16 январь куни Жанубий Корея собиқ президенти Юн Сок Ёль беш йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди, деб ёзмоқда Yonhap.

Суд ҳукми эълон қилинган жонли эфирда айтилишича, Сеул марказий туман суди Юнни 2024 йил декабрида ҳарбий ҳолат эълон қилиши билан боғлиқ ҳибсга олиш қарорини ижро этмоқчи бўлган расмийларга қаршилик кўрсатганликда айбдор деб топган.

Шунингдек, у расмий ҳужжатларни сохталаштириш ва ҳарбий ҳолат учун талаб этиладиган қонуний тартиб-қоидаларга риоя қилмаслик каби айбловлар бўйича ҳам айбдор деб топилди.

Ушбу ҳукм — Юннинг муваффақиятсиз якунланган ҳарбий ҳолат эълони юзасидан унга қўйилган жиноий айбловлар бўйича чиқарилган биринчи суд қароридир. Ҳукм юзасидан аппеляция бериш мумкин.

Бир неча кун олдин Жанубий Корея прокуратураси мамлакатнинг собиқ президентига нисбатан ўлим жазосини сўраганди.

  • Юн Сок Ёль, шунингдек, ҳарбий ҳолатни жорий этишга уриниш билан боғлиқ яна бошқа суд ишларида ҳам иштирок этган. 2025 йил декабрь ойи охирида прокуратура собиқ президентни одил судловга тўсқинлик қилиш иши бўйича 10 йилга озодликдан маҳрум этишни талаб қилганди.
  • 2024 йил декабрь ойи бошида Юн Сок Ёль мамлакатни «коммунистик кучлар»дан ҳимоя қилиш учун Жанубий Кореяда ҳарбий ҳолат эълон қилди ва мухолифатни «давлатга қарши фаолият»да айблади. Фармон парламент қарори билан бекор қилинди. Кейинроқ депутатлар Юн Сок Ёлнинг импичменти учун овоз берди, Конституциявий суд эса апрелда уни тасдиқлади.
  • 2025 йил июнь ойида Жанубий Кореяда муддатидан олдин президентлик сайловлари бўлиб ўтди, унда мухолифатдаги Демократик партия етакчиси Ли Чжэ Мён ғалаба қозонди.