Ўзбекистон БАА компаниялари билан 24/7 режимида ишлайдиган қайта тикланувчи энергия манбалари лойиҳаси бўйича шартнома имзолади. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

Ушбу келишувга 11−15 январь кунлари Абу-Даби шаҳрида бўлиб ўтган халқаро форумда эришилган. Ҳафталик барқарор ривожланиш, қайта тикланувчи энергия, иқлим молияси ва «яшил» иқтисодиёт масалаларига бағишланиб, унда дунёнинг 150 дан ортиқ давлатларидан давлат органлари, йирик халқаро компаниялар ҳамда молия институтлари етакчилари иштирок этди.

Форум доирасида Ўзбекистон Энергетика вазирлиги, Masdar ва Emirates Utilities Development Company (EUDC) компаниялари ўртасида Ўзбекистонда 24/7 режимида узлуксиз равишда 1 гигаваттгача бўлган базавий юклама қувватига эга лойиҳани ишлаб чиқиш бўйича ҳамкорлик шартномаси имзоланди.

Ҳужжатлар «Ўзэнергосотиш» АЖ, Masdar ва Etihad Water & Electricity (EUDC`нинг бош компанияси) томонидан имзоланди. Лойиҳа 24/7 режимида 1 гигаваттгача узлуксиз қувват етказиб беришни назарда тутади.

Ушбу сутка давомида узлуксиз ишлайдиган лойиҳалар қайта тикланувчи энергетика соҳасида туб бурилиш ясаб, энергия таъминотидаги узилишлар муаммосини бартараф этишга хизмат қилади. Шунингдек, бу лойиҳа жаҳон бозорида рақобатбардош тарифлар асосида катта масштабли базавий қувват ишлаб чиқариш имконини яратиб, ишончли ва «яшил» энергияга ўсиб бораётган талабни қондириш учун халқаро миқёсда кенг жорий этилиши мумкин бўлган намуна вазифасини бажаради, дейилади хабарда.

Аввалроқ Энергетика вазирлиги БААнинг Masdar компанияси билан Навоий вилоятида 300 МВт/600 МВт·соат ва АМЕА Power компанияси билан 200 МВт/800 МВт·соат қувватли 2 та энергия сақлаш тизимини қуриш бўйича шартномалар имзолаган эди.

Шавкат Мирзиёев янги энергетика объектларининг ишга тушиши аҳолининг йиллик электр истеъмолини тўлиқ таъминлашини айтганди. Унга кўра, 3500 МВт қуёш, шамол ва бошқа станцияларни ишга тушириш йилига 15 млрд кВт/с энергия ишлаб чиқариш имконини беради. 2030 йилга бориб «яшил» энергетика улуши 54 фоизга етади.