Навоий вилояти Хатирчи туманида отаси оғзига пайпоқ тиққан беш ойлик чақалоқ вафот этди. Бу ҳақда Sevimli телеканалининг Zamon дастурида хабар берилди.
Қайд этилишича, ҳолат 10 январь куни содир бўлган. Бола йиғлаётгани сабабли ота унинг оғзига пайпоқ тиққан. Оқибатда у нафас етишмовчилиги оқибатида кўкара бошлаган. Шундан сўнг онаси чақалоқни зудлик билан шифохонага олиб борган.
Бироқ шифокорларнинг саъй-ҳаракатларига қарамай бола орадан тўрт кун ўтиб шифохонада вафот этган.
«10 январь куни соат 00:00 атрофида бир бемор ўта оғир аҳволда, клиник ўлим ҳолатида олиб келинди. Юрак ва нафас олиши тўхтаганди, ўпка-юрак реанимациясини ўтказдик, сўнг юраги тикланди. Беморни тўрт кун давомида болалар реанимацияси бўлимида стандарт асосида даволадик. Керакли мутахассислар кўрди. Шунга қарамасдан, 14 январь куни соат 22:00 атрофида болада биологик ўлим ҳолати кузатилди. Шундан сўнг ички ишлар ходими чақирилди ва мурдани экспертизага ўтказдик», — деди шифокор Ўрал Раҳматуллаев.
Маҳалла вакилларининг маълум қилишича, бу эркакнинг шаръий никоҳига олинган иккинчи оиласи (икки ўғил) бўлган. Аввалги оиласида ҳам у фарзандларига (бир қиз, бир ўғил) доимий равишда зулм кўрсатган. Маҳалла еттилиги эркак билан кўп маротаба профилактик суҳбатлар ўтказган ва назоратда бўлган.
Навоий вилояти ИИБга кўра, мазкур ҳолат юзасидан гумонланувчига нисбатан Жиноят кодексининг 104-моддаси (Қасддан баданга оғир шикаст етказиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланган. Айни пайтда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, дейилади хабарда.
