Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманида жанговар ўқ-дориларни ноқонуний равишда пуллашга уринган эркак ушланди. Бу ҳақда ИИВ матбуот хизмати хабар бермоқда.
Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда гумонланувчи 22 дона 5,45 мм калибрли жанговар патронларни 1 300 долларга сотаётган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Суриштирув жараёнида маълум бўлишича, ушланган шахс муқаддам Сурхондарё вилоятидаги ҳарбий қисмлардан бирида ҳайдовчи-портлатувчи бўлиб ишлаган. У ушбу ўқ-дориларни бирга хизмат қилган ҳарбий хизматчидан 10 миллион сўмга сотиб олганини билдирган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 248-моддаси 3-қисми (Ўқотар қуролни, ўқ-дориларни, портловчи моддаларни ёки портлаш қурилмаларини ўтказиш) билан жиноят иши қўзғатилди. Мазкур модда бўйича айбдор деб топилган шахслар 10 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
