• Вс. Фев 15th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Маҳкумларга масофали видео учрашувдан фойдаланиш ҳуқуқи берилади



15 январда имзоланган қонун [ЎРҚ-1112-сон] билан Жиноят-ижроия кодексига жазони ижро этиш муассасаларида жазо муддатини ўтаётган маҳкумлар учун масофали видео-учрашувлар ўтказиш имкониятини яратишга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Киритилган ўзгартиришларга кўра, маҳкумнинг ўз шахсий маблағлари ҳисобидан тўланадиган, 15 дақиқа давом этадиган 1 марта масофали видео-учрашув ёки телефон орқали сўзлашиш ҳуқуқига эгалиги белгиланди.

Илгари маҳкумнинг фақатгина 15 дақиқа давом этадиган 1 марта телефон орқали сўзлашиш ҳуқуқига эгалиги белгиланган эди.

Ҳужжатда қайд этилишича, умумий, қаттиқ, махсус тартибли колонияларда, тарбия колонияларида, турмаларда ва маҳкумлар учун ихтисослашган касалхоналарда жазони ўтаётган маҳкумларнинг масофали видео-учрашувлари ёки телефон орқали сўзлашувлари муассаса маъмурияти назорати остида ўтказилади.

Масофали видео-учрашувлар ёки телефон орқали сўзлашувлар миқдори жазони ижро этиш муассасасининг тартиб турига ҳамда маҳкум сақланаётган шароитга қараб белгиланади. Маҳкумнинг илтимосига кўра, маҳкум жазони ижро этиш муассасасига етиб келганидан кейин, шунингдек алоҳида ҳолларда унга қўшимча равишда масофали видео-учрашувга ёки телефон орқали сўзлашувга рухсат этилиши мумкин.

Интизомий бўлинмаларда сақланаётган маҳкумларга фақат алоҳида ҳолларда масофали видео-учрашувга ёки телефон орқали сўзлашувга рухсат этилиши мумкин.

Озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган маҳкумларнинг масофали видео-учрашувлари ёки телефон орқали ўзаро сўзлашувлари тақиқланади.

Маҳкумларга масофали видео учрашувларга ёки телефон орқали сўзлашувларга рухсат этиш тартиби Ички ишлар вазирлиги томонидан белгиланади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 1 та китоб ўқиган ва белгиланган тартибда имтиҳон топширган маҳкумнинг жазосини 3 кунга қисқартириш режалаштирилмоқда. Норма фақат жазодан муддатидан илгари шартли равишда озод қилиниши назарда тутилган шахсларга нисбатан татбиқ этилади. Сенат тегишли қонунни маъқуллади.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *