«Миллий тикланиш» партияси марказий биносида 16 январь куни матбуот анжумани ўтказилди ва унда журналистлар партия раиси Алишер Қодировдан 2021 йилнинг июнида Сенат томонидан маъқулланган «Давлат тили тўғрисида»ги қонуннинг янги таҳрири тақдири бўйича изоҳ сўради.
Gazeta мухбирининг Қодировга таяниб хабар қилишича, «Давлат тили ҳақида»ги қонун уч ўқишда Қонунчилик палатасида, сўнг Сенат томонидан маъқулланган ва президентга юборилган. Давлат раҳбари эса қонунни парламентга қайтарган.
«Улар ўзининг қайтариш институтидан фойдаланган ҳолда қонунни такомиллаштириш бўйича таклифларини берган ва уни парламентга қайтарган. Давлат раҳбари томонидан жуда тўғри таклифлар киритилган. Ҳатто биз буни олқишладик. Чунки «Миллий тикланиш» партияси биринчи ва иккинчи ўқишда қонунда акс этиши керак бўлган айрим нормаларни кирита олмаган эди. Давлат раҳбарининг глобал чақирувлар ва қадриятларнинг аҳамияти янада ортиб бораётган бир замонда «Давлат тили ҳақида»ги қонунни замонавий талаблар ва чақирувларга уйғун ҳолда бўлишини талаб қилаётгани бизни жуда қувонтирди», — дейди партия раиси.
У мазкур қонун қачон қабул қилиниши ҳақидаги саволга изоҳ бераркан, айни пайтда унинг устида иш олиб борилаётганини таъкидлади. «Бу бўйича сизларга аниқ вақт айта олмайман, лекин ишлаяпмиз. Ушбу қонун бугунги кунда Ўзбекистон учун жуда зарур ва айрим масалалар етилди», — дейди Қодиров.
Унинг қайд этишича, давлат тилини қонун билан ҳимоя қилиб бўлмайди. Аввало, давлат тилига нисбатан жамоатчилик муносабатини ўзгартириш ва унинг ривожланиши учун шароит яратиш керак. «Қонун ўзгартирилгани билан бу нарсаларга эришиб бўлмайди».
«Жамоатчиликда давлат тилига муносабат ўзгаряпти. Бугун давлат тилига муносабат аввалгидек эмас, одамлар беэътибор бўлмаяпти, ҳурмат қиляпти. Мана, кўряпсизлар, давлат тили бўйича комиссия иш бошлади, бир неча таклифлар амалга ошяпти. Буларнинг ҳаммаси, албатта, олқишланадиган жараён. Давлат тилига бўлган муносабатимиз том маънода такомиллашяпти», — дейди у.
«Давлат тилимизни ривожлантиришимиз бошқа бир тилларни камситишга қаратилган эмас. Ўзбекистонда яшайдиган барча миллатлар мулоқот тили сифатида ўзи хоҳлаган тилни танлаш ҳуқуқига эга, бу Конституциямизда ҳам таъкидланган. Ўзбекистонда ҳеч қайси миллат тили ва келиб чиқишидан қатъи назар камситилмайди, юртимизда барча миллатлар қўллаб-қувватланади. Лекин давлат тили сифатида қонуннинг ижроси таъминланиши ва унинг қандай бўлиши масаласи бўйича кун ўтган сари янги талаблар ҳамда янги қарашлар шаклланяпти. Ўйлайманки, қонун такомилида ва биз кутган қонун даражасида, албатта, қабул қилинади», — дейди Алишер Қодиров.
Эслатиб ўтамиз, Қонунчилик палатаси «Давлат тили тўғрисида»ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонунни 2021 йил 24 май куни қабул қилганди. Бир ой ўтиб, 26 июнда эса Сенатнинг ўн олтинчи ялпи мажлисида ушбу қонун маъқулланган. Ўша йилнинг ноябрь ойида собиқ АОКА биносида ўтказилган матбуот анжуманида сенаторлар ўзлари маъқуллаган қонунни эслай олишмаганди. Сенатор Наримон Умаров қонуннинг янги таҳрири Сенатга киритилмаганини айтган ўшанда.