«Экологик транспорт» тизимини жорий этиш доирасида автомобиллар учун экологик стикерларни расмийлаштириш Тошкентда янги йилдан бошлаб амалга оширилмоқда. Буни Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматида Gazeta`га тасдиқлашди.
Биринчи босқичда жараён ихтиёрий ҳисобланади. Экологик тоифасига қараб уч хил рангдаги (яшил — «тоза», сариқ — «ўртача» ва қизил — «зарарли») стикерлар бепул ва муддатсиз берилади. Янги автомобил сотиб олиниб, ЙҲХХда рўйхатдан ўтказилганда стикерлар автоматик равишда тақдим этилади.
Стикерни масофавий тарзда — My.gov.uz портали ёки унинг иловаси орқали (почта орқали 10 кун ичида етказиб берилади, почта харажатлари — 20,6 минг сўм), шунингдек, ЙҲХХ ҳузуридаги Транспорт воситаларини диагностик текшириш марказида (Файзобод маҳалласида) расмийлаштириш мумкин.
Биз ҳукумат томонидан 2025 йил ноябрь ойи охирида тасдиқланган стикерларни бериш тартиби ҳақида батафсил ёзган эдик. Транспорт воситасининг экологик тоифаси унинг ишлаб чиқарувчи томонидан тасдиқланган экологик синфига мувофиқ белгиланади. Агар экологик тоифа маълум бўлмаса, автомобиль диагностикага йўналтирилади ва у ерда чиқиндилар (чиқиш) даражаси аниқланади.
Экологик тоифаси тасдиқланган автомобиллар учун экологик тоифаларни эслатиб ўтамиз:
- бензин / газ: Евро-2 ва ундан юқори — «тоза» тоифа, Евро-0 ва Евро-1 — «ўрта»;
- дизель: Евро-4 ва ундан юқори — «тоза», Евро-3 — «ўрта», Евро-0, Евро-1, Евро-2 — «зарарли»;
- гибрид автомобиллар, муқобил ёқилғида (газдан ташқари) ҳаракатланувчи автомобиллар, шунингдек, уч ёшдан кичик автомобиллар — «тоза».
Экологик зоналар чегаралари қачон тасдиқланади?
Экология миллий қўмитаси ҳузуридаги Давлат экологик экспертиза маркази бош директорининг ўринбосари Вячеслав Шисянь декабрь ойи охирида журналистларга маълум қилишича, Тошкент шаҳри ва вилоятида экологик зоналарни белгилаш бўйича ишлар бошланган. Уларни халқ депутатлари кенгашлари тасдиқлайди.
Манба: Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 28 ноябрдаги 750-сонли қарори.
Зоналар ЙҲҚга киритиладиган махсус белги билан белгиланади ва онлайн тарзда фойдаланиш мумкин бўлган электрон харитада акс эттирилади. Бу ишлар қачон якунланиши ҳозирча маълум эмас.
Эко-зона мақоми муҳофаза қилинадиган табиий ҳудудларга ёки илмий, маданий, дам олиш ёки санитария-соғломлаштириш аҳамиятига эга ҳудудларга берилиши режалаштирилмоқда.
Эко-зоналар рўйхатига киритиш учун номзодлар қаторига 100 баллик экологик баҳолаш тизими асосида энг кам балл тўплаган ҳудудлар ҳам киритилади. Бунда CO₂ чиқиндилари даражаси, энергия истеъмоли, биноларнинг энергия самарадорлиги, экологик транспортдан фойдаланиш даражаси, яшил ҳудудлар улуши, чиқиндилар билан муомала, сув ва ҳаво сифати, биологик хилма-хиллик, шунингдек, экологик бошқарув самарадорлиги каби экологик кўрсаткичлар мажмуи ҳисобга олинади.
Яшил стикери бўлмаган ёки умуман стикерга эга бўлмаган автотранспорт воситаларининг экологик зоналарга кириши тақиқланади ёки чекланади. Қоидабузарлик учун жарима қўлланилади, унинг миқдори кейинроқ белгиланади. Жарималар 2028 йил 1 январидан олдин жорий этилмайди.
«Синов лойиҳа доирасида яқин вақт ичида Тошкент шаҳри ҳудудидаги, шунингдек, Тошкент вилоятидаги деярли барча транспортни [экостикерлар билан] қамраб олишни режалаштирмоқдамиз», — деди у.
Қўмита вакилининг айтишича, лойиҳанинг синов босқичи тизим амалиётда қандай ишлашини баҳолаш ва қаерда қандайдир тузатишлар киритиш зарурлигини аниқлаш имконини беради.
Экологик зоналарга киришга қўйилган чекловлар тезкор ва фавқулодда хизматлар автомобилларига, шунингдек, жамоат транспортига — такси ва йўналишли таксилардaн ташқари — татбиқ этилмайди. Шунингдек, Ўзбекистон ҳудуди орқали транзит ўтаётган ёки мамлакатда вақтинча бўлиб турган автомобиллар, қишлоқ хўжалиги техникаси ҳамда «ногиронлиги бор шахс» белгисига эга автомобилларга нисбатан ҳам бу чекловлар қўлланилмайди.
Экологик зонага ушбу ҳудудда яшовчи ёки ишловчи шахслар, шунингдек, тиббиёт муассасаларига шошилинч ҳолатларда келувчи фуқаролар кириши мумкин бўлади.
Сариқ ёки қизил стикерга эга транспорт воситалари эгалари экологик компенсация тўловини тўлаган ҳолда эко-зоналарга кириши мумкин бўлади. У «ўрта» тоифадаги автомобиллар учун йилига БҲМнинг бир баравари, «зарарли» тоифадаги автомобиллар учун эса 3 бараварини ташкил этади.
Диагностика қандай ўтказилади?
Диагностика вақтида автомобиль чиқиндиларининг заҳарлилиги ҳисобга олинади. Натижага автомобилнинг умумий техник ҳолати, жумладан, шамчалар, двигатель ҳолати ва ёқилғи сифати таъсир кўрсатиши мумкин, деди Вячеслав Шисянь.
Агар автомобиль эгаси, масалан, диагностика натижаларига кўра сариқ стикер олган бўлса ва бунга рози бўлмаса, у бир йил ичида бир марта бепул қайта диагностикадан ўтиш ҳуқуқига эга.

«Айтайлик, 2010−2012 йилларда ишлаб чиқарилган автомобиль бор, эгаси унга яхши қараб, сифатли ёқилғи ва мойдан фойдаланади. Агар диагностика натижаларига кўра автомобиль юқорироқ экологик даражага мос келса, сариқ стикер яшилга алмаштирилади», — деди марказ директори ўринбосари.
Бироқ шундай автомобильлар тоифаси ҳам борки, уларнинг эгалари яшил стикер ола олмайди. Булар 1986 йилгача ишлаб чиқарилган машиналар бўлиб, уларга фақат сариқ ёки қизил стикер берилиши мумкин.

Январь ойидан бошлаб давлат транспорти — жумладан, давлат органларининг хизмат автомобиллари, жамоат транспорти, юк автомобиллари ва бошқалар диагностикадан ўтказила бошланди.
«Агар бундай машиналар паст экологик тоифани олса, бу эски транспортни босқичма-босқич алмаштириш дастурлари доирасида ҳисобга олинади», — деди Вячеслав Шисянь.
«Виртуал стикерлар ҳақидаги гапларга келсак, бундай имконият келажакда кўриб чиқилиши мумкин. Келгусида бу жараён автоматик тарзда ишлаши мумкин. Аммо ҳозирги босқичда унинг амалиётда қандай ишлашини тушуниш учун жисмоний механизмни синовдан ўтказиш зарур», — дея қўшимча қилди у.
