• Сб. Фев 7th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Тошкентда мажбурий даволаш чораларини бекор қилиб бериш учун маҳкумдан 7,5 минг доллар талаб қилган шифокор қўлга олинди


Тошкентда колония шифокори мажбурий даволаш чораларини бекор қилиб бериш эвазига маҳкумдан 7500 доллар талаб қилди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти матбуот хизмати хабар бермоқда.

Маҳкумлар учун ихтисослашган касалхонада даволанаётган маҳкумнинг ўзи департаментга ариза билан мурожаат қилиб, ундан пул талаб қилаётган икки нафар шифокорга қонуний чора кўришни сўраган.

Унинг таъкидлашича, колониянинг тиббиёт бўлими шифокори ундан жиноят кодексининг 96-моддасида (Жазо билан бирга тайинланадиган тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини қўллаш) назарда тутилган мажбурий даволаш чораларини 95-модда (Тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини қўллашни узайтириш, ўзгартириш ва тугатиш) асосида бекор қилиб беришини айтиб, эвазига 7500 доллар талаб қилган.

Шифокор ўз касбдоши бўлган шериги билан бирга маҳкумнинг укасидан пулнинг бир қисмини олган ва қолган қисмини ҳам талаб қилган.

Маҳкумнинг аризасига асосан тезкор тадбир ўтказилиб, келишилган пул маблағларини олаётган вақтида ИИВ ва ДХХ ходимлари томонидан ушбу шахслар қўлга олинган. Ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилган бўлиб, ҳозирда терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Маълумот учун: Жиноят кодексининг 96-моддасига мувофиқ, алкоголизмга, гиёҳвандликка ёки заҳарвандликка йўлиққан ёхуд ақли расоликни истисно этмайдиган тарзда руҳий ҳолати бузилган шахслар томонидан жиноят содир этилган тақдирда, агар тиббий хулоса мавжуд бўлса, суд жазо тайинлаш билан бирга уларга нисбатан тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини тайинлаши мумкин.

Ушбу шахслар озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилинган бўлса, уларни даволаш жазони ўтаётган жойда амалга оширилади, жазони ўтаб бўлганидан кейин агарда даволашни давом эттиришга зарурат бўлса, умумий асосда тиббий муассасаларда даволанади.

95-моддага кўра, руҳий ҳолати бузилган шахсларга нисбатан тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини қўллашни узайтириш, ўзгартириш ва тугатиш шифокор психиатрлар комиссиясининг хулосаси асосида, жазони ижро этиш муассасаларининг даволаш-профилактика ёрдами кўрсатиш бўлимларида ва маҳкумларга мўлжалланган ихтисослашган шифохонада эса, тиббий-маслаҳат комиссиясининг хулосаси асосида суд томонидан амалга оширилади.

Руҳий ҳолати бузилган шахс тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини қўллашга муҳтож бўлмаган ҳолларда, шунингдек бу чораларни қўллаш тугатилганда суд бундай шахсни умумий асосларда даволаш ёки ижтимоий таъминот муассасасига юбориш тўғрисидаги масалани ҳал этиш учун соғлиқни сақлаш органларига топшириши мумкин.

Алкоголизмга, гиёҳвандликка ёки заҳарвандликка йўлиққан шахсларга нисбатан жазо билан бир қаторда тайинланган тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини қўллашни тугатиш тиббий-маслаҳат комиссиясининг хулосаси асосида суд томонидан амалга оширилади.

Аввалроқ Самарқанд вилоятида жиноят иши доирасида гумонланувчи сифатида жалб қилинган шахсдан ишни ижобий ҳал қилиб бериш эвазига 2500 доллар талаб қилган ҳоким ёрдамчиси ва адвокат қўлга олинган эди.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *