Ўзбекистоннинг Жанубий Кореядаги элчиси Алишер Абдусаломов президент билан бўлиб ўтган учрашувдан сўнг ҳамкорлик йўналишлари бўйича маълумот берди. Элчининг сўзларига кўра, биринчи галда Корея технологияларини Ўзбекистон саноатига татбиқ этиш ва инвестицияларни жалб қилиш кўзда тутилмоқда.

Унинг қайд этишича, экспорт йўналишида миллий маҳсулотлар учун янги бозорлар топиш устувор вазифа сифатида белгиланган.

«Масалан, Жанубий Кореяда бизнинг узум ва лимон маҳсулотларимизга фитосанитария рухсатномаларини олиш режага қўйилган. Умуман олганда, 50 турдаги маҳсулотимизга рухсат бор. Дўконларда Ўзбекистон маҳсулотлари расталарини очиш режаларимиз бор», — деди Алишер Абдусаломов.

Шунингдек, Кореядан грант маблағларини жалб қилиш масаласига тўхталиб ўтилди. Таъкидланишича, Ўзбекистон Марказий Осиёда Жанубий Корея грантларини қабул қилувчи энг йирик давлат ҳисобланади. Ушбу маблағлар соғлиқни сақлаш, таълим ва кадрлар тайёрлаш каби ижтимоий соҳаларга йўналтирилиши айтилди.

Туризм соҳасида замонавий технологиялардан фойдаланиш бўйича давлат раҳбари томонидан янги топшириқ берилган.

«Нега Samsung компанияси билан виртуал саёҳат платформасини яратиш мумкин эмас, деган ўринли топшириқ бўлди. Биз бу соҳада албатта ишлаймиз», — дея қайд этди элчи.

Маълумотларга кўра, 2025 йилда Жанубий Кореядан келган сайёҳлар сони 45 минг нафарни ташкил этган. Элчихона келгусида бу кўрсаткични камида 100 минг нафарга етказишни ўз олдига мақсад сифатида қўйган.