Фарғона вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси (ММТБ) бошлиғи Шерзод Долимов маъмурий жавобгарликка тортилди. Бу ҳақда Меҳнат инспекцияси бошлиғи вазифасини бажарувчи Нилуфар Аманниязова Gazeta’га маълум қилди.
Бошқарма бошлиғи Бувайда туманидаги 37-мактаб директорини ишдан олиш ва янги директорни ишга тайинлаш жараёнларида меҳнат қонунчилиги талабларини бузган деб топилди. Шу сабабли унга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 49-моддаси (Меҳнат ва меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунчиликни бузиш) бўйича чора қўлланди.
Инспекция жарима миқдорига аниқлик киритмади, аммо юқоридаги ҳуқуқбузарлик учун базавий ҳисоблаш миқдори (БҲМ, у ҳозирда 412 минг сўм)нинг 5 бараваридан 10 бараваригача жарима назарда тутилган.
Аввалроқ мазкур мактаб ўқитувчилари Янги йил байрами кунлари туну кун навбатчилик қилишга мажбурлангани ортидан ишдан олинган директор вазифасини бажарувчи Ҳасанбой Нишонов лавозимига қайта тиклангани ҳақида хабар берилганди.
Воқеанинг қисқача тарихи
Дастлаб ушбу мактабнинг ўқитувчилари 25 декабрдан 4 январгача (Янги йил байрамида ҳам) туну кун навбатчилик қилишга мажбурланганини айтиб, Kun.uz`га видеомурожаат йўллади. Унда навбатчилик қилинмаса, дарсларни олиб қўйиш билан қўрқитилгани, ўқитувчилар мажбурликдан бу талабни бажаргани — кундузи аёллар, кечаси эркаклар навбатчилик қилгани баён этилганди.
Сўнгра Фарғона вилояти ММТБ воқеа ортидан директор ишдан олинганини маълум қилган. Зотан, «Педагогнинг мақоми тўғрисида»ги қонунга кўра, уларни касбий фаолияти билан боғлиқ бўлмаган ишларга жалб қилиш тақиқланади ва жавобгарликка сабаб бўлади.
Бошқарма ўз баёнотида вазиятни ўргангани, 37-умумтаълим мактаби директори вазифасини вақтинча бажарувчи бўлиб ишлаб келган Ҳасанбой Нишонов педагогик жамоага уларнинг лавозим мажбуриятига кирмайдиган вазифани юклагани аниқланганини айтган.
«Ҳурматли ижтимоий тармоқ кузатувчилари ва фойдаланувчиларидан битта мактабдаги жараённи бутун тизимдаги ҳолат сифатида баҳоламасликларини сўраб қоламиз», — деганди бошқарма ўз хабарида.
Аммо бирмунча вақт ўтиб, Ўзбекистон мактабларида мажбурий навбатчилик бўйича топшириқни таълим вазирлигининг ўзи бергани аён бўлди. Тармоқларда тарқалган, ХДФУ (хизмат доирасида фойдаланиш учун) деб белгиланган ҳужжатда ҳудудий бошқармаларга йўлланган топшириқ хати бор эди, унда ходимлардан ўзи раҳбарлик қилаётган ташкилотда белгиланган муддатлар, яъни 25 декабридан 5 январга қадар 24 соатлик узлуксиз навбатчиликни йўлга қўйиш сўралган.
Хатда бу ишлар «Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 20 декабрдаги 245-сонли «Янги йил байрамини юқори даражада ўтказишга тайёргарлик кўриш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги баёнининг 28-бандига мувофиқ» бажарилиши кўрсатилган.
Gazeta изоҳ сўраб мурожаат қилган ММТВ вакилларининг айтишича, топшириқда айнан ўқитувчиларни навбатчиликка жалб этиш ҳақида гап бўлмаган. Шу билан бирга, навбатчиликка кимлар жалб қилиниши керак бўлгани ҳақидаги саволга жавоб беришмаган.
Gazeta ишдан олинган Ҳасанбой Нишонов билан ҳам суҳбатлашган. У ишдан бўшатилгани ҳақида тармоқлар орқали хабар топгани ва жаримага тортилганини айтган. «Навбатчилик қилиш кераклиги ҳақида топшириқни педагог ходимларга тўғри тушунтириб, ихтиёрий эканини айтганман. Тепадан келган топшириқни бажарганман. Бундай топшириқ бошқа мактаблар раҳбарларига ҳам берилганди», — деган у.
13 январь куни Меҳнат инспекцияси бошлиғи в.б. Нилуфар Аманниязова Gazeta’га мажбурий навбатчилик ортидан ишдан олинган директор лавозимига тикланганини маълум қилган.