Тошкент шаҳри Янгиҳаёт туманидаги иккиламчи рангли металларни қайта ишлашга ихтисослашган «Ўзвторсветмет» АЖ заводи фаолияти тўхтатилиб, Жиззах вилоятига кўчирилади, деб хабар бермоқда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси.

Махсус комиссия томонидан ўтказилган рейд тадбирлари давомида «Ўзвторсветмет» заводи фаолиятида атроф-муҳитни ифлослантириш ҳолатлари аниқланган. Мазкур корхона экологик хавфлиликнинг I тоифасига мансуб объект ҳисобланади.

2025 йил октябрь ойида ўтказилган текширув натижаларига кўра, корхонага нисбатан 18 млрд 91 млн сўмдан ортиқ экологик компенсация тўлови белгиланган. Эскирган ва экологик талабларга жавоб бермайдиган эритиш печларини утилизация қилиш бўйича мажбурий кўрсатма берилган.

Махсус комиссия қарори билан завод Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманидаги саноат зонасига кўчирилади. Янги жойда корхона фаолияти замонавий экологик стандартлар асосида, технологик жиҳатдан такомиллашган ускуналар ёрдамида қайта ташкил этилиши керак.

Мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига кўра, ушбу заводнинг кўчирилиши натижасида Тошкент шаҳри атмосферасига чиқарилаётган зарарли моддалар миқдори йилига ўртача 226,7 тоннага камаяди.

Ҳозирда Тошкент шаҳрида экологик талабларга тўлиқ жавоб бермайдиган 87 та корхона мавжуд. Ҳукумат режасига кўра, нафақат Тошкент, балки Нукус ва бошқа вилоят марказларидан асбест ва цемент ишлаб чиқарувчилар, чарм-поябзал ва паррандачилик корхоналари, қора ва рангли металлургия заводлари, энергия истеъмоли юқори бўлган бошқа тармоқлар корхоналари босқичма-босқич кўчирилади.

Экология қўмитасининг таъкидлашича, корхоналарни кўчириш жараёни уларни мажбурий модернизация қилиш ва технологик жараёнларни замонавий экологик стандартларга мувофиқлаштириш билан бирга амалга оширилади.