• Сб. Фев 7th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Андижонда фуқарога таҳдид қилиб, унинг 100 минг долларлик криптоактивини ундириб олган гуруҳ фош этилди


Андижон вилоятида фуқароларга қурол ва тиғли жисмлар билан таҳдид қилиб, жиноий ҳаракатлар содир этиб келишда гумонланган уюшган гуруҳ қўлга олинди, дея хабар бермоқда Ички ишлар вазирлиги.

Тергов маълумотларига кўра, гуруҳ аъзолари криптоактивлар айирбошлаш билан шуғулланувчи шахсни кузатиб, мижоз сифатида Андижон шаҳридаги супермаркетлардан бирининг олдига учрашувга чақиришган.

Жабрланувчини Damas автомашинасига ўтқазиб, ўзларини ҳуқуқ-тартибот идоралари ходими сифатида таништиришган. Гуруҳ аъзолари унинг ноқонуний крипто-айланма билан шуғулланишини айтиб, жиноий жавобгарлик билан қўрқитишган.

Сўнгра қурол ва ўткир тиғли жисмлар ишлатиб, қийноққа солиш орқали жабрланувчидан 150 минг доллар талаб қилишган. Натижада товламачилик йўли билан 100 минг доллар миқдоридаги криптовалютани ўз ҳисобларига ўтказиб олишган.

Гуруҳ аъзолари кимлар?

Жиноий гуруҳ таркибида қуйидаги шахслар бўлган:

  • Минҳожиддин Алимов (1995 йил, лақаби «Ҳожи») — муқаддам Жиноят кодексининг 104 (Қасддан баданга оғир шикаст етказиш), 164 (Босқинчилик), 277 (Безорилик) ва 127-моддалари (Вояга етмаган шахсни ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга жалб қилиш) билан судланган. Ҳозирда республика ҳудудидан чиқиб кетган.
  • Абдумалик Шокиров (1995 йил, лақаби «Муфтий») — муқаддам бир неча бор судланган. Уни қўлга олиш чоралари кўрилмоқда.
  • Жавоҳир Жўрабеков (лақаби «Шайтон») ва Жавлонбек Юлдашев.
  • Омадбек Юсуфжонов (2000 йил) — муқаддам Жиноят кодексининг 168 (Фирибгарлик), 166 (Талончилик), 165 (Товламачилик), 164-моддалари билан судланган.

Тезкор қидирув давомида гуруҳ аъзоси Омадбек Юсуфжоновнинг бошқа жинояти ҳам фош этилган. У аёл кишига куч ишлатиб, тан жароҳати етказган ва унинг iPhone 16 Pro Max телефонини тортиб олган. Шунингдек, у аёлдан 10 млн сўм пул талаб қилганликда айбланмоқда.

ИИВга кўра, гуруҳ аъзолари спортнинг турли йўналишлари билан шуғулланиб келган ва кўчада фуқароларга нисбатан доимий равишда зўравонлик кўрсатиб келган. Шунингдек, уларнинг хорижий давлатларда ҳам инсон саломатлигига қарши жиноятлар содир этгани айтилмоқда.

Жиноят иши

Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг қуйидаги моддалари билан жиноят иши қўзғатилган:

  • 165-модда (Товламачилик);
  • 176-модда (Қалбаки пул, акциз маркаси ёки қимматли қоғозлар ясаш, уларни ўтказиш);
  • 166-модда (Талончилик).

ИИВ ушбу шахслардан жабр кўрган фуқаролардан 102 рақамига ёки яқин атрофдаги ИИБ бўлимларига мурожаат қилишни сўрамоқда. Мурожаатчиларнинг шахси сир сақланиши кафолатланади, дейилади хабарда.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *