Халқаро молия ташкилотлари ва қатор давлатлар ҳукуматлари кўмагида Қашқадарё вилоятида 300 МВт қувватли қуёш фотоэлектр станцияси ва 75 МВт/соат қувватли энергия сақлаш тизими қурилади. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.
Лойиҳани молиялаштириш бўйича келишув Абу-Даби шаҳрида ўтказилган Abu Dhabi Sustainability Week 2026 халқаро ҳафталиги доирасида имзолангани айтилади. Ҳафталик барқарор ривожланиш, энергетикадаги ҳамкорлик, инвестицияларни жалб қилиш масалаларига бағишлаб ҳамда давлат-хусусий шериклик (ДХШ) асосида амалга оширилаётган лойиҳалар муҳокамасига бағишланган.
Лойиҳа Қашқадарё вилоятининг Ғузор туманида қуввати 300 МВт бўлган янги қуёш фотоэлектр станцияси ва 75 МВт/соат қувватга эга энергия сақлаш тизими (BESS) қурилишини назарда тутади.
«Лойиҳа ишга туширилгандан сўнг атмосферага йилига 280 минг тонна зарарли моддалар чиқишининг олди олинади, 231 млн куб метр табиий газ тежалади, шунингдек, 280 мингтага яқин хонадонни электр энергияси билан таъминлаш имконияти яратилади», — дейилади вазирлик хабарида.
Лойиҳани БААнинг «Masdar» компанияси ДХШ асосида амалга оширади.
Ғузор лойиҳасини амалга ошириш бўйича тендер 2023 йилда ўтказилган, унда Masdar компанияси ғолиб чиққани хабар қилинганди. Компания қуёш электр станциясида ишлаб чиқарилган 1 кВт/соат электр энергияси учун 3 цент ва аккумулятор тизимининг 1 МВт/соатига 6,33 доллар нарх таклиф қилган. Ғолиб инвестор 25 йил давомида қуёш электр станциясини лойиҳалаштиради, молиялаштиради ва бошқаради.
Компания Ўзбекистонда қайта тикланувчи энергия манбалари соҳасида амалга ошираётган лойиҳаларининг умумий қуввати тахминан 2 ГВтни ташкил этиб, жалб этилган инвестициялар ҳажми 2 млрд доллардан ошган.
Лойиҳани молиялаштиришга халқаро молия институтлар, жумладан, Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) ва Осиё тараққиёт банки (ОТБ) маблағлари жалб этилади. Шунингдек, молиялаштириш пакетидан Канада ва Финляндия ҳукуматлари маблағлари, Япония билан ҳамкорлик жамғармаси доирасидаги ресурслар ҳамда банк инструментлари ҳам ўрин олган.
ЕТТБ 195,5 млн доллар ажратади
ЕТТБнинг маълум қилишича, қайта тикланадиган энергия манбаларига ўтишни қўллаб-қувватлаш учун банк Ўзбекистонга 195,5 млн доллар миқдорида молиялаштириш пакетини маъқуллаган.
«EТТБнинг 141,6 млн долларгача асосий қарзи ва 25,0 млн долларгача кафолатланган кредитидан иборат молиялаштириш пакети „Masdar“ глобал қайта тикланадиган ва тоза энергия компаниясига тўлиқ тегишли бўлган „Nur Qashqadaryo Solar“ махсус лойиҳа компаниясига тақдим этилиши кўзда тутилган», — дейилади банк хабарида.
Банк баёнотида, шунингдек, бошқа ҳамкорлар томонидан ажратилиши кўзда тутилган молиявий ресурслар ҳажмига ҳам аниқлик киритилган: Канададан — 20,0 млн доллар, Финляндиядан — 5 млн доллар ҳамда Япония-EТТБ ҳамкорлик жамғармаси ва EТТБ томонидан тақдим этиладиган 3,9 млн долларгача имтиёзли молиялаштириш.
Ушбу молиялаштириш орқали банк 2030 йилгача 25 ГВт қуёш ва шамол қувватларини ривожлантиришни мақсад қилган Ўзбекистон ҳукуматининг ушбу йўналишдаги саъй-ҳаракатларига ҳисса қўшади.
«Қурилиш якунлангач, қуёш электр станцияси йилига 664 ГВт/соат электр энергияси ишлаб чиқаради — бу 60 000 та хонадонни электр энергияси билан таъминлаш ва йиллик CО2 чиқиндиларини 400 000 тоннагача камайтириш имконини беради, — дея таъкидлайди банк. — Лойиҳа 75 МВт/75 МВт/соат қувватли BESS жорий этиш орқали миллий тармоқ барқарорлигига ҳисса қўшиши кутилмоқда. BESS талаб энг юқори бўлган даврда қўшимча энергия қувватини тақдим этиш орқали тармоқнинг ишончлилиги ва мослашувчанлигини оширишга хизмат қилади».
EТТБ Ўзбекистонда «яшил» энергетика лойиҳаларини молиялаштиришда етакчилардан бўлиб, тажрибали халқаро ишлаб чиқарувчилар ҳомийлигидаги 1,65 ГВт шамол қуввати, 2,4 ГВт қуёш фотоэлектр энергияси ва 668 МВт/1837 МВт/соат аккумулятор энергиясини сақлаш тизимларини молиялаштирган.
Банк бугунги кунга қадар Ўзбекистонга 204 та лойиҳа доирасида қарийб 6,8 млрд доллар миқдорида инвестиция киритган бўлиб, маблағларнинг асосий қисми хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга йўналтирилган. Мамлакат сўнгги олти йилдан бери ЕТТБ маблағларини ўзлаштиришда Марказий Осиёда етакчиликни сақлаб қолмоқда.
ОТБ — 30 млн доллар
Ғузор лойиҳасини молиялаштиришга ОТБ 30 млн долларлик молиялаштириш пакетини маъқуллаганини хабар қилди.
Лойиҳа, банкнинг қайд этишича, мамлакатнинг қайта тикланадиган энергия салоҳиятини оширади ва кам углеродли иқтисодиётга ўтишни жадаллаштиради. Лойиҳа доирасида қайта тикланадиган энергияни миллий электр тармоғига улаш имконини берадиган электр иншоотлари — 1,6 километрлик электр узатиш линиялари ва 220 киловольтли подстанция қурилишини ўз ичига олган.
ОТБнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Канокпан Лао-Араянинг таъкидлашича, кенг кўламли қуёш энергияси ишлаб чиқаришни BESS билан уйғунлаштириш орқали лойиҳа электр энергиясига ўсиб бораётган талабни қондириш, электр таъминоти ишончлилигини ошириш, иссиқхона газлари чиқиндиларини камайтиришга хизмат қилади.
Лойиҳа ишга тушгач, мамлакатда камида 354 минг тонна карбонат ангидрид чиқиндиларини камайтириши кутилмоқда. Бу Ўзбекистоннинг 2030 йилга бориб энергия ишлаб чиқариш таркибида қайта тикланадиган манбалар улушини 40 фоизга етказиш мақсадига ҳисса қўшади.
«ОТБ лойиҳа учун ташкил этилган ва тўлиқ „Masdar“ компаниясига тегишли бўлган махсус мақсадли ташкилот — „Nur Qashqadaryo Solar PV Foreign Enterprise“ МЧЖга қисман кредит кафолатини тақдим этади. 9 млн долларгача бўлган аккредитивни қоплайдиган ушбу кафолат электр энергияси харидорининг тўлов мажбуриятлари билан боғлиқ хатарларни камайтиришга ёрдам беради», — дейилади ОТБ хабарида.
2025 йилда ОТБ ва Ўзбекистон ҳамкорлигига 30 тўлди. ОТБга аъзо бўлганидан (1995 йил) бери Ўзбекистон давлат секторига жами 15,8 млрд доллар миқдорида кредитлар, грантлар ва техник ёрдам олди.