«Elite-media» МЧЖга қарашли Taftish.uz сайтининг бир гуруҳ ходимлари процессуал тартибда ушланганини маълум қилинганди. ИИВ ҳолат бўйича қўшимча маълумот бериб, сайт ходимларини бир қанча ҳолатларда айблади.
Вазирликнинг расмий баёнотида лойиҳанинг норасмий раҳбари, 1988 йилда туғилган Ғайрат Абераев бошчилигидаги Азизжон Юлдашев (1992 йилда туғилган), Сардор Ҳамидов (2000), Маржона Эшқувватова (2006) ва Дилшод Нишоновлардан (1998) иборат гуруҳ «жамоатчилик назорати ниқоби остида жиноий гуруҳ тузиб, товламачилик ва фирибгарлик содир этиб келганлик»да айбланмоқда.
Идора маълумотларига кўра, гуруҳ аъзолари фуқаролар ҳақида обрўсизлантирувчи материаллар тайёрлаб, уларни ўчириш эвазига тизимли равишда пул талаб қилиб келган.
Вазирлик хабарида келтирилган биринчи эпизодда «Чилонзор буюм савдо комплекси» билан боғлиқ вазият баён қилинган бўлиб, унда лойиҳа вакиллари бозор маъмурияти ва тадбиркор ўртасидаги суд томонидан ҳал қилинган низони бир томонлама ёритиб, сайтнинг YouTube каналига жойлаштирганликлари айтилади.
Қайд этилишича, улар бозор маъмуриятидан видеони ўчириш эвазига 40 миллион сўм талаб қилган ва ушбу маблағни қонунийлаштириш мақсадида бозор маъмурияти лойиҳа билан шартнома тузишга мажбурланган. Ички ишлар вазирлиги таъкидлашича, талаб қилинган пулнинг 10 миллион сўми Сардор Ҳамидовнинг банк картасига ўтказилган бўлиб, вазирлик ушбу ҳаракатларни «тамагирлик йўли билан пул маблағларини ундиришга уриниш» деб тавсифлаган.
Навбатдаги ҳолат Самарқанд вилоятидаги «Black plast» МЧЖ қурилиш корхонаси фаолияти билан боғлиқ бўлиб, ИИВ айбловига кўра, Маржона Эшқувватова, Азизжон Юлдашев ва Дилшод Нишонов корхона ҳақида «уйдирма тафсилотлардан иборат видеолавҳа» тайёрлаганлар. Сўнгра тадбиркорни бошқа видеоларни чиқармаслик эвазига қўшимча 20 миллиард сўм бериш ҳақида тилхат ёзишга ва 60 миллион сўмлик шартнома тузишга мажбурлашган.
Тадбиркор пулларни ўз вақтида бера олмагач, видеолар тарқатилган ва фақат жами 60 миллион сўм ўтказиб берилгандан кейингина материаллар ўчирилган.
Бундан ташқари, Дилшод Нишонов Наманган вилоятининг Чуст туманидаги оилавий низо юзасидан Туморовлар оиласини таҳқирловчи 18 та видео тарқатганликда айбланмоқда. ИИВ маълумотларига кўра, ушбу шахс мазкур ҳаракати учун маъмурий жавобгарликка тортилган бўлса-да, видеоларни ўчириш эвазига фуқародан аввал 300 АҚШ доллари, сўнгра 1,8 миллион сўм ва якунда 16 миллион сўмлик шартнома талаб қилган.
Вазирлик сайт ходимларини яна бир қанча жиноят ва қоидабузарликда айблаб, видео эълон қилди.
Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 139-моддаси (Туҳмат), 168-моддаси (Фирибгарлик), 165-моддаси (Товламачилик) ҳамда 244−6-моддаси (Ёлғон ахборот тарқатиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, барча гумонланувчилар процессуал тартибда ушланган.
Вазирлик агар улардан жабрланган фуқаролар бўлса ИИВ Тергов департаментининг (71) 231−40−66 рақами орқали мурожаат қилишлари мумкинлиги билдирилган.
