Қонунчилик палатасида Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракцияси йиғилишида Самарқанд вилоятининг Самарқанд туманини тугатиш, Оқдарё, Пастдарғом, Тойлоқ туманлари ва Самарқанд шаҳри чегараларини ўзгартириш тўғрисидаги қарор лойиҳаси кўриб чиқилди.
Унга кўра, Самарқандни «миллионли шаҳар»га айлантириш, замонавий архитектура ечимларига эга турар жой ва нотурар биноларни қуриш, аҳолининг уй-жойларга бўлган талабини тўла қондириш, ҳудудларни инфратузилма билан таъминлаш орқали аҳолига муносиб яшаш шароитини яратиш мақсадида Самарқанд тумани алоҳида маъмурий-ҳудудий бирлик сифатида тугатилмоқда.
ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси Диёр Ҳусановнинг айтишича, чегаралар ўзгартирилиши ҳисобига Самарқанд шаҳри ҳудуди 11,8 минг гектардан 28,9 минг гектаргача кенгайиб, янги инвестиция ва қурилиш лойиҳалари учун «кенг имкониятлар яратилмоқда».
«Янги туристик лойиҳалар, ўйин майдонлари, аквапарк, ҳаво шарлари, истироҳат боғлари каби кўнгилочар туризм ва дам олиш масканлари ташкил этилади, янги яшил ҳудудлар ва хизмат кўрсатиш объектлари ва логистика марказлари қурилади», — деди у.
Мунозаралардан сўнг қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қўллаб-қувватланди.
Ўтган йил ноябрь ойидаги йиғилишда президент Оқдарё, Пайариқ, Пастдарғом, Тойлоқ ва Самарқанд туманидаги 17,5 минг гектар ҳудуд Самарқанд шаҳрига қўшиб берилишини маълум қилганди. Бунинг ҳисобига Самарқанд шаҳри аҳолиси 604 мингдан 882 мингга етиши кўзда тутилган.
