• Вс. Фев 15th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Совуқ об-ҳаво электр энергияси таъминотида «техник чекловлар»га сабаб бўлиши мумкин — Энерговазирлик


Ҳаво ҳароратининг кескин пасайиши кутилаётгани сабабли Ўзбекистон ёқилғи-энергетика тизими кучайтирилган иш режимига ўтди, деб хабар берди Энергетика вазирлиги.

Ташкилот маълумотларига кўра, электр, иссиқлик ва газ таъминоти объектларида қўшимча техник текширувлар ўтказилди, энергия ишлаб чиқариш ва таъминлаш қувватлари ҳозирги об-ҳаво шароитларига мослаштирилди. Масъул хизматлар куну тун кучайтирилган режимда ишламоқда.

Вазирлик совуқ ҳавода энергия истеъмоли ошиши кутилаётганини таъкидлади. Баъзи ҳудудларда «вақтинчалик техник чекловлар» (тарқатиш тармоқларидаги юкламани енгиллаштириш ва фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш учун вақтинчалик электр узилишлари — таҳр.) бўлиши мумкинлиги истисно қилинмади. Бироқ аҳоли ва ижтимоий объектларни барқарор энергия таъминоти билан таъминлаш устувор вазифа бўлиб қолмоқда.

Энергетика вазирлиги фуқароларни электр энергияси ва табиий газдан оқилона фойдаланишга ҳамда иситиш мосламаларини қатъий равишда одатий режимда ишлатишга чақирмоқда.

«Уй-жойларда иссиқликни сақлаш орқали ҳам энергия тежалади, ҳам хона илиқ бўлади», — дейилади хабарда.

Шунингдек, аҳолидан қуйидагилар сўралди:

  • иситиш мосламаларини қаровсиз қолдирмаслик;
  • хонанинг мунтазам шамоллатилишини таъминлаш;
  • дудбурон ва шамоллатиш тизимларининг ҳолатини текшириш.

«Ис газидан заҳарланишнинг олдини олиш мақсадида ёпиқ хоналарда очиқ олов ёки носоз иситиш қурилмаларидан фойдаланмаслик, имкон қадар ис гази аниқлагич ускуналардан фойдаланиш тавсия этилади», — деб таъкидлади Энергетика вазирлиги.

Электр энергияси ва газ таъминоти билан боғлиқ саволлар бўйича фуқаролар қуйидаги рақамларга 24/7 қўнғироқ қилиши мумкин: 1154 (электр таъминоти), 1104, 104 (газ таъминоти).

Декабрь ойида Энергетика вазирлиги мамлакатда ҳаво булутли ва кунлар қисқалиги туфайли қуёш энергияси ишлаб чиқариш камаяётганини хабар қилганди.

Эслатиб ўтамиз, 2025 йилда фақат қуёш ва шамол электр станциялари томонидан ишлаб чиқарилган электр энергияси ҳажми 10,5 млрд кВт/соатни ташкил этди ва бир йилда 2,1 баравар ошди. Бу мамлакатда ишлаб чиқарилган умумий электр энергиясининг (81,5 млрд кВт/соат) тахминан 12,9% ни ташкил қилади.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *