16 ноябрь, жума куни Dubai Autodrome трассасида Dubai 24 Hour асосий пойгасининг старт тартибини (старт жойлашувини) белгилаб берган саралаш баҳси бўлиб ўтди. 24 соатлик чидамлилик пойгаси 2006 йилдан бери ҳар йили ўтказиб келинади. Унда 70 га яқин жамоа иштирок этмоқда.
Ўзбекистонлик 21 ёшли учувчи Исмоил Аҳмедхўжаев Rossa Racing гуруҳи вакили ҳисобланади. Унинг таркибига яна тўртта пойгачи киритилган: жамоа сардори Роман Русинов, шунингдек, Амина Ал Кубайси, Вячеслав Гутак ва Евгений Киреев.
Пойгачилар 24 соат давомида бир-бирини алмаштириб туришади. Уларнинг иштирок этиш тартибини жамоа бошқарувчиси, муҳандиси ва сардори белгилайди.
«Умумий ҳисобда малака босқичи режа бўйича ўтди, — деди Gazeta’га жамоа сардори Роман Русинов. — Исмоилда озгина қийинчиликлар юзага келди. Тезкор айлана вақтида унинг машинаси айланиб кетди (спин), шунга қарамай у яхши натижа қайд этди».

Унинг сўзларига кўра, 24 соатлик форматдаги пойгаларда саралаш босқичи ҳал қилувчи омил ҳисобланмайди. Бу ерда энг муҳими — автомобилни техник носозликларсиз маррагача бошқариб келишдир.
«Ана шунда бизда жуда муносиб натижа кўрсатиш, балки ғалаба учун курашиш имконияти ҳам пайдо бўлади», — деди Роман Русинов.
Пойгачилар январь ойи бошидан буён трассада машғулот олиб боришмоқда. Тайёргарлик жараёнлари, жумладан, тунги вақтда ҳам ўтказилди. Жамоа сардорининг таъкидлашича, тунги машқлар бўлажак пойга қанчалик мураккаб ва оғир ўтишини кўрсатиб берган.
«Трассада бир вақтнинг ўзида 70 дан ортиқ автомобиль бўлади, бу эса қувиб ўтишларни асосий қийинчиликлардан бирига айлантиради. Сиз доимо кимнидир қувиб ўтасиз, кимдир сизни қувиб ўтади. Бундай шароитда машинани асраб қолиш, тўқнашув ва техник носозликлардан қочиш жуда муҳим. Ҳозирда биз яхши ҳолатдамиз ва вазифамиз — барқарорликни сақлаш, танланган йўналишдан бориш ва максимал даражада диққатни жамлаган ҳолда ҳаракат қилишдир. Менинг фикримча, айнан шу юқори натижага эришишда ҳал қилувчи омил бўлади».
Исмоил Аҳмедхўжаев учун чидамлилик пойгасида иштирок этиш дебют ҳисобланади. Унинг сўзларига кўра, воқеа кўлами ва «Rossa LM GT каби ноёб машина»ни бошқариш имконияти у учун орзуга эришиш билан баробар.
«Мен ҳар куни жамоадан кўп нарса ўрганмоқдаман. Бу ерда ҳақиқий профессионаллар йиғилган ва улар билан бирга ишлаш улкан тажриба бағишламоқда. Айниқса, Роман билан бирга чиқиш жуда қадрли, чунки ундан нафақат тезликни, балки пойгаларга умумий ёндашувни ҳам ўрганса бўлади», — деди Исмоил.
«Менинг кутилмам оддий ва шу билан бирга жуда жиддий: жамоага фойдали бўлиш, ҳар бир айланишда ўсишга эришиш ва умумий натижага ўз ҳиссамни қўшиш», — дея фикр билдирди у.


