Урганч аэропортини шаҳар вокзалига боғловчи темирйўл қурилади. Бу лойиҳа 14 январь куни Шавкат Мирзиёевга туризм, транспорт ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантиришга қаратилган тақдимотда тақдим этилди.
«Ўзбекистон темир йўллари» бошқарув раиси Зуфар Нарзуллаев Урганч аэропортидан вокзалгача қуриладиган ушбу темирйўл Хивага борувчи сайёҳларга қулайлик яратишини қайд этди.
«Ҳурматли президентимиз бизларга топшириқ берган. Шу [бўйича] таклифларни киритамиз. Урганч аэропортидан Хивага [борувчи] туристларни ва хоразмликларни, умуман, Ўзбекистон халқига бўлган шароитларни яхшилаб бериш учун мана шу топшириқ бўйича таклифлар билан киряпмиз. Бу ерда иккита электр поезд масаласи бор. 12 километрга яқин темирйўл қурилиши лойиҳасини таклифини киритамиз», — дейди Нарзуллаев.
Зуфар Нарзуллаев Нурафшон-Янгиер ва Жиззах-Арнасой темирйўл линияларини тортиш бўйича ҳам топшириқлар борлигини маълум қилди.
Шунингдек, мавжуд Урганч-Хива автомобиль йўлини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ҳамда унга муқобил бўладиган янги автойўл қуриш режалаштирилмоқда.
Бундан ташқари, Урганч халқаро аэропортини модернизация қилиш доирасида унинг инфратузилмасини кенгайтириш, йўловчилар ва юкларга хизмат кўрсатиш сифатини, логистика имкониятларини ошириш орқали ҳудуднинг транспорт салоҳиятини янги босқичга олиб чиқиш кўзда тутилган.
Uzbekistan Airports бошқарув раиси Жавлонбек Умархўжаев Урганч халқаро аэропортини Inchon корпорацияси билан ҳамкорликда қайтадан модернизация қилинишини катта лойиҳа эканини таъкидлади.
«Бу лойиҳа Урганч аэропортини тубдан такомиллаштириб, барча шу техник параметрларини халқаро стандартлар асосида амалга оширишга туртки бўлади. Бу Хоразмга ярашадиган бир жаҳон стандартларига жавоб берадиган катта бир лойиҳа бўлади. Сайёҳлар ва ишбилармон доира вакилларининг сонини бир неча баробар кўпайишига олиб келади», — деди Умархўжаев.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йил апрель ойида Урганч халқаро аэропортини ДХШ асосида модернизация қилиш ва бошқариш бўйича ўтказилган тендерда Жанубий Кореянинг Incheon International Airport Corporation компанияси ғолиб бўлганди.
Лойиҳанинг умумий қиймати 223 миллион АҚШ доллари бўлиб, унинг доирасида янги учиш-қўниш йўлаги, йўловчи ва юк терминаллари қуриш, «ICAO» талабларига жавоб берувчи ёритиш-сигнал қурилмалари ўрнатиш, махсус техникалар харид қилиш кўзда тутилган.
Қурилиш-реконструкция ишлари 2025−2027 йиллар давомида амалга оширилади. Буларнинг натижасида аэропорт Boeing 747 ва Airbus 350 каби йирик ҳаво кемаларини қабул қилиш имконига эга бўлади. Аэровокзалнинг умумий майдони 39 минг квадрат метрга етиб, соатига 1 минг 300 нафар йўловчига хизмат кўрсатиш қуввати яратилади.
