Ўзбекистон бошқарув тизимида ҳали ҳам эскича хулосалар билан ёндашиб, мамлакат ривожига ўзининг салбий таъсирини кўрсатаётган раҳбарлар бор. Бу ҳақда 16 январь куни «Миллий тикланиш» демократик партияси томонидан ўтказилган матбуот анжуманида партия раиси Алишер Қодиров таъкидлади, дея хабар бермоқда Gazeta мухбири.
«Давлат раҳбарининг 2025 йил декабрдаги Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида олтинчи устувор йўналиш сифатида замонавий давлат бошқаруви ва адолатли суд-ҳуқуқ тизими борасидаги ислоҳотларни давом эттириш қайд этилди. Ҳақиқатан ҳам давлат ривожланиши учун бошқарувда замонавий қарашларнинг бўлиши жуда муҳим масала ҳисобланади. Агар бошқарув тўғри бўлса, натижа ҳам шунга яраша бўлади. Шунингдек, суд-ҳуқуқ тизимида адолат ва эркинлик бўлса, албатта, бу жамиятнинг ҳаракати ва натижадорлигига таъсир қилади. Суд-ҳуқуқ соҳасидаги ўзгаришлар ҳаётий аҳамиятга эга бўлган масала. Адолат бўлмаса, ҳеч қандай ривожланиш бўлмайди. Ҳар икки тизимда муаммо борки, давлат раҳбари ўзининг мурожаатида энг муҳим масала сифатида таъкидлади», — дейди Қодиров.
Унинг сўзларига кўра, давлат бошқарувидаги замонавий қарашлар ва замонавий тушунчага эга бўлган, бугунги глобал трендлардан тўғри хулоса чиқара оладиган раҳбарлар, тадбиркорлар ўз қарорлари билан Ўзбекистоннинг ривожланишига албатта, таъсир кўрсатади.
«Биз ҳали совет таъсиридан тўлалигича қутилмаганмиз. Ҳали ҳам бошқарувимизда эскича қарашларга эга, эскича хулосалар билан ёндашиб, Ўзбекистоннинг ривожланишига ўзини салбий таъсирини кўрсатаётган раҳбарлар: ҳокимлар деймизми, вазирлар ва уларнинг ўринбосари деймизми, туман ҳокимлари деймизми, афсуски улар бор. Биз ҳали бу жараёнда идеал натижага эришганимиз йўқ. Шунинг учун ҳам давлат раҳбари давлат бошқарувида янгича қарашлар ва янги ўзгаришларни рўёбга чиқаришни муҳим, дея қайд этди», — дейди партия раиси.
Аввалроқ, Алишер Қодиров дабдабали тўйлар учун чеклов сифатида ҳашамат солиқини жорий этиш кераклигини айтганди. «Ҳашаматни хоҳлаяпсизми, унинг солиғини ҳам ҳашаматли қилиб тўланг. Тўйда одам бошига қараб солиқ ҳисобланиши керак», — деганди у.
