Ўзбекистонга Қирғизистондан олиб келинган 19 килограммдан ортиқ наркотик модда мусодара қилинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига қарши курашиш йўналишида ДХХнинг Наманган вилояти бўйича бошқармаси ва Чегара қўшинлари ҳамда вилоят Ички ишлар бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилган.
Тадбир давомида Андижон шаҳрида яшовчи, 1985 ва 1989 йилда туғилган икки нафар фуқаро ўзбек-қирғиз давлат чегарасининг Наманган вилояти Уйчи тумани «Янгиер» МФЙ ҳудудидан ўтувчи қисмида тўхтатиб текширилганда уларнинг юк сумкасида 19 килограмм 169 грамм гашиш моддаси борлиги маълум бўлиб, ашёвий далил сифатида олинган.
Шунингдек, тезкор тадбир давом эттирилиб, наркотикни олиб кетиш учун ёрдамлашиш мақсадида келган вақтида уларнинг 1990 йилда туғилган ҳамшаҳари ҳам ушланган.
Терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида қонунбузарлар қирғизистонлик наркосавдогар билан тил бириктириб, ушбу наркотик моддани келгусида сотиш мақсадида Ўзбекистонга контрабанда қилгани аниқланган.
Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 246-моддаси 2-қисми (Контрабанда) ва 25, 273-моддаси 5-қисми (Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни кўп миқдорда қонунга хилоф равишда сотишга уриниш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
ДХХ ва ИИО ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган бошқа тезкор тадбирда эса Янги Наманган туманида яшовчи, 1990 йилда туғилган муқаддам судланган аёл ҳозирда шахсига аниқлик киритилаётган фуқародан 200 миллион сўмга сотиб олишга келишиб, у томонидан матолар орасига яширган ҳолда Марғилон шаҳридан йўловчи машинада юборилган 1 килограмм 953 грамм гашиш моддасини қабул қилиб олган вақтида қўлга тушган.
Ҳозирда унга нисбатан Жиноят кодексининг 25,273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
