• Сб. Фев 7th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Ўзбекистонда 19−25 январь кунлари об-ҳаво қандай бўлади? Gazeta шарҳи


Ушбу шарҳ «Ўзгидромет»нинг қисқа ва ўрта муддатли об-ҳаво прогнозлари асосида тузилган бўлиб, у бевосита об-ҳаво прогнози эмас.

Бу каби шарҳлар об-ҳаво бюроларининг прогнозларидаги рақамлар, ҳодисаларни оддий тилда тушунтириш имконини беради. Айрим нуқталарда «Ўзгидромет» ҳали тақдим этишга улгурмаган ахборотлар халқаро об-ҳаво прогнози марказларининг маълумотлари билан тўлдирилган — бу ҳам прогнозларни шарҳлаш амалиётида тасдиқланган самарали усулдир.

Ўтган ҳафта республиканинг кўплаб ҳудудларида жанубий циклонлар таъсирида яхшигина ёғингарчиликлар, хусусан, қор ҳодисалари кузатилди. Жорий ҳафта, умуман олганда, январнинг учинчи ўн кунлигида узоқ муддат сақланиши кутилаётган Сибирь антициклони жанубий минтақа об-ҳавоси учун асосий ҳал қилувчи мезон бўлади.

Жорий Сибирь антициклони бизнинг минтақага ўзининг ҳақиқий совуқлари билан таъсир этмаса-да, ҳар ҳолда у биз учун яхшигина намгарчилик ва қиш кунларига ўхшаш об-ҳаво муҳитини тақдим этиши аниқ бўлмоқда. Аниқроғи, ушбу совуқ Сибир антициклонининг жорий ҳолати бизга қўшни Туркманистондан жанубий циклонлар кириб келишини таъминлаши аниқ. Хусусан, пайшанба-жума кунлари республика аҳолиси навбатдаги жанубий Каспий циклонидан жойларда бу сафар ҳам яхшигина қор ёғиши ҳодисаларига гувоҳ бўлишлари мумкин. Ҳатто водий учун бу нам ҳаво оқими бу сафар дурустроқ қор улашиб кетса керак.

Манба: Meteoinfo.ru

Антициклон таъсирида Ўзбекистонда жорий ҳафта бироз совуқроқ бўлиши ойдинлашади. Хорижий об-ҳаво бюроси маълумотларида ҳам жорий ҳафтанинг иш кунлари Ўзбекистоннинг катта қисмида ўртача ҳарорат шу даврга хос кўп йиллик иқлимий меъёр қиймати атрофида ва ундан бир даража совуқроқ бўлиши келтирилган.

Манба: Meteoinfo.ruМанба: Meteoinfo.ru

«Ўзгидромет»нинг ҳафта кунлари учун тузган прогнозларига кўра, чоршанба куни шимол ва Бухоро-Навоий вилоятларида, чоршанба ва пайшанба кунлари Тошкент, Сирдарё, Самарқанд, Жиззах, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида, пайшанба куни водий вилоятларида ёғингарчиликлар бўлиши тахмин қилинган. Бу ҳаво оқимларидан энди кўплаб вилоятлар, хусусан, водийнинг каттароқ қисми ҳам қор кўриши ойдинлашган.

Навбатдаги нам ҳаво оқими якшанба куни минтақага яқинлишиши ҳамда шу куни Бухоро-Навоий вилоятларига ёғингарчилик улашиши мумкин.Тоғларда деярли ҳар куни қор ёғиши мумкинлиги қўшимча қилинмоқда. Бошқа кунлари ҳудудларда ёғингарчилик кутилмайди.

«Ўзгидромет» ҳафта бошларида ҳудудларда ҳаво бироз совуқ бўлишини, тунги ва тонгги муддатларда шимол ва тоғли ҳудудларда ҳарорат минимумлари -13 даражагача, бошқа ҳудудларда −5…−7 даражагача пасайишини, ҳафта ўрталарида нам ҳаво оқимларининг минтақага кириб келиши сабабли тунда ҳароратнинг бироз кўтарилиши, дам олиш кунларига бориб, ҳудудларда яна тунги ҳарорат қийматлари пасайиб боришини қўшимча қилган. Қуйидаги прогноз харитада шанба тонгида аҳоли зич истиқомат қилувчи вилоятларда ҳарорат сезиларли пасайиб кетиши келтирилган. Хусусан, пойтахтда ўша куни ҳаво ҳарорати -10 даражагача пасайиши мумкин.

Манба: ECMWFМанба: ECMWF

«Ўзгидромет»нинг жорий ҳафта кундузлари учун тақдим этган прогнозларида ҳам ҳафта бошлари ва дам олиш кунлари ҳарорат бироз совуқ, нари борса, +3…+8 даражагача илиши, чоршанба ва пайшанба кунлари эса кундузи ҳарорат бироз юқори кўтарилиб, +10 даражага яқин илиқ бўлиши айтилган. Қуйидаги ҳаво ҳарорати прогноз харитасида ҳафтанинг энг иссиқ муддати чоршанба кундузги соат 14:00 акс эттирилиб, шу пайтда Сурхондарё вилоятининг кўплаб туманларида ҳаво ҳарорати максимуми +15 даражагача кўтарилиб кетиши сариқ рангларда тасвирланган.

Манба: ECMWFМанба: ECMWF

Ҳафта давомида айрим ҳудудларда туман ва яхмалак ҳодисалари кузатилиши, жума куни баъзи вилоятларда кучли шамол бўлиши, воҳа томонларда эса чанг кўтарилиши мумкин.

«Ўзгидромет»нинг бошқа бир ахбороти ҳамда Европа ўрта ва узоқ муддатли об-ҳаво прогноз маркази (ECMWF)нинг прогнозларига кўра, жорий ҳафта бироз совуқ бўлиши билан бирга шимол, Наманган ва Фарғона вилояти ҳудудларидан ташқари намгарчил ўтиши очиқланган. Хусусан, Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларида яхшигина ёғингарчиликлар бўлиши кутилмоқда. Ҳафталик ҳарорат эса республиканинг катта қисмида шу даврга хос ҳафталик ҳароратдан 1−3 даража паст, яъни «совуқ» бўлиши келтирилган.

Шундай қилиб, ҳафта ўрталаридаги ёғинлар сабаб, автомобиль йўлларида қор уюмлари тўпланиши, тоғли давон йўлларида тирбандликлар, автомобиль йўлларида ҳаракат чекланишига олиб келиши эҳтимоли бор. Ушбу ҳарорат муҳити бошқа тармоқ фаолиятида ҳам турли муаммоларни келтириб чиқариши мумкин.

Ҳарорат режими ва тез ўзгарувчан об-ҳаво муҳитининг инсон саломатлигига таъсири

Ҳафта бошлари ва дам олиш кунлари республика аҳолиси юқори босимли антициклон таъсирини таналарида ҳис этади. Гарчи бу каби антициклон муҳити об-ҳаво ўзгаришларига мойил кишилар саломатлигига у даражада катта таъсир кўрсатмаса ҳам, қон босими билан оғрийдиган беморларда безовталик бўлиши мумкин. Бундай об-ҳаво муҳитига таъсирчан кишилар олдинги материаллардаги тавсияларга амал қилганлари маъқул.

Пайшанба куни эса марказида атмосфера босими 1003 гПа гача пасаювчи паст босимли циклоник жараён минтақага кириб келиши мумкин. Бунда булутли об-ҳаво, яъни циклон таъсирига мойил кишилар бироз қийналишлари, агарда уларда қон босими билан боғлиқ касалликлар бўлса, қон босими кўтарилиши мумкин.

Жума куни паст босимли нам ҳаво оқими ва юқори босимли совуқ ва қуруқ ҳаво оқимлари ўрин алмашиш пайти «барик тубсизлик» ҳодисасининг кучсиз кўриниши рўй бериши мумкин. Бунда кишилар саломатлигига таъсирни камайтиришда олдинги материаллардаги тавсияларга амал қилиш фойдадан холи бўлмайди.

Биоиқлимий шароитлар. Ҳафта давомида аҳоли кўпроқ «совуқ» ва «жуда совуқ» биоиқлимий шароитларни ҳис этади. Фақатгина чоршанба кундуз куни воҳаликлар қуёш нуридаги бироз илиқликни ҳис этмаса, республика аҳолиси учун бу ҳафта иссиқлик ҳиссиёти нуқтаи назардан тўлиқ совуқ ўтиши, айрим муддатларда эса «жуда совуқ» бўлиши ойдинлашмоқда. Бундай пайтларда аҳоли қалин кийимлар, қўлқоп ва шарфларга мурожаат этишлари мумкин. Тоғли ҳудудларда қор ёғиш ҳодисалари давом этади ва қорлардан эстетик завқ олувчилар эҳтиёт чораларини кўрган ҳолда тоғларга саёҳатни амалга оширишлари тавсия этилади.

Космик таъсирлар. Ўтган дам олиш кунлари Қуёш фотосферасида кўплаб М синф чақнашлар кузатилди. Бу пайтда Ернинг айрим сейсмик фаол ҳудудларида зилзилалар фаоллашиб қолди. Халқаро геофизика хизмат марказлари ҳафта бошларида сайёрада «сариқ» ва «қизил» хавф даражасидаги геомагнит бўрони қўзғалиши мумкинлигини прогноз қилмоқда.

Манба: Xras.ruМанба: Xras.ru

Қозоғистондаги Ионосфера институти прогнозларида ҳам душанба куни «қизил» хавф даражасидаги магнит бўронлари бўлиши мумкинлиги тахмин қилинган. Ҳафтанинг чоршанба-жума кунлари эса ионосферада «яшил» хавф даражасидаги магнит бўронлари бўлиши қўшимча қилинган.

Манба: Ionos.kzМанба: Ionos.kz

Ҳозир дунёда магнит бўронларини икки кундан ортиқ давр учун ишончли прогноз қила оладиган восита ва усуллар мавжуд эмас. Шу боис магнит бўронларига таъсирчан кишилар ўз режаларини яқин икки кунлик магнит бўрони прогнози маълумотларига таяниб тузиши мақсадга мувофиқдир.

Об-ҳаво ўзгаришлари билан боғлиқ атмосфера ифлосланиши

Ўзбекистонлик синоптиклар жума куни чўл ҳудудларда ҳамда республиканинг айрим вилоятларида сониясига 20 метргача давомли кучли шамоллар эсишига эътибор қаратмоқда. Бундай муҳитда айрим ҳудудларда ҳавода майда чанг заррачалари миқдори ортиши мумкин. Бундан ташқари, ҳафта боши ва дам олиш кунлари антициклон жараёни сабаб, ҳавода инверсия ҳодисаси кузатилиб, бу йирик шаҳарларда ҳаво ифлосланишига олиб келиши мумкин.

Ҳавода ифлосланиш ортса ёки майда заррачалар билан боғлиқ ифлосланиш рўй берганида қандай ҳаракат қилиш бўйича Санитария-эпидемиология қўмитаси аҳолининг турли ёш қатламлари ва беморлар учун тайёрлаган тавсиялари билан танишиб қўйиш зарар қилмайди.

Шундай қилиб, 19 январдан 25 январгача бўлган кунларда кишилар саломатлигига камроқ хавф туғдирувчи иқлимий ва космик муҳит сешанба, чоршанба ва пайшанба кунларига тўғри келмоқда.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *