, Қорақалпоғистон, Тожикистон ва Қирғизистон халқ артисти, шунингдек, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими ҳисобланади.

«Унинг касбий фаолияти бевосита миллий қўшиқчилик санъати билан боғлиқлиги сабабли тўй маросимида кузатилган ҳолат вазирнинг касбий фаолияти билан боғлиқ вазият сифатида баҳоланиши лозим. Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, ҳар бир инсон эгаллаб турган лавозимидан қатъи назар, ўз танлаган касбидан айро бўла олмайди. Мазкур ҳолат ҳам айнан шу нуқтайи назардан келиб чиққан», — дейилади вазирлик изоҳида.

Эслатиб ўтамиз, 2024 йилда ҳам Озодбек Назарбеков эркаклар кийимлари дўконининг рекламасида кўриниш берганди. Ўша ҳолат ҳам жамоатчилик муҳокамаларига сабаб бўлган. Маданият вазирлиги матбуот хизмати у моддий манфаат кўзламаганини айтганди. Рақобат қўмитаси дўконни реклама қонунчилигини бузган деб топган ва уни жаримага тортган.

Шунингдек, 2025 йилда Озодбек Назарбеков Kokand University рекламасида кўриниш берган. Вазирлик ахборот хизмати ушбу ҳолатга изоҳ бериб, вазирнинг видеодаги тавсиялари «ижтимоий фойдали ахборот» бўлиб, «даромад олишга қаратилмаган» дея муносабат билдирган.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *