Миллий кинематографиянинг дарғаларидан бўлган Шуҳрат Аббосов 1931 йил 16 январда, Қўқон шаҳрида дунёга келган. Дастлаб Тошкент тиббиёт касб-ҳунар билим юртида таълим олган ижодкор 1954 йилда Тошкент давлат санъат институтини тамомлаган. «Мосфилм» киностудияси қошидаги Олий режиссёрлик курсини тамомлаб, 1958−1991 йилларда «Ўзбекфилм»да режиссёр, директор лавозимларида, кино арбоблари бирлашмасида эса раис ўринбосари бўлиб ишлаган.

Санъат институтида дарс беришдан ташқари, Янгийўл мусиқали драма театрида бош режиссёр сифатида фаолият юритган. «Юрак сирлари», «Нурхон», «Майсаранинг иши» ва «Оғриқ тишлар» спектаклларини саҳналаштирган. «Абу Райҳон Беруний», «Шум бола», «Оловли йўллар», «Отамдан қолган далалар» фильмларига сценарий ёзган. «Маҳаллада дув-дув гап», «Сен етим эмассан», «Тошкент — нон шаҳри», «Оловли йўллар» сингари фильмларга режиссёрлик қилган.

Gazeta сана муносабати билан «Шуҳрат» медали, «Эл-юрт ҳурмати» ордени соҳиби — Шуҳрат Аббосовнинг фильмлари асосида тест тайёрлади. Уни ечиб, кейин кино, адабиёт ва мусиқага оид тестлар ёки бошқа, масалан — Конституция, Туркистон мухторияти, қатағон ҳамда «Давлат тили ҳақида»ги қонун асосида тузилганлари билан ҳам танишиб кўринг.