• Вс. Фев 15th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Статқўм раҳбарияти аҳолини рўйхатга олишда нега ногиронликка оид саволлар йўқлигига изоҳ берди


Ўзбекистонда 15 январь куни бошланган ва 28 февралга қадар давом этадиган аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатдан ўтказиш сўровномасида ногиронликка оид саволларнинг йўқлиги эътирозларга сабаб бўлаётгани ҳақида ёзгандик.

Gazeta мухбири 14 январь куни Тошкентда бўлиб ўтган брифингда Миллий статистика қўмитаси раҳбариятидан 71 та савол орасида ногиронликка оид саволларнинг йўқлиги бўйича изоҳ сўради.

Қўмита раиси Беҳзод Ҳамраевнинг таъкидлашича, фуқаро сўровномадаги даромад манбаига оид саволга жавоб сифатида ногиронлик пенсияси олишини белгилаши мумкин. Шу тариқа ногиронлиги бўлган шахслар статистикасини шакллантирса бўлади.

Беҳзод Ҳамраев / Фото: Миллий статистика қўмитаси

«Ўзбекистон қонунчилигига кўра, фуқарога ногиронликни белгилашда бир қанча жараёнлардан ўтилади. Хусусан, тиббий комиссия хулосаси ҳам керак бўлади. 71 та савол орасида ногиронлик ҳақида тўғридан-тўғри савол бўлмаса-да, аммо даромад манбаига оид саволнинг жавоблари ичида „ногиронлик пенсияси“, деган вариант ҳам бор. Ногиронлиги бўлган шахслар ўша жавобни бемалол белгилаши мумкин. Рўйхатга олиш тадбири тугаганидан сўнг маълумотларни таҳлил қилаётганимизда ногиронлик нафақаси оладиганлар сони маълум бўлади ва шу асосда статистика шакллантириш мумкин», — дейди Ҳамраев.

Қўмита бошқарма бошлиғи Зойир Йўлдошевнинг айтишича, аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш саволлари таркибига ногиронликка оид саволларни киритиш ё киритмаслик масаласи халқаро экспертлар, яъни БМТнинг Аҳолишунослик жамғармаси (UNFPA) ҳамда Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) мутахассислари иштирокида муҳокама қилинган.

аҳолини рўйхатга олиш, беҳзод ҳамраев, ногиронлар статистикаси, статистика қўмитаси

Зойир Йўлдошев / Фото: Масс-медиа фонди

«Халқаро экспертларга кўра, ногиронлиги бўлган шахсларни рўйхатга олиш кўпроқ соғлиқни сақлаш тизимида фаолият юритувчи ходимлар орқали ўтказилади. Уларнинг иштироки жавобларнинг ишончли эканлигини таъминлайди. Аҳолини рўйхатга олиш тадбирига 55 минг нафар „маҳалла еттилиги“ вакиллари жалб қилинади, афсуски, ҳеч бири соғлиқни сақлаш тизими ходими эмас. Агар улар орқали ногиронлиги бўлган шахслар ҳам рўйхатга олинадиган бўлса, берилган жавобларнинг қай даражада тўғри ва ишончли эканлиги ҳам бир масалага айланади», — дейди у.

«Бундан ташқари, „маҳалла еттилиги“ вакиллари хонадонма-хонадон юриш пайтида ногиронликка оид савол берадиган бўлса, фуқаро боши оғриб тургани учун ҳам „ногиронман“, деб юбориши мумкин. Бу биргина мисол. Нотўғри олинган маълумот эртага умумий натижани шакллантиришда ҳам таъсир кўрсатади», — дея қўшима қилди Зойир Йўлдошев.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *