Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарова 15 январь куни бўлиб ўтган брифингда телебошловчи Владимир Соловьёвнинг Россия Украинада бўлгани каби Арманистон ва Марказий Осиё давлатларида ҳам «махсус ҳарбий операция» бошлаши кераклиги ҳақидаги гапларига муносабат билдирди.
Захаровадан телебошловчининг гаплари «Москванинг расмий позициясига тўғри келиш-келмаслиги» сўралди.
«Биринчидан, гап журналистнинг фикри ҳақида кетмоқда, таъкидлайман — айнан фикри ҳақида. Иккинчидан, журналист ва телебошловчининг бу фикри хусусий „Соловьёв Лайф“ каналида айтилган. Учинчидан, мен иқтибосларни ўқиб чиқдим ва контекстдан юлиб олинган жумлаларга ёки бировнинг гапига эмас, балки айнан тўғридан-тўғри нутққа таяняпман. Бу фикр савол кўринишида шакллантирилган эди. У ерда баёнот эмас, савол бор эди. Риторикми ёки бошқача саволми, билмадим — буниси энди менга тегишли эмас. Тўртинчидан, бу жумлалар „диван аналитиклари“ томонидан очиқ-ойдин ва аниқ провокацион тарзда, худди Россиянинг расмий позициясидек қилиб кўрсатилган», — деди ТИВ вакили.
Унинг таъкидлашича, «бундай манипуляциялар билан шуғулланиш шунчаки мумкин эмас».
«Бундан ташқари, айрим шарҳловчилар вазиятдан фойдаланиб, на бу кўрсатувда ва на бошқаларида умуман айтилмаган турли уйдирма ва ғирт сафсаталарни ахборот майдонига чиқаришди. Гўёки Россиянинг постсовет давлатларига нисбатан „тажовузкор ниятлари“ бор эмиш», — дея сўзида давом этди Захарова.
У жавоб қайтараркан, саволга олдиндан тайёрлангандек таассурот уйғотарди: видеолавҳада унинг бот-бот гўёки тайёр жавобга кўз югуртираётганини кўриш мумкин.
Расмий позицияни бунга ваколати бор расмийлар билдиришини таъкидлаган ТИВ вакили ўз мамлакатининг сиёсати аввал ҳам «ўнлаб марталаб баён қилингани»ни қўшиб қўйди.
«Мамлакат раҳбарияти умумий совет ўтмиши, постсовет ҳудуди ва ҳозирги суверен давлатлар билан муносабатлар борасидаги сиёсатимизни ўнлаб марталаб баён қилган. Такрор айтаман, бу позиция турли саммитлар, учрашувлар, музокаралар, маслаҳатлашувлар, матбуот анжуманлари ва интервьюлар чоғида Россия Федерацияси президенти, ҳукумат раиси, ташқи ишлар вазири, мудофаа вазири ва барча йўналишдаги вазирлар тилидан ўн минглаб марта янграган», — деди у.
Захарованинг айтишича, «Россияни Жанубий Кавказ ва Марказий Осиё халқлари билан тарихан яхши қўшничилик, стратегик шериклик, иттифоқчилик, биродарлик ва ҳамкорлик алоқалари боғлаб туради». «Алоқаларимизнинг барқарор ривожланиши гарови — дўст давлатлар раҳбарлари ўртасидаги ўзаро ҳурмат ва ишончга асосланган самимий шахсий муносабатлардир».
«Гапга эмас, ишга қараб баҳо бериш керак. Неча марта ёрдамга келинди? Неча марта ёрдам ва дўстлик қўли чўзилди? Қайғуга шерик бўлганда, ҳамдардлик билдирганда неча марта энг самимий ҳиссиётлар изҳор қилинди? Қувончни баҳам кўрганда, умумий ғалабаларни ҳамда постсовет ҳудудидаги ҳамкасб ва дўстларимизнинг ютуқларини бирга нишонлаганда неча бор самимий туйғулар намоён этилди? Қанчадан-қанча мураккаб, ечими йўқдек туйилган вазиятлардан биргаликда йўл қидирилди? Неча марта тушунмовчилик ва англашилмовчиликлар бартараф этилди? Провакаторлар чақириғи ва провокацияларга неча марта жавоб қайтарилди? Мана шу нарсаларга қараш керак. Ҳар қандай ҳолатда ҳам „қоқилиб қолмаслик“ ва, айниқса, провокацияларга чалғимаслик лозим. Афсуски, улар ҳали кўп бўлади. Шунинг учун, келинг, қандайдир сохта ва ёлғон маълумотларга алданмай, ҳақиқий воқеликни кўрайлик», — деди Россия ТИВ вакили.
Владимир Соловьёвнинг чиқишларига аввалроқ Арманистон ТИВ муносабат билдирган ва Россия элчиси Сергей Копиркинни чақиртирганди, унга норозилик нотаси топширилган. Арманистон буни «суверенитетга тажовуз» деб баҳолаган.
Марказий Осий мамлакатларида тегишли идоралар ҳали бу вазият бўйича баёнот бермади, балки жамоатчилик вакиллари ва сиёсатшунослар фикрлари билан чекланилди.
Gazeta Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги расмийсига вазият юзасидан савол йўллаган.