• Вс. Фев 15th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

«Yangi bank» лицензияси чақириб олинди. Омонатлар, карталар, кредитлар ва ходимлар тақдири нима бўлади?


Ўзбекистон Марказий банки бошқаруви 15 январь куни «Yangi bank» лицензиясини чақириб олиш ва уни мажбурий тугатиш жараёнини бошлаш тўғрисида қарор қабул қилди.

Регулятор буни банкнинг, бир неча бор огоҳлантирилганига қарамай, устав капиталнинг минимал талабларига мунтазам риоя қилмагани ва сўнгги чоракларда сурункали зарар билан фаолият юритиб келаётгани билан изоҳлади.

Марказий банк вакиллари пайшанба куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида «Yangi bank» билан боғлиқ вазият юзасидан журналистларнинг саволларига жавоб беришди, деб хабар бермоқда Gazeta мухбири.

Мажбурий тугатиш жараёни 15 январдан бошланди. МБ банк операцияларини амалга оширишга чекловлар киритди. Шу билан бирга, ваколатли орган — тугатиш комиссияси иш бошлади, унинг ваколатлари доирасида айрим чекловлар босқичма-босқич бекор қилинмоқда ва амалга оширилиши мумкин бўлган операциялар рўйхати шакллантирилмоқда.

Банкнинг молиявий ҳолати

МБ тақдим этган маълумотларга кўра, 2026 йил 13 январь ҳолатига банкнинг жами активлари 577,2 млрд сўмни ташкил этган.

Шундан:

  • 190 млрд сўм — кредит портфели (асосан, қисқа муддатли ва факторинг кредитлари, стандарт кредитлар сифатида таснифланган);
  • 126 млрд сўм — ликвид активлар, шу жумладан, МБдаги маблағлар (31 млрд), бошқа банклардаги маблағлар (14,5 млрд) ва «репо» операциялари бўйича қимматли қоғозлар (80 млрд);
  • 254,7 млрд сўм — асосий воситалар, жумладан, банк биноси — 155 млрд ҳамда номоддий активлар — 103 млрд.

Банкнинг мажбуриятлари қарийб 412 млрд сўмни ташкил этади, шундан:

  • 279 млрд сўм — жисмоний шахслар маблағлари (омонатлар ва карталардаги маблағлар);
  • қарийб 110 млрд сўм — юридик шахслар маблағлари.

Банкнинг дастлабки шакллантирилган устав капитали 355 млрд сўм бўлган бўлса, зарарларни ҳисобга олгандан сўнг тахминан 183 млрд сўмга камайган. Ўтган йилларда тақсимланмаган зарар — 171 млрд сўм.

Омонатлар

Омонатларни кафолатлаш агентлиги раҳбари Улуғбек Ҳамдамовнинг маълум қилишича, тугатиш комиссияси аъзолари билан қўшма йиғилиш ўтказилиб, олдинда турган масалалар, хусусан, тугатиш жараёнининг бориши, тартиби, шартлари тўғрисида жамоатчиликка маълумот бериб бориш каби масалалар муҳокама қилинган. Олдиндаги вазифаларни ҳал этишда, унинг сўзларига кўра, омонатчиларнинг маблағларини қайтаришга устуворлик берилади.

Омонатларни қандай тартибда қайтариб олиш бўйича аниқ режа омонатчиларга уч кун ичида маълум қилинади.

МБнинг дастлабки маълумотларига кўра, банкда 32 526 нафар жисмоний шахс омонатчилар мавжуд. Улардан 32 153 нафари (98,8 фоиз) давлат кафолатига эга.

Кафолатланган сумма — бир омонатчи учун 200 млн сўмгача. Бироқ ушбу лимит омонатлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритилгунга қадар очилган омонатларга нисбатан татбиқ этилмайди. Агар депозит 2025 йил 19 февралгача очилган бўлса, унга 100 фоиз кафолат (суммадан қатъи назар) қўлланилади.

32,1 минг мижоз бўйича кафолатланган тўловларнинг умумий ҳажми тахминан 240 млрд сўмни ташкил этади.

Маблағлари 200 млн сўмдан ортиқ бўлган 373 нафар омонатчи кафолатланмаган қисмини кейинчалик — тугатиш комиссияси қарори асосида навбатма-навбат олади. Уларнинг маблағлари ҳажми 90 млрд сўм атрофида баҳоланмоқда.

Картадаги маблағлар

Пластик карталардаги маблағлар талаб қилиб олингунча сақланадиган омонатларга тенглаштирилади ва 200 млн сўмгача кафолатланади. Қайтариш бошқа омонатлар билан бир қаторда агент банк орқали амалга оширилади.

Агент банк аниқлангандан сўнг, омонатчилар идентификация қилиш учун унинг бўлимларига шахсни тасдиқловчи ҳужжат билан мурожаат қилишлари мумкин бўлади. Кафолатланган суммани тўлаш белгиланган тартибда маблағларни омонатчининг ҳисобварағига (картасига) ўтказиш йўли билан амалга оширилади.

Тўлов муддатлари

2025 йилда қабул қилинган қонун талабларига мувофиқ компенсациялар кафолат ҳолати юзага келган пайтдан бошлаб 15 иш куни ичида тўланиши керак:

  • 8 иш куни омонатчилар реестри ва кафолатланган суммаларни шакллантиришга ажратилади;
  • 9-иш кунидан тўловлар бошланиши кутилади;
  • кафолатли ҳолат юзага келган кундан бошлаб 15 иш куни ичида омонатчиларнинг камида 75 фоизи компенсация олиши керак.

Кафолатли ҳодиса юз берган сана 15 январь ҳисобланади. Реестр 26 январгача тайёр бўлиши кутилмоқда, шундан сўнг тўловлар бошланади.

Реестр шакллантирилгандан сўнг, тўловлар тўлиқ амалга оширилади. «Етарли пул маблағлари агентликнинг (Омонатларни кафолатлаш агентлиги — таҳр.) ўзида шакллантирилди — агентлик молиявий ресурсларга эга. Қонунчилик талаби асосида бугуннинг ўзида ҳам ҳисоб-китоб қилиб боришга имкониятимиз бор, [бироқ] асосий масала ҳозир реестрнинг ўзини шакллантириш. Қонун таллабига кўра, кафолатлаш объекти таркибидан кафолатланган омонатларни ажратиб олишимиз керак. Бу мураккаб ва кўп меҳнат талаб қиладиган жараён бўлиб, унга 8 иш куни ажратилган», — деди агентлик ижрочи директори Улуғбек Ҳамдамов.

«Yangi bank» хабар қилишича, ҳозирда фирибгарлар мижозларга шахсий хабарлар ёзиб, «омонатларни қайтаришда ёрдам бериш»ни таклиф қилмоқда.

«Бу ёлғон. Қуйидаги маълумотларни ҳеч кимга берманг: паспорт маълумотлари, омонат бўйича шартнома рақамлари, SMS-кодлар, карта ва ҳисоб рақами маълумотлари».

Қўшимча тушунтиришларни агентликнинг ишонч телефони орқали олиш мумкин: +998 55 550−05−00.

Юридик шахслар ва кредиторлар

Юридик шахсларнинг банк ҳисобварақлардаги маблағлари тахминан 104 млрд сўмга баҳоланмоқда. Қонунчиликка кўра, ҳар бир юридик шахс учун 200 млн сўмгача бўлган маблағ Омонатларни кафолатлаш жамғармаси томонидан қопланади. Бу чегарадан ортиқ сумма маблағлар келиб тушишига қараб ва навбат тартибида тугатиш комиссияси томонидан қайтарилади.

Тугатиш комиссияси:

  • уч кун ичида кредиторлар талабларини тақдим этиш тартибини эълон қилади;
  • икки ой давомида талабларни қабул қилади;
  • сўнгра яна икки ой мобайнида талаблар рўйхатини тузади;
  • рўйхат МБ томонидан тасдиқлангач, тугатиш маблағлари ҳисобидан талабларни қондириш бошланади.

Кредитлар: тўлашни давом эттириш керакми?

Лицензиянинг бекор қилиниши қарз олувчиларни мажбуриятлардан озод этмайди. Барча кредит шартномалари ўз кучида қолади, тўловлар белгиланган жадвалга қатъий риоя қилган ҳолда амалга оширилиши лозим.

Тугатиш комиссияси уч иш куни ичида кредитларни сўндиришни давом эттириш учун қайси ҳисоб рақамларга ва қайси реквизитлар бўйича тўловлар амалга оширилиши кераклиги ҳақида маълумот эълон қилади.

Лицензияни бекор қилиш тўғрисидаги қарор кучга киргунга қадар тўлов тизимларига юборилган тўлов топшириқномалари бажарилади. Қонун уларни тўхтатиб қўйишга йўл қўймайди.

Банк ходимлари

«Yangi bank» ходимларига ҳисобланган, лекин тўланмаган иш ҳақи биринчи навбатдаги талаблар қаторига киради.

Оралиқ тугатиш баланси тасдиқлангандан сўнг тўловлар биринчи навбатда тугатиш маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Банк бошқаруви ва кузатув кенгаши аъзолари, шунингдек, банк ходимлари келажакда банк тизимида ишлашлари мумкин.

Тартибга солувчи орган билан келишилиши лозим бўлган лавозимларга тайинланаётганда, улар Fit and Proper жараёнидан қайта ўтадилар. Чекловлар фақат банкнинг молиявий аҳволи ёмонлашгани учун шахсий жавобгарлик аниқланган тақдирдагина қўлланилиши мумкин.

Тугатиш комиссияси ва маълумотлар хавфсизлиги

Акциядорлар, кузатув кенгаши ва бошқарувнинг ваколатлари тўлиқ тугатиш комиссиясига ўтказилди.

Мижозлар ҳақидаги маълумотлар банк сири ҳисобланади ва ходимлар ишлаётган даврда ҳам, улар ишдан бўшатилгандан кейин ҳам ҳимоя қилиниши шарт.

Банк сирини ошкор қилганлик учун қонуний жавобгарлик белгиланган.

Тугатиш комиссияси таркиби ва тугатиш босқичлари уч кун ичида Yangi Bank расмий веб-сайтида эълон қилинади.

Мижозлар ҳозир нима қилиши керак?

Тартибга солувчи орган ва Омонатларни кафолатлаш агентлиги ваҳимага тушмасликка ва фақат расмий манбаларга таянишга чақиради, хусусан:

  • Марказий банк хабарлари;
  • Омонатларни кафолатлаш агентлиги нашрлари;
  • тугатиш комиссияси эълонлари.

«„[Пулни] ечиб бераман“, „чиқариб бераман“, „ўтказиб бераман“, „танишларим бор“, „мен банкданман“ деган нарсани барчаси ёлғон ва бунақа нарсаларга ҳеч ким ишонмаслиги учун аудиторияга аниқ ва таъсирли тарзда етказишингизни сўраймиз», — дейилади МБ баёнотида.

«Yangi bank» 2023 йил май ойида рўйхатдан ўтказилган. У Yangi Group (Yangi Crypto, Yangi Finance ва Yangi Payment) томонидан таъсис этилган бўлиб, унинг ягона муассиси Сингапурдаги Yangi Holding PTE LTD ҳисобланади. Yangi Group раҳбари сифатида тадбиркор Бахтиёр Фозилов билан боғлиқ бўлган SEG Enera бош директори лавозимида ишлаган Тимофей Валентинович Смирнов кўрсатилган.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *