Кўплаб дорихоналарда тиббий спирт ўрнига лосьон таклиф этилмоқда. Бу Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси томонидан олиб борилган «Сирли мижоз» тадбири доирасида тасдиқланди.

Муассаса фуқаролардан баъзи дорихоналар фаолиятидан норозилик билдирилган мурожаатлар келиб тушаётганини маълум қилди. Ўрганишларда 20 дан ортиқ дорихоналар қамраб олинди ва шундан тахминан 25 фоизида спирт сўралганда унинг ўрнига лосьон берилгани аниқланди.

Спирт ўрнига лосьон таклиф этилиши кутилган натижани бермаслиги ва истеъмолчилар соғлиғига зарар етказиши мумкин, дейилади хабарда.

70 фоизли тиббий спирт соғлиқни сақлаш соҳасида, яъни инъекциялар олдидан терини ишлов бериш, асбоб-ускуналарни стерилизация қилиш, яраларни даволаш ва жарроҳлик амалиётларида қўлланилади. Лосьон эса таркибида спирт миқдори паст бўлган косметик маҳсулот ҳисобланади ва асосан терини тозалаш ва ортиқча ёғланишни камайтириш ҳамда косметика қолдиқларини бартараф этишга мўлжалланган.

Қўмита аниқлик киритишича, дори воситаларини ишлаб чиқаришда GDP (Good Distribution Practice — дистрибьюторликнинг тегишли амалиёти) сертификатлари жорий этилиб, сифат назорати кучайтирилган даврда айрим спирт ишлаб чиқарувчилар лицензия олмаган ва спирт ўрнига лосьон ишлаб чиқаришни бошлаган.

«Ушбу ҳолат ўз навбатида истеъмолчиларга нотўғри маълумот берилиши ва натижада зарар етказилишига олиб келади. Рақобат қўмитаси ушбу ҳолатни амалдаги истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчилик талаблари бузилиши аломатлари сифатида эътироф этади», — дея қайд этди қўмита.

Муассаса томонидан бу дорихоналарга нисбатан тегишли иш қўзғатилишига олиб келиши ва бундай ҳолатларнинг олдини олиш чораларини кўриш ҳақида Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги марказига тегишли хат чиқарилди.