Марказий Осиёдаги энг йирик олтин қазиб олувчи ва дунёда олтин ишлаб чиқариш ҳажми бўйича тўртинчи ўринда турувчи Навоий кон-металлургия комбинати (НКМК) 2025 йил учун операцион натижаларини эълон қилди.
НКМК маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми бир йил аввал 3,091 млн унцияни (96,1 тонна) ташкил этган бўлса, 2025 йил якунларига кўра бу кўрсаткич 2,1 фоизга ўсиб, 3,156 млн троя унцияга (98,2 тонна) еди. Қазиб олишнинг ўсиш суръати секинлашди (2024 йилда ўсиш 5,4 фоизни ташкил этган эди).
Ишлаб чиқарилган маҳсулотлар ҳажми қиймат кўринишида 135,6 трлн сўмга (Марказий банкнинг жорий курси бўйича тахминан 11,2 млрд доллар) етди — бу бир йил аввалги 93,9 трлн сўмга нисбатан 44,4 фоиз кўп.
Инвестиция дастури доирасида 2025 йилда 561 млн доллар ўзлаштирилди — бу 2024 йилга нисбатан 29 фоиз камроқ. Янги лойиҳаларни амалга ошириш ва мавжуд қувватларни кенгайтириш ҳисобига 2628 та янги иш ўрни яратилди. Маҳаллийлаштириш дастури доирасида 1,4 трлн сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилган бўлса, тармоқлараро саноат кооперацияси бўйича 7,3 трлн сўмлик товар ва хизматлар харид қилинди.
НКМК аввалроқ компания бошқаруви таркибидаги ўзгаришлар ҳақида хабар берганди. Меҳнат шартномасининг амал қилиш муддати тугаши муносабати билан ва томонларнинг келишувига кўра, Евгений Антонов 2025 йил 31 декабрдан бошлаб бош директорнинг трансформация бўйича биринчи ўринбосари лавозимидан, шунингдек, бошқарув аъзоси вазифасидан озод этилди.
2026 йил 1 январдан бошлаб Жаҳонгир Ҳасанов бош директорнинг молия, трансформация ва хусусийлаштириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари ҳамда бошқарув аъзоси этиб тайинланди. У бунгача бош директорнинг иқтисодиёт ва молия бўйича ўринбосари лавозимида ишлаб келган.
Fitch рейтинг агентлиги маълумотларига кўра, компаниянинг 12 та йирик қазиб олиш объекти, 7 та завод ва 2 та уюмда танлаб эритиш цехи мавжуд. Уларнинг барчаси Ўзбекистонда жойлашган. Компаниянинг энг йирик кластери бўлган Мурунтов конига ишлаб чиқариш ҳажмининг қарийб 70 фоизи ва ресурс базасининг тахминан шунча улуши тўғри келади.
НКМК ишлаб чиқарилган олтиннинг 90 фоиздан ортиғини Лондон қимматбаҳо металлар бозори нархида Марказий банкка, қолган олтинни эса Ўзбекистондаги заргарлик корхоналарига сотган. 2025 йилда компания 2030 йилгача ишлаб чиқаришни 30 фоизга оширишга қаратилган 3 млрд долларлик янги инвестиция дастурини ишга туширди.
2025 йилнинг 11 ойида Ўзбекистон 9,9 млрд долларлик олтин экспорт қилди — бу 2024 йилнинг шу даврига нисбатан 1,5 баробар кўп.
Президент декабрь ойи охирида Ўзбекистонда олтин ва кумуш конларида йирик лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилаётгани, бу эса рудани қайта ишлаш ҳажмини ошириш ва 2030 йилгача олтин ишлаб чиқаришни 175 тоннага етказиш имконини беришини маълум қилди.
Таъкидлаш жоизки, Олмалиқ кон-металлургия комбинати ва бошқа хусусий компаниялар томонидан ҳам кичик конларда олтин қазиб олинмоқда.