Сурхондарё вилоятидаги Кушон империяси тарихига тааллуқли обидалар Тайланд ҳамкорлигида реставрация ва консервация қилиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда 15 январь куни бўлиб ўтган президентнинг дипломатик ваколатхоналар вакиллари билан учрашувидан сўнг Ўзбекистоннинг Бангкокдаги бош консули Фахриддин Султонов маълум қилди.
Консулнинг қайд этишича, Тайланд амалий санъат департаменти билан Ўзбекистон Маданий мерос агентлиги ўртасида келишув қилинган. Шунингдек, Сурхондарёда буддавийлик оқимига қизиқиши бўлган пилигрим сайёҳларни жалб қилувчи ишлар амалга ошириш кўзда тутилган.
Фахриддин Султонов
«Учрашувда Тайланд томони билан Сурхондарёдаги Кушон империяси тарихига тааллуқли бўлган обидаларни келажакда реставрация, консервация ва сақлаш ишларини биргаликда амалга ошириш ғояси пайдо бўлди. Буни албатта [Бангкокка] етиб боргандан кейин Тай томони билан бу нарсани келишамиз ва амалга оширамиз, деган умиддаман», — деди Фахриддин Султонов.
Султонов президент Шавкат Мирзиёевнинг Сурхондарё еридаги буддавийлик обидалар, ёдгорликлар, бу нафақат ҳозирги Ўзбекистонни, балки бу дунё, жаҳон инсонлари тарихи, деб айтган гапларидан сўнг Тайланд билан битим имзоланганини қайд этди.
«Белгилаб қўйган режамизда шу Тайланд ва Ўзбекистон ўртасида амалий археологик экспедиция ўтказиш ҳамда йиғилишдан ўзимга олган ғоя шу бўлдики, илмий тадқиқот марказида ташкиллаштириш ва бу орқали Тайланддан бўлган буддавийлик оқимига қизиқиши бўлган пилигрим туристларни Сурхондарё вилоятига тўғридан-тўғри зиёратини ташкиллаштириш», — деди бош консул.
Бундан ташқари, Султонов Тайланддаги мумсулмонларни ҳам мамлакатга жалб қилиш режаларини гапириб берди.
«Тайландда 6 миллионга яқин мусулмонлар истиқомат қилади ва шу мусулмонлар билан яқинроқ ишлашга ҳаракат қиламиз, яъни Ўзбекистондаги ислом дунёсига тааллуқли бўлган обидалар, энг асосийси, Имом ал-Бухорий мақбараси ва ҳозирги кунда энг охирги ҳамда замонавий талабларга жавоб берадиган очилган Ислом цивилизация марказига ташрифларни амалга оширишга режага қўйдик. Уларни йил давомида албатта ҳаммасини амалга оширамиз», — деди Фахриддин Султонов.
