Футбол бўйича Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси Саудия Арабистонида ўтаётган 23 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Осиё кубогидаги иштирокини якунлади. 17 январь куни бўлиб ўтган чорак финал ўйинида Равшан Ҳайдаров бошчилигидаги жамоа Хитойга пенальтилар сериясида мағлуб бўлди (0:0, 2:4).

Асосий ва қўшимча бўлимларда ҳисоб очилмади — 0:0.

Ўзбекистонликлар ташаббус кўрсатиб, асосий статистик кўрсаткичлар бўйича рақибни ортда қолдирди. Футболчилар дарвоза томон 22 та зарба йўллади, шундан 7 таси аниқ, Хитой терма жамоаси эса 4 та зарба йўллади ва бирорта ҳам аниқ зарба бўлмади. Тўпга эгалик қилишда ҳам Ўзбекистон устун бўлди: 72 га 28.

Осиё футбол конфедерацияси шарҳида қайд этилишича, ўйин ва пенальтилар сериясида асосий ролни Хитой терма жамоаси дарвозабони Ли Хао ўйнади. Учрашув давомида у бир неча бор Асилбек Жумаев, Равшан Хайруллаев ва Сардорбек Баҳромовнинг хавфли зарбаларидан кейин жамоасини қутқариб қолди.

Ўзбекистон терма жамоасининг босими Хитой терма жамоасини ўйиннинг катта қисмини чуқур ҳимояда ўтказишга мажбур қилди.

Пенальтилар сериясида дастлабки бешта зарба голга айланди, шундан сўнг Беҳрузжон Каримов ва Ян Хаоюй биттадан зарбани голга айлантира олмади. Дилшод Абдуллаевнинг зарбасини Ли Хао қайтарган бўлса, ҳал қилувчи пенальтини Ван Бохао голга айлантирди — 4:2 Хитой миллий жамоаси фойдасига.

U-23 Осиё кубоги ярим финалида Хитой терма жамоаси чорак финалда БАА ёшлар терма жамоасини 3:2 ҳисобида мағлуб этган Вьетнам билан тўқнаш келади.

Статистика

футбол, хитой, u-23 осиё кубоги

Фото